Деян Журжевич "Навбаҳор"да қайси чизиқларни кучайтирмоқчи?

25 июнь куни "Навбаҳор" жамоасига сербиялик мутахассис Деян Журжевич бош мураббий этиб тайинланди. Мазкур мутахассисни таништириш маросими якунланганидан сўнг Деян Журжевич иштирокида ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

- Сиз “Навбаҳор” тўғрисида маълумотга эгамидингиз ва жамоа таркибида қандай ўзгаришларни амалга оширмоқчисиз?

- Сўзим аввалида шуни таъкидламоқчиманки, журналистлар футбол ҳамда клуб ривожи йўлидаги муҳим шахслар саналишади. Борингларга шукр.

“Навбаҳор”нинг айни пайтдаги эмас, олдинги футболчилари борасида маълумотга эгаман. Тўғрисини айтсам, ушбу таклиф кутилмаганда юз берди. Шу боис, жамоа билан тўлиқроқ танишишга имконият бўлмади. Вақт футболда муҳим омил ҳисобланади. Ҳозир олдимизда турган энг муҳим вазифа 13-тур доирасидаги “Қизилқум”га қарши кечадиган баҳсга пухта тайёргарлик кўриш ҳамда ўша ўйинда ғалаба қозониш. Шундан сўнг, давралар оралиғидаги танаффус юзага келади ва шундагина йигитлар билан тўлиқроқ танишиш, лозим бўлса, жамоа ўйинини янада кучайтириш борасида бош қотирамиз.

- Давралар оралиғида жамоанинг заиф чизиқларини янада кучайтириш, шунингдек, ватанингиз Сербиядан футболчи таклиф этиш режангиздан ўрин олганми?

- Футболчилар билан яқиндан ҳамда яхшироқ танишиб, уларнинг жисмоний ҳолатлари қандайлигини таҳлил қилганимдан сўнггина, клуб раҳбарияти ва спорт директорига улар ҳақидаги ўз фикримни билдираман.

“Навбаҳор”нинг қайси чизиқларини кучайтириш борасидаги саволга жавоб бериш қийин. Биринчи давра баҳслари якунланганидан сўнг, бу ҳақда бош қотирамиз.

Жамоанинг ўйини борасида тўхталадиган бўлсам, тажовузкор футбол намойиш этиши, кўплаб садоқатли мухлисларга эга эканлигини яхши биламан. “Навбаҳор”нинг ўйини асосан аниқ тўп узатишлар асосига қурилган.

Легионерлар борасида тўхталадиган бўлсам, “Навбаҳор”да 4 нафар хорижлик футболчи бор ҳамда жамоанинг Осиёдан ташқари бўлган мамлакатлардан ўйинчи олиш борасидаги лимити тўлиб бўлган. Шунинг учун, ҳозирча Сербиядан футболчи олиб келишнинг иложи йўқ.

- “Навбаҳор”нинг ўйинини кучайтириш борасида ғояларингиз борми?

- Жамоанинг қандай ўйин намойиш этишини билиш учун футболчиларнинг жисмоний ҳолати, ўйин савияси қандайлигига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Аммо у жуда қийин масала. “Навбаҳор” жамоавий ўйин ташкил этиш орқали, тўп узатишларга асосланган тажовузкор футбол намойиш этади. Шу сабабли бўлса керак, кўплаб футболчилар наманганликлар сафида ўйнашни исташади. Кеча “Навбаҳор” иштирокидаги ўйинлар видеоролигини кўриб, таҳлил қилдим. Албатта, жамоанинг ўйинини кучайтириш борасида ўз ғояларим бор.

Ўзингизга маълум, футболда асосийси натижа. Бундан ташқари, миллионлар ўйинида вақт ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳозир эса жамоа ўйинига ўзгартириш киритишга вақтимиз жуда кам. Биринчи давра якунланганидан таркибни кўриб чиқиб, бу борада бир хулосага келамиз.

- “Навбаҳор” билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Мен учун шартноманинг қанча муддатга тузилганлиги унчалик аҳамиятга эга эмас. Уни 6 ой ёки 10 йил муддатга имзолашим мумкин. “Навбаҳор”да жиддий инсонлар ишлашади ва асосийси, ўзаро ҳамкорлик ҳамда ишонч асосида ишлашда. Шартнома шунчаки расмий қоғоз. Таъкидлайман, муҳими, ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик. Мабодо сизни шартнома муддати қизиқтирадиган бўлса, жамоа билан 1,5 йиллик шартнома имзоладим. Ниятим, “Навбаҳор” билан юксак натижаларни қайд этиш.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!