"Буларнинг наздида умуман ютқазмаслик керак" - Даврон Файзиевга ишончсизлик қаердан пайдо бўлди? Кетар чоғида футболчиларга нимани ваъда берганини биласизми?
“Бухоро”да бош мураббий ўзгарди, Даврон Файзиев истеъфога чиқиб, Анвар Бердиев унинг вазифасини бажаради.
Файзиев “Бухоро”да январь ойида иш бошлаганди, бироқ унинг бу клубдаги фаолияти узоққа чўзилмади. Истеъфога чиқарилганидан кейин Даврон Файзиев sports.uz мухбирига интервью берди.
- “Бухоро”дан истеъфога чиқишингиз кутилмаганда юз бердими? Ҳар холда вазият бундай тус олиши бироз тушунарсиз бўлди. Чунки натижалар ёмон эмасди. Ўзингиз буни қандай қабул қилдингиз?
- Истеъфо нима билан боғлиқ? Раҳбарият билади. Улар натижадан, ўйиндан қониқмадик, дейишди ва шундай қилиб, ишончсизлик билдиришди. Ундай бўлса, ҳамкорликни тўхтатамиз, дедим. Ҳеч кимдан хафа бўлмадим. Мураббий жамоани ўзи истагандек қилиб, камида икки йилда тайёрлаши мумкин. Натижамиз ёмон эмасди. Олдимизга Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилганди. Про-лигада тўртта ўйин ўтказдик ва барчасини сафарда ўйнадик. Кубокда эса “Динамо” билан баҳс олиб бордик. Раҳбариятга балки тўғрисўзлигим ёқмагандир, яна билмадим. Фақат менга нисбатан ишончсизлик билдирилганидан кейин ўша пайтнинг ўзидаёқ, агар шундай бўлса, ишлай олмаслигимни билдириб, дўстона хайрлашдик.
- Аслида сизнинг истеъфога чиқарилишингизга қайд этилган натижалар жиддий сабаб бўла олмаса керак. Ахир тўртта ўйиннинг учтасида ғалаба ва биттасида мағлубият кузатилди. Кубок доирасида эса, “Динамо” билан дуранг ўйнадинглар. Сизнинг “Бухоро”дан кетишингиз жараёни тўсатдан юз бердими ёки ҳаммаси йиғилиб шунга қараб кетаётганмиди?
- Тўғриси, йиғилиб келаётган ҳолат эди. Масалан, “Шўртан”ни ютдик. Аммо нимага 1:0 га ютдинглар, деган гап-сўзлар ҳам бўлди. “Янгиер”га нима сабабдан ютқазди, ва ҳоказо. Ҳаммаси бирдан юз бермайди. Майда-чудалашиб ўтирмадим. Мураббий учун ҳам сифат, ҳам натижани 3-4 ойдаёқ бирдан амалга ошириш қийин. Аслида қийин жойга кетаётганимни билардим, бироқ қўрқмагандим. Раҳбариятнинг ишингиздан қониқмаяпмиз, деган гапларидан кейин яна у ерда қолиб ишлашим нотўғри ҳам бўларди. Жамоа ишониб топширилганда ҳеч бўлмаганда биринчи давра якунларига қараб хулоса чиқариш керак, деб ўйлайман. Ҳар ўйинда ғалаба қозониб бераман, деган мураббий билан ишлашни хоҳлашди. Ҳа, менинг олдимга аниқ мақсад қўйилган: йил якунида жамоа Суперлигага чиқиши керак. Футболда мағлубият, дуранг ва ғалаба доим ёнма-ён. Ҳеч қайси мураббий ҳар ўйинда ғалаба учун кафолат бермаса керак. Мана, “Шўртан” – “Нефтчи” мисолида кўриш мумкин. Лекин ютган ўйинингиздан кейин ҳам танбеҳ эшитсангиз оғир ботади. Мураббийга мураббийдек, футболчига футболчидек муносабатда бўлишлари тарафдориман. Бу борада ҳурмат талаб қилдим.
- Бир неча ой муқаддам ҳам сизни “Бухоро”дан кетганингиз ва ўрнингизга Анвар Бердиев олиб келингани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Ўша пайтда ҳақиқат қандай бўлганди?
- Ўша пайтда ҳам шу нарса бўлганди. Ўқув машғулот йиғинларида “Янгиер” билан дуранг ўйнадик. “Рубин”га ютқаздик. Қишки йиғинда таркиб шакллантирилади, ҳар бир футболчига имконият берилади. Ўша учрашувларда ҳам гап-сўзлар бўлганди. Буларнинг наздида умуман ютқазмаслик керак. Бундай босимда футболчи ҳам футбол ўйнай олмайди, мураббий ҳам ишлай олмайди. Анвар Бердиев билан Сергей Лебедевни таклиф қилишди. Озгина бўлса ҳам бухоролик мухлисларнинг қалбида жой ололган бўлсам хурсандман. Лекин менда ишонч катта эди. Билмайман, бир неча ойда қайси мураббий жамоани ҳар томонлама кучайтира оларкин? Ҳамма нарсага вақт керак. Барчасига хўп, хўп деб чидаб юриш менга тўғри келмайди ёки менга яна имконият беринг, жамоада қолай, деб айтиш ҳам ўзимга хос эмас. Ишонч билдиришмадими, тамом ҳеч қандай хафагарчилик йўқ. Агар ишонч бўлса, охиригача бўлиши керак.
- Ўша пайтда Анвар Бердиев ўрнингизга олиб келинганди-а?
- Балки шуни исташгандир, у ёғи менга қоронғу. Қандай режа қилишганини билмайман. Уларни олиб келишгач, бирор нимадан хавотирланганим йўқ. Майли, раҳбарият бирга ишлашимизни истаган бўлса, қаршилик кўрсатмайман, деб айтганман.
- Истеъфоингизни футболчилар қандай қабул қилди?
- Йигитларга тушунтирдим, вазиятни. “Бухоро” Суперлигага албатта чиқади. Бу ишни уддалашганида футболчиларга байрам дастурхонида бирга қатнашишга ваъда бердим. Фақат жамоани қўллаб-қувватлаш керак. Ютқазганда ёки дуранг ўйнаганда ҳам ёлғизлатиб қўймаслик лозим. Қўллаб-қувватлаш ишончга киради. Эътибор берсангиз, охирги пайтларда ҳамма нарсага битта мураббий балогардон бўлиб қоляпти. “Бухоро”га мухлислик қиламан ва жамоани қўллаб-қувватлайман. Қилган меҳнатимни биламан. Умуман айтганда, клубдаги барча ким қандай меҳнат қилаётганини билади. Анвар Бердиевга омад тилайман. Тайёр жамоа, курашиш ва ютиш керак.
- Клубга келган чоғингизда раҳбарлар билан келишув қандай бўлган?
- Жамоани Суперлигага қайтариш вазифаси қўйилган. Йил якунида “Бухоро”ни элитага олиб чиқаман, деб айтганман. Лекин ҳамма ўйинда 100 фоиз ютаман, деб айтмаганман. Ўйин-ўйинга тўғри келмаслиги мумкин. Ҳамма жамоа ҳам кучайиб боряпти. “Бухоро” палончи-пистончи футболчиларни олиб келди, энди Суперлигага чиқди, дегани эмас. Майдонда ўйнаб исботлаш, ғалаба қозониш ва натижа кўрсатиш керак. Бунинг тагида футболчиларнинг оғир меҳнати бор. Футболчилар мураббийни мураббий қилади. Мураббий фақат йўл кўрсатиб, ўйинчиларни танлайди. Қолганини уларни ўзлари бажаришади. Уларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Футболчиларнинг меҳнати билан март ойининг энг яхши мураббийи бўлдим, буни ўзларига ҳам айтдим. Ҳозирги муборак Рамазон ойида ҳеч кимдан, ҳеч қандай хафагарчилигим йўқ.
- Воқеалар ривожини таҳлил қилсак, ҳеч йўғи битта ўйинда қоқилишингизни кутишгандек...
- Балки. Яна билмадим, ҳаммаси Аллоҳга аён. “Шўртан” билан учрашувдан кейин айтган гапларим ҳам балки кимларгадир ёқмагандир. Боя айтганимдек, муборак Рамазон ойининг ҳаққи-ҳурмати ҳеч кимдан хафа эмасман. Агар кимнидир хафа қилиб қўйган бўлсам, узр сўрадим. Ким пул тўласа, ўша мусиқага буюртма беради. Лекин мен “Бухоро” устидан ёзув-чизув қилмайман. Жамоага омад тилайман ва Суперлигага чиқса хурсанд бўламан.
- Энди режаларингиз қандай?
- Бундай вазиятда мураббийга оғир. Нима қилишга ўйланиб ҳам қоласан экан, киши. Камида 1 ҳафта, 10 кун дам олиб, қилган ишларимни таҳлил қиламан. Мураббийнинг касби шундай. Жамоа ютади, мураббий ютқазади. Барибир футболчиларни тарбиялашда давом этаман. Қўл тушириш ниятим йўқ. Лекин Бухорода катта ниятлар билан ишни бошлагандим. Аммо пешонага шундай ёзилган бўлса, шу ҳолатича қабул қиламан. Мени футбол оламидаги инсонлар қандай мураббий ва қанақа характерга эгалигимни яхши билишади. Сиз журналистлар ҳам биласизлар. Мураббийларга баҳо берасизлар, ишини таҳлил қиласизлар. Ҳа, характерим бироз оғир. Агар ишласам сидқидилдан меҳнат қиламан. Юзаки ишламайман. Жамоа бир йилда тузилмайди. Масалан, АГМКни олайлик. Ҳозирги даражага етиб келишига қанча вақт кетди? АГМК раҳбарлари мураббийга ишонч билдиришди. Муваффақиятсиз ўйинлардан кейин бош мураббийни ишдан бўшатишгани йўқ. “Пахтакор”да Арвеладзе ҳам бошида қийналган. Мураббий билан келишдими, унга тузилган шартнома муддати бўйича имконият ва шароит қилиб бериши керак. Агар “Бухоро”нинг юксалиши учун менинг кетишим бўйича қарор қабул қилишган бўлса, унда хурсандман.
Фикрлар