Чемпионларни тайёрлаш (2-қисм)
Ads

Куни кеча "Насаф" устози Рўзиқул Бердиевни акаси Маҳмаюсуф Бердиевнинг Чемпионларни тайёрлаш сирлари ҳақидаги блогнинг 1-қисмини эътиборингизга ҳавола этган эдик. Бугун ушбу мавзунинг 2-қисмини ўқиб чиқишингиз мумкин. 

РУҲИЯТ!

Руҳият ҳақидаги фан қолган ҳаммасини йўққа чиқаради! Унинг олдида бошқа фанлар иш бермайди!

Унинг олдида бошқа ҳеч қандай қонунлар ишламайди. Унинг ўз қонун - қоидалари бор ва барча саволларга жавоб беради. Инсон руҳияти ўз соҳибига улкан имкониятларни бахш этади. Бироқ афсуски, Руҳиятни нималарга қодирлигини камдан кам одамларгина била оладилар. 

Бугунги кундаги замонавий психология фани, айтайлик, Волфганг Амадей Моцарт, Ван Бетховен, Мекеланжело, Алишер Навоий, Умар Хайём ёки футбол соҳасидаги дахолар Пеле, Марадона, Лионель Месси ва ўзимизнинг Миржалол Қосимов истеъдодини илмий жиҳатдан асослаб бера олмайди. Улар томонидан яратилган бебаҳо ижод намуналари, шунчаки уларнинг руҳий қувватининг эквиваленти - натижасидир. Мен учун эса улар томонидан яратилган нарсалар муҳим эмас, балки яратиш жараёни муҳимдир.

Шундай экан, бу фан хали "очилмаган қўриқ" ёки "теша тегмаган тош"дир. Бу фан буюк кашфиётлар бўсағасида турибди. Айнан мана шу кашфиётлар ўзбек футболининг буюк муваффақиятини таъминлаб беради.

Бу инсонларнинг иқтидори тасодиф эмас, балки руҳий қонуниятларга биноан содир бўлади. Пеле, Марадона, Лионель Месси сингари футболчиларнинг иқтидорини илмий нуқтаи назардан очиб бериш учун назарий асослар етарли, фақатгина футболчиларимиз амалда қўллаш учун методикасини яратиш қолди, холос.

Методика - бу қўлланма. Футболчилар шундай олишади-да, амалда қўллайдилар ва муваффақиятга эришадилар. Лекин, бунинг учун..., анча тер тўкишга тўғри келади. (атайлаб қўрқитаяпман).

Ҳар бир дунёга келган инсон буюк иқтидор соҳибидир! Бу - менинг нуқтаи назарим учун шундай.

Бошқалар учун, балки бошқачадир...  Худо ҳаммага бир хил имконият бериб қўйибди. Кимдир истеъдодли, кимдир иқтидорсиз эмас. Шунчаки унинг атрофида яратилган "муҳит" ва футбол (касби)га бўлган муносабати унинг қобилиятларини шакллантириши мумкин ёки аксинча...

Демак, инсон - учта муҳим омил (фактор) Руҳ, Қалб ва танадан иборат.

1. Руҳ - Онг ва Ботиний онгдан иборат.

654654654

 

А. Онг - "Шаклланган ҳақиқат", ИШОНЧ, МАНТИҚ, РЕАЛЛИК - БИЛИМ.

В. Ботиний Онг - миттигина илоҳий қисмингиз, маълумотлар базаси, бошқа ўлчам ва бошқа катталиклар, интеллект  - ИЛМ.

Онг ва ботиний онгнинг вазифаси - маълумотларни қабул қилади, саралайди, таққослайди ва ишонч билан шакллантиради. Яъни инсон онгининг ақл - идрок қисми ишга тушади.

а)  Ақл - идрокнинг ички кучи - бу Сизнинг интеллектингиз, Сизнинг билимларингиз. Интеллект, бу - чуқурроқ фарқлай олиш қобилияти. Бу куч кўп жиҳатдан Сизнинг хотирангиз қандай эканлигига боғлик.

Сизнинг тажрибангиз, мушоҳада юритиш тезлигингиз қандай? қай ҳажмдаги маълумотларни ишга сола оласиз, таълим олиш қобилиятига эгамисиз, мана шулар унинг негизини ташкил этади.

б) Ақл - идрокнинг ташқи кучи - бу информацион куч, яъни маълумотлар, ахборотлар баъзаси.

Бошқача айтганда четдан кириб келадиган билимлар. Қадриятлар, қоидалар, қонунлар, шартлиликлар ва ҳоказо. Ақл - идрокка ҳамиша озуқа керак. Янги билим ва тажриба кўринишидаги озуқа. Ақл - идрок ниманинг ҳисобига кучлироқ бўлиб боради? Маълумотларга эга бўлиш ва мушоҳада юритиш туфайли.

ҚАЛБ

ҚАЛБ бу - туйғулар макони. Ижобий ва салбий.

Эзгулик ва ёвузлик.

Ҳавас ва ҳасад.

Садоқат ва хиёнат.

Сахийлик ва хасислик.

Ишонч ва қўрқув.

Муҳаббат ва нафрат.

Албатта, туйғулар кўп. Ўзингизни таҳлил қилган ҳолда ўзингиз давом эттиришингиз мумкин. Аммо бизнинг футболчиларимиз учун зарур бўладиган энг асосий туйғулар, бу - ишонч ва муҳаббат туйғуларидир.

Қалбнинг ички кучи - ҳис - туйғулардан иборатдир.

Токи, биз қалбга эга эканмиз, у энг яхши сезгиларни ҳис қилиши керак! Нима билан машғул бўлсак, нима билан шуғуллансак, ўша ўзимиз машғул бўлган нарсага нисбатан муҳаббат керакми ёки йўқми? Жуда керак! Бу энг асосий шартлардан биридир. Шунинг учун ҳам нима қилишингиздан қатъий назар, агар Сизда унга нисбатан муҳаббат бўлмаса, бу беҳуда оворагарчиликни четга улоқтиринг. Ўзингизга нима кўпроқ лаззат бағишласа, ўшани қолдиринг! Масалан, футболни.

Муҳаббат - бу Сизнинг қалбингиз ҳудудидаги энг бебаҳо, беназир туйғудир. Бутун инсониятнинг асоси муҳаббатда жамланган.

Қалбнинг ташқи кучи - дунёнинг сиз севадиган қисмларидир. Масалан: футболга бўлган муҳаббат.

Бир ўйлаб кўринг-чи, бизлар қалбан нималарга кўпроқ боғланганмиз? Қалбингиз теварак - атрофдаги нималардан кўпроқ оғрийди, қалбингиз нималардан қувонади? Кузатинг, қалбингиз нимадан куйиб пишади, нималарни орзу қилади, нимага интилади... Сизни қалбингизга нима кучлирок таъсир кўрсатиши мумкин? Унга нима қайғу ва нима қувонч бағишлаши мумкин?

Қалбни қандай қилиб кучли қилиш мумкин? Қани бир ўйлаб кўрингчи! Сизга қанча қалб жўшқинлиги керак? Уни қаердан олиш керак?

Модомики, Сиз қувончу шодликни ҳис қилмаётган экансиз, демак, қувончни манбасини топишингиз керак. Бу вазифа.