Бухоролик “Диего Симеоне”!
Ads

Улуғбек Бақоев устозлик қилаётган “Бухоро” клуби ўз олдига жиддий мақсадларни қўйганини унинг ўйини ва қайд этаётган натижалардан билиб олиш мумкин. Улар ёзги танаффусга 4-ўринда чиқиб кетганининг ўзи ҳам “Бухоро”да рақобатбардош клуб шаклланганини билдириб турибди. Бир сўз билан айтганда, Бақоев жанговор жамоани туза олди. Унинг ўйинини кўрган мухлис асло зерикиб қолмаслиги аниқ. Чунки улар биринчи навбатда ҳужумкорликни ёқтиришади. Ҳозирча ушбу клуб ҳақидаги дастлабки хулосалар яхши.

Олдинда эса ҳали муҳим учрашувлар борлигини инобатга оладиган бўлсак, асосий курашлар энди келади. Шу боис “Бухоро” ҳам ёзги йиғиндан унумли фойдаланиш пайида. Мавсум бошида таркибида жиддий ўзгаришларни амалга оширган жамоа бу сафар селекцияга қанчалик эътибор қаратяпти? Бош мураббийнинг дастлабки давралардан кўнгли тўлдими? Шунингдек, маҳаллий мухлислар Улуғбек Бақоевни нима учун Диего Симеонега қиёслашади. Шу ва яна бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида SPORTS.uz мухбири Улуғбек Истамович билан алоқага чиқди.

- Биринчи навбатда тайёргарлик ишлари қандай кетаётгани ҳақида сўрамоқчиман. Шогирдларингизнинг машғулотларда олиб бораётган хатти-ҳаракатларидан кўнглингиз тўляптими? Режалар қандай?

- Биринчи босқич ниҳоясига етганидан кейин бироз дам олдик ва шундан кейин тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. Йигитларга бундан олдин тин олишлари учун бир ҳафта мухлат бергандик. Сўнгра тоғли ҳудудда йиғилдик ва мавсумнинг иккинчи қисми учун тайёргарликни бошладик. Режага мувофиқ тоғли ҳудудда 8 кун шуғулланишимиз керак эди. Шундан кейин ортга қайтдик, мана, кечагинда футболчилар навбатдаги тестни топширишди. Тест ниҳоясига етгач, йигитларни икки кунга қўйиб юбордик. Улар қайтиб келишди, энди бутун диққат эътиборимизни “Пахтакор”га қарши учрашувга тайёргарлик кўриш учун қаратганмиз.

- Таркибда сезиларни ўзгаришларни кўришимиз мумкинми?

- Жамоа таркибида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади. Таркибни икки нафар ўйинчи шартномани бекор қилган ҳолда тарк этди. Уларни қўйиб юборишимизга тўғри келди. Биринчиси Сергей Русецкий. У оилавий шароити туфайли Бухородан кетишга қарор қилди. Марко Клисура ҳам кетишни маъқул топди. Бунинг сабабини ҳам тушунтириб бераман. Уни кутилмаганда олинган жароҳатлар таъқиб этавериб зериктириб юборди. Шунинг учун ҳам ўртадаги келишувни ўзаро якунлаш ҳар икки томон учун тўғри бўлишини тушуниб етдик. Албатта, уларнинг ўрнини тўлдириш учун янги футболчиларни олиб келдик. Биз молдавиялик ҳужумчи Вадим Чемиртан ҳамда Элбек Равшанов билан шартнома имзоладик. Умуман айтганда, жамоадан бошқа ўйинчиларнинг кетишига йўл қўймоқчи эмасмиз. Таркибимиздаги асосий ўзгаришлар эса шундан иборат.

- Демак, таркибда бошқа ўзгариш кузитилмас экан-да?

- Ҳозир бу саволингизга ҳа ёки йўқ дея жавоб қайтариш мушкул. Балки яна ўзгаришлар бўлар, буни билмайман.

- Туркманистонлик Арслонмурод Амонов клубда қоладими? Эшитишимча, унда фаолиятини бошқа жамоада давом эттириш борасида турли вариантлар бор экан.

- Йўқ, бундай гап-сўзларга ишониш қийин. Амонов клубда қолади. У билан хайрлашиш ҳақида ўйламаяпмиз.

- Яқинда ёрдамчингиз Бахтиёр Ашурматов ОКМК клубига бош мураббий бўлди. Унинг ўрнида Марат Ахмеров сизга ёрдамчи сифатида келган. Умуман айтганда, Бақоев-Ашурматов жуда яхши тандем бўлганди. Ашурматовнинг жамоадан кетгани сиз учун катта йўқотишга айланган бўлса керак? Бу борадаги фикрингиз қандай?

- Мазкур масала юзасидан Бахтиёр Ашурматов билан бафуржа гаплашиб олганмиз. Мен учун энг асосийси, унда яхши таклиф юзага келди. Ашурматовнинг тайинланувидан фақат хурсанд бўлдим. Уни ўз олдига жиддий вазифаларни қўйган жамоага таклиф қилишди. Яна қайтараман: Ашурматов учун хурсандман. Биз бир-биримиз билан жуда илиқ, келгуси ишимизда омад тилаганча хайрлашдик. Албатта, шундай мутахассиснинг жамоадан кетиши “Бухоро” учун йўқотишдир. Аммо кишининг хоҳиш-ихтиёрини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Ашурматовни мажбуран клубда олиб қола олмасдик. Бутун жамоа унга “Бухоро”да амалга оширган иши учун миннатдорчилик билдирган ҳолда самимий хайрлашди. Марат Ахмеровга тўхталадиган бўлсам, биз бир-биримизни анча вақтдан бери яхши биламиз. У ўз ишини яхши биладиган мутахассис саналади. Бундай мутахассислар сони унчалик кўп эмас. Мен бу гап билан Ахмеровнинг малака ва билимини назарда тутяпман. Ҳозирча биргаликда ишимизни бошлаб олдик. Дастлабки таассуротлар чакки эмас.

- Мавсумнинг дастлабки икки босқичи ниҳоясига етиб бўлди. Кўпчиликнинг фикрича “Бухоро” бўлиб ўтган учрашувларда ўзидан илиқ таассурот қолдирган. Бош мураббий сифатида чемпионатнинг дастлабки қисмларида “Бухоро” қайд этган натижаларни қандай баҳолаган бўлардингиз? Бу борадаги фикрингиз ижобийми ёки бунинг аксими?

- Нима десаам экан, чемпионат давомида ўйинимизда юқорига кўтарилишлар ва бунинг акси ўлароқ пастга шўнғишлар ҳам кузатилди. Умуман олганда, йигитларнинг ҳаммасига миннатдорчилик билдириш керак. Ахир майдонда асосий ролни улар ижро этишади. Биз мураббийлар эса ўйинчиларга тегишли кўрсатмаларни берамиз холос. Менинг дастлабки икки босқич борасидаги фикрим шундай: “Бухоро” ўз олдига қўйилган вазифани бажариш йўлида оғишмай ҳаракат қилмоқда. Насиб қилса, бундан кейин ҳам шу руҳда давом этиб, раҳбарият ва мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлишига ҳаракат қиламиз. Ўз навбатида йигитларнинг иштиёқи ва шашти баланд эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Менинг бу борадаги хулосам шундайки, дастлабки икки босқичдаги ўйинлари учун жамоамизга яхши баҳо қўйиш мумкин. Шогирдларимга ҳеч қандай эътиозларим йўқ.

- “Бухоро” олдига қўйилган вазифа кучли учликдан жой олиш, шундайми?

- Йўқ, сал янглишдингиз. Жамоа олдига қўйилган вазифа мавсумни юқори олтиликда тамомлашдан иборат.

- Аммо, назаримда, дастлабки икки босқичдаёқ бу борада вазифа деярли бажарилди. Шундай экан, “Бухоро”нинг совринли ўринлардан бирини эгаллаши учун имконият йўқ эмас, тўғрими?

- Келинг, аввало дастлабки вазифани тўлиқ адо этиш ҳақида ўйлайлик. Шундан кейин янада юқорироқ марраларни кўзлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

- Бухоролик ишқибозлар сизни “Атлетико” устози Диего Симеонега ўхшашиб кетишингизни эътироф қилишади. Бунга ўзингиз қандай қараган бўлардингиз?

- Ҳар бир ишқибоз, ҳар бир фанатнинг ўзига яраша қараши бўлади. Уларнинг фикрига ҳеч қандай муносабат билдира олмайман. Чунки ҳар кимнинг ўз фикри, қараши бўлади. Улар севган жамоаси иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш учун стадионга келадилар. Эришган ғалабалардан хурсанд бўлсалар, қониқарсиз натижалардан изтироб чекишади. Уларга бирор нарсани ўргатиш, кимнидир фалончига қиёслашни сингдириб бўлмайди. Улар ўз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда хулоса чиқаришга одатланишган. Мени Диего Симеонега ўхшатишётган экан, демак мухлисларимизга шу ёқади. Бундай муносабат учун улардан хафа эмасман. Аксинча, “Бухоро”ни ёлғизлатиб қўймаётганлари учун мухлисларимиздан чексиз миннатдорман. Ўз навбатида мени шундай таниқли мутахссисга ўхшатишаётганини ҳис қилиш ёқимли, албатта.

- Бундай ўхшатишлар сизни хаволантириб юбориши мумкинми?

- Ҳар бир нарсанинг ўзига яраша афзаллик ва салбий томонлари бўлади. Асосийси, биз ўз ишимизда давом этяпмиз. Киши ҳаммасини тўғри қабул қилишга ўрганмоғи даркор. Ишқибозлар мени мақташяпти деган хаёлда кўкда парвоз қилишга ўрганмаганман. Мураббий ўзини ҳар қанча билимдон ҳисобламасин, ўрганиши учун доим сабаблар етарлидан ортиқча бўлади. Ҳаммасига олий ҳакам – вақт энг муносиб жавобни беради.

- Суҳбатимиз якунида мухлисларга нима деган бўлардингиз?

- Ишқибозларимизга сиҳат-саломатлик, оилавий фаровонлик тилаб қоламан. Улар ўзлари ёқтирган жамоанинг муваффақиятларидан баҳраманд бўлиб юраверишсин. Клубимиз номидан “Бухоро” ишқибозларига ҳам энг самимий тилакларни билдириб қолмоқчиман. Биз уларни хурсанд қилиш учун бор кучимизни сарфлашга тайёрмиз.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.