Чемпионларни тайёрлаш (1-қисм)
Ads

"Лионель Месси феномени"нинг сири маълум, ёхуд жаҳон чемпионларини тайёрлаш методикаси.

Муаллиф ҳақида: "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг акаси Маҳмаюсуф Бердиев. 1969 йилда Китоб тумани Кўмиртепа қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетини тугатган. Дастлаб Майданак обсерваториясида кичик илмий ходим лавозимида ишлаган.

“Китоб” футбол жамоаси ўйинчиси, болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мураббийси, директори сингари вазифаларда қарийб йигирма йил фаолият олиб борган. ФИФА “С” тоифасидаги лицензияси соҳиби. Маҳмаюсуф Бердиев 2017 йили “Орзу” номли китобини чоп эттирган. Китобда муаллиф инсон (футболчи) руҳиятининг қандай кенг имкониятлари борлигини илмий асосларда очиб берган.

Мен - физикман. Яқин - яқингача физикани танлаганимдан афсус қилар эдим. Яқиндагина нима учун физикани танлаганимни билиб қолдим. Мен у ерда бор - йўғи қонун ва қонуниятларни урганган эканман.

Мактаб давримда Альберт Эйнштейннинг нисбийлик назариясига қизиқиб қолганман. Университетни тугатганимдан кейин ҳам унинг назариясига тушунмаганман. Бугунги кунга келиб унинг назарияси нимадан иборат эканлигини тушуниб етдим. Уҳ-ҳу, бу муғомбир чол нималарни фикрлаган экан?

Ўйламанг, гап физика соҳасида борар экан деб, футболнинг физика ва математикага ҳеч қандай, мутлақо алоқаси йўқ. Гап фақат, ўзбек футболи ва футболчилари ҳақида боради.

Ўзбек футболи ва футболчиларини қандай қилиб, мумкин қадар энг қисқа вақт ичида дунё даражасига чиқариш ва уларни муваффақиятини таъминлаш мумкин? Бу модел қайси мезонларга асосланади?

Бу модел - инсон онгининг ишлаш принципига асосланади. Аммо бутун инсоният инсон онгининг ишлаш принциплари ҳақида ҳали етарлича маълумотга эга эмас. Албатта, Худо томонидан яратилган олий даражадаги мукаммал "механизм" (инсон) билан инсонлар томонидан яратилган механизмларни солиштириб бўлмайди. Айтайлик, инсонлар томонидан яратилган механизм автомобилни ҳаракатга келиш принципи маълум қонуниятларга буйсунади. Худди шунингдек, инсон онгининг ишлаш принципи ҳам маълум қонуниятларга бўйсунгани каби.

Айнан, инсон онгининг ишлаш принципларидан онгли тарзда тўғри фойдаланиш, футболимиз ва футболчиларимизга дунё даражасидаги улкан муваффақиятларни қўлга киритишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Парвардигор инсонга унга асқотиши мумкин бўлган барча фанларни берди.

Маъданлар ҳақида, ўсимликлар ҳақида, ҳайвонлар ҳақида, инсон ҳақида, тана, ақл - идрок ҳақидаги фанлар бисёр...

Ҳамма нарса ҳақида фанлар мавжуд. Айтайлик, жисмларни ўзаро таъсир қонуниятларини урганадиган фан - физика деб аталади. Кимё фани - моддаларни ички тузилишини урганади.

Ақл - идрок ҳақидаги фан - чи? Мантиқ, фалсафа.

Сўзлаш санъати - чи? Воизлик, нотиқлик.

Нималарнидир ҳисоблаш фани - математика.

Дуч келган нарсани эмас, пулни ҳисоблаш фани - иқтисод.

Ер ҳақидаги фан - геометрия. Ер ости, фойдали қазилмалар ҳақидаги фан геология, геофизика, геодезия.

Ҳайвонлар ҳақидаги фан - зоология.

Ўсимликлар ҳақидаги? Ботаника.

Тирик нарсалар ҳақидаги фан - биология.

Тирик одам ҳақидаги фан - анатомия. Улик одам ҳақидагиси - паталогоанатомия. Касалликлар аспекти ҳақида бўлса - патафизиология.

Юлдузлар ҳақида - чи? Астрономия.

Қаерга қараманг, ҳамма ёқда фан, фан, фан. Ҳамма нарса ҳақида фан бор! Барча - барча фанлар мавжуд, турли туман фанлар уюми. Ҳаммадан ҳам қизиғи, ҳамма нарсани тушунтириб берадиган битта ягона фан йўқ. Ҳайрон коласан! Бундай фан мавжуд эмас. Инсониятнинг бутун мавжудлик давридан буён ҳали бу фан яратилган эмас.

Қайси фан экан бу?

Битта фан мавжуд, ўзининг мавжуд эмаслиги билан машҳур! Бизни ураб турган теварак - оламда бу фан йўқ! Чунки Яратган Эгам қачонлардир, жуда қадим замонларда бу фанни, бу ҳақиқатни шундай жойга бекитганки, инсон ҳеч қачон у ерни излаб тополмайди. Яратган бу билимларни энг кўринадиган жойга бекитди. Уни ҳеч ким изламайдиган ерга - яъни инсоннинг ўзига яшириб қўя қолди. Айнан мана шу ерда инсоннинг илоҳий табиати намоён бўла бошлайди. Айнан мана шу ерда инсоннинг қобилияти ва маҳорати шакллана бошлайди. Худо - чевардир! Худо - заргардир! Худо инсонни шундай яратган.

Худо инсонни ўзига ўхшатиб яратди. Қайси маънодаки, яъни у инсонга "яратиш" қобилиятини берди. Ҳар бир инсон – “ЯРАТУВЧИ”ДИР! Демак, ҳар бир инсон ўз ҳаётининг "буюк ижодкор"идир.

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти айнан мана шу нарсага таяниб турибди. Ҳар бир инсоннинг барча муваффақият ва мағлубиятлари айнан шунга таянган.

Бу фан Руҳият ҳақидаги фандир.