Денис Иванков: Терма жамоадаги муҳит доим шундай бўлиши керак

Янгиланган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штаби орасидан биргина ўзимизда ишлаётган мутахассислар орасидан Денис Иванков жой олганини яхши биласиз. “Насаф”нинг дарвозабонлар бўйича мураббий ҳисобланган Иванков миллий терма жамоада ҳам ўз ишини бажармоқда. Кўпчилик эса у ҳақида жуда илиқ фикрларни билдиришади. Биз эса у билан бир қатор масалаларда суҳбатлашдик.

- Денис Александрович, миллий терма жамоада пайдо бўлишингиз қандай юз берди?

- Қандай пайдо бўлдим? Мени таклиф қилишди. Афтидан, ассоциациядагилар номзодимни Эктор Куперга тавсия қилган кўринишади. Мен шундай ўйлаяпман.

- Эктор Купернинг мураббийлар штабида биргина маҳаллий мутахассислар орасида сиз борсиз холос. У билан ишлашдан олаётган таассуротларингиз қандай?

- Таассуротлар жуда ёқимли. Купер ҳақиқий профессионал. У билан ишлаш кишига қулайликларни туғдиради.

- Ихтиёрингизда 4-5 нафар яхши савиядаги дарвозабонлар бор. Улар билан ишлаш сизга осон бўлса керак-а?

- Албатта, иш жараёнида дарвозабонларнинг бирортаси билан ҳеч қандай муаммо юзага келмаяпти. Улар ўз ишининг ҳақиқий фидойисидир. Дарвозабонларимиз вазифасига жуда масъулият билан ёндашишади. Қолаверса, бу йигитларни анчадан бери биламан. Айримлари билан олдин ҳам ишлагаман, масалан Элдор Суюнов билан Санжар Қувватов менинг шогирдларим ҳисобланишади. Шундай экан, ўзаро ҳамкорлигимиз чоғида ҳеч қандай муаммо юзага келмаяпти. Йигитларимизга тасанно, улар билан ишлашдан ҳузур оляпман.

- Сурияга қарши ўтказиладиган учрашувга оз қолди. Сизнингча, дарвозабонларнинг қайси бири ўйинга тайёр?

- Дарвозабонларимизнинг ҳаммаси миллий терма жамоа шаънини ҳимоя қилишга тайёр! Лекин улардан қайси бирига ишонч билдирилишини учрашув олдидан бош мураббий ҳал этади. У билан шу масала юзасидан ҳаммасини келишиб оламиз.

- Бундан кейин ҳам “Насаф”даги ишингизни яна давом эттираверасизми? Ёки фақат терма жамоада ишлайсизми?

- Клубга керак бўлар эканман, “Насаф”даги ишимни ҳам давом эттиравераман. Агар клубда ёки терма жамоада ишлашим масаласи кўндаланг қўйиладиган бўлса, бундай вазиятда ҳаммасини раҳбарият билан ҳал қилишимизга тўғри келади.

- Денис Александрович, терма жамоага янги бош мураббий тайинланди. Жамоадаги муҳит қандай? Сиз ва футболчилар Купер билан бирга ишлашга кўникиб қолдингизми?

- Муҳит яхши, йигитларнинг ҳаммаси катта иштиёқ билан машқ қилмоқдалар. Бевосита менинг янги бош мураббий билан ҳамкорлигимга келсак, бир-биримизга кўникма ҳосил қилиш муаммосиз кечмоқда. Ишонсангиз, ҳатто анчада бери танишдек таассурот қолмоқда. Ҳаммаси аъло даражада. Ўйлайманки, терма жамоадаги муҳит доим шундай бўлиши керак.

- Демак, ҳаммасидан кўнглингиз тўляпти, шундайми?

- Албатта! Қолаверса, ҳар қандай мураббий терма жамоада ишлашни орзу қилса керак. Мамлакат бош жамоасида юқори мақсадларни кўзламайдиган кишининг ўзи бўлмайди!

- Дастлабки ўртоқлик ўйини Сурияга қарши ўтказилади. Нима деб ўйлайсиз, бу жиддий баҳсми ёки шунчаки оддий бир учрашувми?

- Албатта, ҳар бир ўйин расмий бўладими ёки назорат учрашувими, бунга жиддий, масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда ёндашиш шарт. Ахир бундай беллашувларда биз терма жамоа шаънини ҳимоя қиламиз.

- Сизда шундай одат бор: Машғулотларингизни видеога муҳрлаб ижтимоий тармоқларга жойлайсиз. Терма жамоада ҳам ушбу анъанангизни давом эттиряпсизми?

- Терма жамоада оператор ҳар бир машғулотни суратга олади. Эҳтимол, кейинчалик бунга ўзим ҳам алоҳида эътибор қаратарман. Лекин ҳозирча ушбу масала юзасидан бош мураббий билан келишиб олганимча йўқ.

- Агар терма жамоада ҳам машғулотларингизни видеога олишни бошласангиз, бу Эктор Куперга ёқармикин?

- Ўйлайманки, ёқади.

- Айтинг-чи, Купер дарвозабонлар билан боғлиқ масалада сиз билан маслаҳатлашяптими?

- Бўлмасам-чи! Биз ҳар куни мулоқот қиламиз. Бош мураббий қолган футболчилар қатори дарвозабонларнинг ҳам ҳолати билан қизиқади.

- Ундай бўлса, бош мураббийнинг дарвозабонлар ҳақида фикрлари қандай бўлмоқда?

- Машғулот чоғида ҳаммасини муҳокама қиляпмиз. Назаримда, бош мураббийнинг дарвозабонлар томонидан ишга бўлган муносабат тўла қаноатлантирмоқда.

- Дарвозабонлар иш усулингиз ҳақида доим жуда илиқ гапларни айтишади. Бундай усулларни ўзингиз ўйлаб топасизми?

- Ҳа, ҳаммасини ўзим тузиб чиқаман. Ўз навбатида бундай усуллар йигитларга ёқяпти.

- Кўпчилик сизни Ўзбекистондаги энг яхши дарвозабонлар мураббийи деб ҳисоблайди. Сиз учун шундай мутахассис ким?

- Менга испаниялик Хорхе Самбаданинг иши кўпроқ ёқади. Айни чоғда у “Фулхэм”да дарвозабонларнинг тайёргарлиги учун масъул шахс ҳисобланади. Саволингизнинг дастлабки қисмига келсак, бошқаларнинг ишим ҳақида яхши фикрда эканликларидан хабардор бўлиш мен учун жуда ёқимли!

- Ўзимизда меҳнат қилаётган дарвозабонлар мураббийлари орасида кимнинг иши сизга кўпроқ ёқади?

- Ўзбекистонда шундай мутахассис сифатида Анвар Рашидовни кўрсатган бўлардим. У ўз соҳасининг ҳақиқий устасидир!

- Хорижда ишлаётган ҳамкасбларингиз билан алоқангиз борми?

- Ҳа, хорижлик мутахассислар билан ҳам вақти-вақти билан фикр алмашиб тураман. Асосан Польша, Россия ва Қозоғистонда ишлаётганлар билан.

- Агар сир бўлмаса, ўша мутахассислар кимлар эканлигини айтиб бера оласизми?

- Польшада Сергей Шиповский, Қозоғистонда Евгений Набойченко билан Валерий Ситало. Россияда эса Юрий Перескоков билан Шедид Абдураҳмоновни кўрсатишим мумкин. Украинада ҳам танишларим бор.

- Украинада ишлашингиз учун таклифлар бўлгани ҳақида эшитгандик, шу ростми?

- 2007-2008 йилларда Украинада ишлаганман. Ўзбекистонга қайтиб келганимдан кейин эса Украина ёшлар терма жамоасида ишлаш юзасидан таклиф олгандим.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!