Бу мавсум "Пахтакор"нинг уй ўйинларига мухлислар ташрифи сезиларли равишда ошди

2018 йил "Пахтакор"нинг уй ўйинларига ишқибозлар ташрифи сезиларли даражада ўсди.

Ўтган мавсум "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган 14 учрашувга жами 58903 нафар мухлис келганди. Бу бир ўйинга ўртача 4207 нафардан тўғри келганди. Энг кўп томошабин "Пахтакор" - "Олмалиқ" учрашувида кузатилиб, унда 11067 нафар ишқибоз ўйинни стадиондан кўрганди.

Бу мавсумдан учрашувлар тарғиботи ва клуб раҳбариятининг мухлислар билан фаол ишлашга эътибор қаратаётгани натижасида ишқибозлар ташрифи ўсганини кўриш мумкин. Уй беллашувларига ўртача 10893 нафардан мухлис тўғри келди. Бу аввалги йилга нисбатан ташриф 258 (2,58 баравар) фоизга ўсганини кўрсатади. Жами 174 293 нафар мухлис "Пахтакор"нинг уйдаги ўйинларини стадиондан кузатиб борган. Энг кўп ишқибоз 25 май куни бўлиб ўтган "Пахтакор" - "Бунёдкор" баҳсида кузатилган - 23456 нафар.

Суперлигада мухлислар тўплаш борасида "Пахтакор" "Навбаҳор" ва "Бухоро"дан кейин учинчи поғонани эгаллади.

"Пахтакор" футбол клуби бундан кейин ҳам учрашувлар олдидан турли кўнгилочар дастурларни ташкил этиш, ютуқли ўйинлар ўтказиш, ишқибозларга стадионда ўзларини қулай ҳис қилишлари учун барча шароитларни яхшилаш устида ишлашда давом этади.

"Пахтакор" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!