Ads
Хитойнинг Шеньян шаҳри мезбонлик қилаётган футбол бўйича халқаро турнирда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан икки юздан зиёд жамоа вакиллари иштирок этмоқда.

"Gothia Cup 2017" турнирида 2002 йилда туғилган ўсмирлар иштирокидаги мусобақада жами 16 жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун курашмоқда. Ушбу турнирда иштирок этаётган "Бунёдкор" футболчилари гуруҳ беллашувларини биринчи ўринда якунлади.

"Бунёдкор" тарбияланувчилари Покистоннинг "Mehran" жамоасини 10:0, Япониянинг "PUEBLA FC" клуби вакилларини 14:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мезбонларнинг "URUMQI 117" жамоаси билан учрашувда ҳисоб очилмади.

Гуруҳ беллашувларда "Бунёдкор" шарафини ҳимоя қилаётган Жасур Жалолиддинов, Отабек Жўрақўзиев, Сарвар Шарипов, Икром Эркинов, Диёрбек Райимқулов, Фаррух Мухторов сингари футболчиларнинг ўйини мухлису мутахассисларга манзур бўлмоқда.

"Бунёдкор"нинг ёш футболчилари мусобақа иштирокини чорак финалдан давом эттиради.

 

 

SPORTS.uz