Бугун Артета - Гвардиола қарама-қаршилиги: АПЛ жадвалини унутинг! (превью)

Ўтган мавсумда қўлга киритган титуллари билан кўп нарсаларни исботлашга қодир эканлигига шаъма қилган Микель Артета учун куз омадсиз ўтди. Ҳа, клуб раҳбарияти ундан ҳозирча натижа талаб этмаслиги аниқ. Лекин бу Премьер-лигада аутсайдерлар қаторида юриш учун ваколат бермайди. “Эвертон”дан учралган мағлубият билан “канонирлар” кетма-кет 7-беллашувни ғалабасиз якунлади. Жамоа айни дамда турнир жадвалининг 15-поғонасини банд этиб турибди. Аммо бу бошқа мусобақа ва ўзгача атмосфера. Лекин буни энг аввало “Арсенал” футболчилари тушуниши лозим. 

“Манчестер Сити” эса ўз олдига қўйилган вазифаларни янада аниқроқ белгилаб олиб, ривожланишда давом этмоқда. Кетма-кет ўйинларда Пеп шогирдлари камоли ишонч билан ғалаба қозоняпти. “Қуруқ ўйин”лар сонининг тобора ортиб бораётгани испаниялик мутахассисни қийновчи энг катта муаммонинг бартараф этилганини англатади. Гвардиола жамоалари лига типида ўтувчи мусобақаларда у қадар катта қийинчиликка учрамайди. Аммо бугун Англия Лига кубоги баҳсида “шаҳарликлар”га ўзларидан каттароқ тарих ва мухлислар армиясига эга клуб рақиб бўлади. Плей-офф босқичи ҳар бир жамоага кутилмаган ҳолатларни тақдим этиши мумкин. 

Муҳим ўйин олдидан жамоаларнинг ҳолати қандай ва уларда қандай ўзига хос жиҳатлар мавжуд. 

nWOYiukP

“Арсенал”

Бу мавсум “Арсенал”да ҳеч бир чизиқ ўз даражасида ўйнай олмаяпти. Бир тарафдан Артета ўтган мавсум якунида ҳам лигада айтарли иш бажара олмаганди. Кубокда ғалаба қозона олмаган тақдирда, халқаро майдондан қуруқ қолиши аниқ эди. Испаниялик мутахассис жамоасини плей-офф типидаги мусобақаларга яхши тайёрлай олмоқда. Бугун ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча бўлимлар дуранг билан тугагудек бўлса, жамоалар пенальтилар сериясига мурожаат этишга мажбур бўлади. Нимчорак финалда айнан “футбол лотереяси” “тўпчилар”нинг “Ливерпуль”дан устун келишига сабабчи бўлганди. Бошқа тарафдан, Клоппга Лига Кубогига жиддий қарашни ўргатишдан кўра, шерни қўлга ўргатиш осонроқдек туюлади. У ўзининг таваккалдан иборат тактик ишланмаларини айнан мана шу турнирга сақлаб қўяди, чоғи. Майли, бу бошқа мавзу. 

“Канонирлар” Пьер-Эмерик Обамеянг ўйинига шу қадар боғланиб қолганки, мана у бирор фойда келтира олмаётган пайтда клубнинг ишлари ҳам орқага кетмоқда. Сўнгги турда у бироз ўзига келгандек кўринди. Автогол таъсир қилди, шекилли. Аммо биргина голи “Эвертон”ни таслим этишга етмади. Бугун Томас Партининг майдонга тушиши сўроқ остида. У ҳам мавсум бошида ўзидан кутилган умидларни батамом пучга чиқарди. Томасни кучли қилиб турган жиҳат Симеоненинг услуби эканлиги ойдинлашиб қолди. Унда Канте сингари бир ўзи жамоа ўйинини назорат қилиш қобилиятлари мавжуд эмас экан. Парти зўр футболчи, қачонки унинг шериклари ҳам зўр ўйнаса! 

Артета эса мажбурликдан Муҳаммад Элненининг хизматларига мурожаат этмоқда. Бугун дисквалификация сабаб Гранит Жакани майдонда кўрмаймиз. Муаммоли “Арсенал”да сардорда ҳам барчаси жойида эмас! 

Бугун ушбу клуб сафидан Эдди Нкетияни кузатиш анча қизиқ кечиши мумкин. Жамоадаги бошқа ҳужумчилар жароҳат ва беқарор ўйин билан курашиб юрган бир пайтда ёш футболчи асосий таркибга муносиб эканини исботлаб кетиши мумкин. 

Тахминий таркиб: Лено, Тирни, Габриэль, Холдинг, Сака, Себальос, Уиллок, Мейтленд-Найлз, Обамеянг, Нкетия, Пепе. 

EpxRhGQXcAAtejS

“Манчестер Сити”

“Манчестер Сити” бош мураббийи билан шартнома узайтиришда асосий бандни УЕФА Чемпионлар Лигаси этиб белгилади. Бир тарафдан, энг бошиданоқ “шаҳарликлар” эгалари Пепга ЕЧЛ бош совринини олиб беришни вазифа, деб белгилаган. Ушбу йиллар мобайнида қанчалик яқин келмасин, “Сити” Чемпионлар Лигасини ҳар хил сабаблар билан тарк этаверди. 

Гвардиола Лига кубогини ўз мусобақасига айлантириб юборишга эришган. Амалдаги чемпионлар 1518 кундан буён Лига кубогидан чиқариб юборилмаётган экан. Ўзаро ўйинлар нисбатига кўра, тушунарлики, “тўпчилар” устунликка эга. Умумий 201 та учрашувнинг 98 таси “Арсенал” фойдасига ҳал бўлган, 58 тасида манчестерликлар зафар қучган. 

Пеп Гвардиола жамоасида бир нечта йўқотишлар мавжуд. Аммо бу уларнинг натижасида баҳона бўла олмайди. Зинченко, Льяпорт, Гарсия ва Жезуснинг йўқлиги ўйинга у қадар катта таъсир кўрсатмаса керак. 

Тахминий таркиб: Эдерсон, Менди, Аке, Диаш, Уокер, Фернандиньо, Гюндоган, Де Брюйне, Стерлинг, Маҳрез, Агуэро. 

EpyJh7DXEAU8GgH

Мураббийлар

Микель Артета: “Лигадаги натижалар ушбу турнирда таъсир этмаслигидан биз ҳам умидвормиз. “Лестер” ва “Ливерпуль”гача ҳам 2 та қийин рақибни мағлуб этишга муваффақ бўлгандик. Бугун ўз уйимизда ўйнамоқдамиз, “Уэмбли”га яқинроқ турибмиз. Биз мана шу каби ўйинларда ўсишга эришамиз. 

Мен ўзимиз билан бўлиб ўтган воқеаларни тўғри қабул қилмоқдаман. Муваффақиятсизликлар доим ғалабаларингиз билан ёнма-ён юради. Мен ҳеч қандай босимни ҳис қилмаяпман. Раҳбарият мени тўлиқ қўллаб-қувватламоқда”. 

C3xQefCs

Пеп Гвардиола: “Мавсум бизга қандай натижалар тақдим этишини билмайман. Биз ўйиндан ўйинга ўтиб борамиз, холос. Ҳар бир учрашувда ўз меҳнатимизга яраша натижалар қайд этамиз. Ҳозир бизни Лига кубогида “Арсенал” ва АПЛда “Ньюкасл” кутиб турибди. Биз рақибларимиз ҳақида узоқ ўйлаб ўтира олмаймиз. 

Молиявий қийинчиликлар бутун футболга таъсир кўрсатган, биз бундан мустасно эмасмиз”. 

EpTldI4U0AEJRH4

Хулоса ўрнида

Артета Гвардиолага қарши ҳар қандай учрашувда имкониятга эга. У ўз устози нималарга қодирлигини билади ва унинг услубидаги камчиликлардан хабардор. Ўйинда тўп назоратини қўлга олган жамоа ютиб кетиши осон кечади. “Арсенал” учрашувнинг дастлабки дақиқаларида ўз имкониятларини излашга уруниб кўради. Дастлабки 30 дақиқа ичида руҳий устунликни бой бериб қўйган тақдирда, “канонирлар” қайта ўзларига кела олмай қолиши мумкин. 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бизни бугун Англиянинг энг шиддатли қарама-қаршиликларидан бири кутиб турибди. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)