Чемпионлар лигасида майдондан энг тез четлатилган футболчилар "ТОП-5"

Эктор Эррера (6:47)

22.10.2013. "Порту" – "Зенит" – 0:1. Гуруҳ босқичи

Бу иккита эпизоддан ташкил топган ҳайратланарли четлатиш эди. Биринчи вазиятда Эктор Эррера Халкка нисбатан жуда қўпол ўйнади ва ҳакам уни ҳақли равишда огоҳлантирди. Иккинчи вазиятда италиялик ҳакам Паоло Таглиавенто эмоцияларга берилди ва шов-шувли ҳаракатларни амалга оширди. "Порту" девори қулаб тушди. Эррера бир дақиқа ичида иккинчи марта сариқ карточка билан огоҳлантирилди ва бу ўз-ўзидан қизил карточкага айланди. Шундан сўнг, португалияликлар бутун ўйин давомида ҳимояни ушлаб туришди, аммо якунда "Зенит" ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлди. Гол муаллифи Александр Кержаков бўлди. Айтганча, ўша учрашувдаги ғалаба якунда петербургликларни гуруҳдан чиқишини таъминлаган эди.

Фредерик Дею (6:00)

09.12.1998. “Ланс” – “Динамо” Киев – 1:3. Гуруҳ босқичи

Украина грандини гуруҳ босқичининг сўнгги турида фақатгина ғалаба қаноатлантирар эди. Киевликларнинг нияти жиддийлиги илк дақиқаларданоқ ўз тасдиғини топди. Каха Каладзе биргина узатма билан ҳужумчи Андрей Шевченкони дарвозабон билан бирга-бир вазиятга олиб чиқди. Француз клуби сардори Фредерик Дею эса, Шевченконинг оёғига “подкат” ташлашдан бошқа чора топа олмади. Натижада, бош ҳакам Любош Михель томонидан тўғридан-тўғри қизил карточка билан “сийланди”. Юзага келган устунликка қарамай, "Динамо" французларни фақат иккинчи бўлимдагина ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Илк голга Каладзе муаллифлик қилди. Кейинчалик Владислав Вашчук ҳисобни икки баравар оширди. Орадан кўп ўтмай, Владимир Шмитцер ҳисобни биттага қисқартиришга эришди. Аммо сўнгги гол барибир "Динамо"га тегишли бўлди. Андрей Шевченко ўз голи билан учрашувга сўнгги нуқтани қўйди. Шу тариқа, "Динамо" "Реал"га қарши бўлган чорак финалга йўл олди.

Крейг Беллами (5:59)

27.11.2002. "Ньюкасл" – "Интер" – 1:4. Гуруҳ босқичи

Ўша пайтларда мураббийларга захира ўриндиғида тамаки чекишга рухсат берилган эди. “Нерадзуррилар” устози Эктор Купер шу куни жуда кўп тамаки истеъмол қилди ва бу ҳолат трансляция пайтида бир неча бор намойиш этилди. Аргентиналик мутахассиснинг бу қадар ҳаяжонлашиши бежиз эмасди ва бунинг учун унда етарли сабаблар бор эди. “Интер” ўша ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ гол ўтказиб юборди. 2000 йилларнинг бошида Марко Матерацци ҳали провакатор сифатида у қадар “танилмаган” эди, аммо ўша оқшом у тарихий четлатишга сабабчи бўлди. “Ньюкасл” футболчиси Крейг Беллами айнан Матерацци билан бўлган курашда унга нисбатан жиддий қўполлик ишлатди. Шундан сўнг, бош ҳакам Стефан Бре уэльслик футболчига қизил карточка кўрсатди ва уни тўппа-тўғри кийиниш хонасига равона қилди. Бу пайтга келиб, ҳали ўйиннинг 6-дақиқаси ҳам якунланмаган эди. Беллами шу куни майдонни кўзларида ёш билан тарк этди. Крейг ҳалигача ушбу вазиятни фаолиятидаги энг ёмон ҳолат, деб эслайди.

Валерьен Исмаэль (5:52)

14.09.2004. "Интер" – "Вердер" – 2:0. Гуруҳ босқичи

Учрашув бошида меҳмонлар "Интер"нинг тезкор ҳужумини ўтказиб юборишди ва "Вердер" ҳимоячиси Валерьен Исмаэль “нерадзуррилар” ҳужумчиси Адрианони жарима майдончасида йиқитишга мажбур бўлди. Натижада, бош ҳакам Любош Михель “Вердер” футболчиси Исмаэлга қизил карточка кўрсатди ва дарвоза томон пенальти белгилади. Бироқ немис клуби посбони Андреас Райнке тажрибали Кристиан Виерининг зарбасини қайтаришга эришди ва жамоаси жонига оро кирди. Аммо, бременликлар ўйинни бир киши кам бўлиб якунлашга мажбур эди. Бутун ўйин давомида озчиликда ҳаракат қилган Томас Шааф жамоаси якунда барибир рақиб ҳужумларига бардош бера олмади. Адрианонинг икки голи “Интер”га ғалаба келтирди.

Александр Кучер (3:59)

11.03.2015. "Бавария" – "Шахтёр" – 7:0. 1/8 финал босқичи

Донецкда кечган дастлабки ўйинда қайд этилган 0:0 ҳисобидан сўнг, “Шахтёр” Мюнхендаги беллашувга катта умидлар билан йўл олган эди. Аммо ушбу умид ўйиннинг 3-дақиқасидаёқ йўққа чиқди. “Кончилар” ҳимоячиси Александр Кучер мезбон жамоа футболчиси Марио Гётцега нисбатан жарима майдони ичкарисида қўполлик ишлатди, шотландиялик рефери Уильям Коллум ушбу вазиятда “Шахтёр”ни икки баробар қийин аҳволга солиб қўядиган қарор қабул қилди. Ҳакам пенальти билан чекланиб қолмади ва Кучерни майдондан четлатди. 11 метрлик зарбани Томас Мюллер аниқ амалга оширди ва шундан сўнг майдонда фақат бир жамоа ҳаракат қилди. Ўша оқшом “Шахтёр” дарвозабони Андрей Пятов ўз дарвозасидан нақд 7 та гол ўтказиб юборди.

"Албатта, дунёнинг энг яхши жамоаларидан бирига қарши 90 дақиқа камчилик бўлиб ўйнаш қийин. Бу натижага мен айбдорман, деб ўйлайман", - дея Александр Кучер ўйиндан сўнг ўзининг тарихий четлатилиши ҳақида жасорат билан гапирган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!