Ads

Олий Лига 28-тури доирасида Самарқандда Фарғонанинг “Нефтчи” клубини қабул қилган «Динамо» жамоаси жуда муҳим ғалабага эришди. Учрашувдан кейин «Динамо» бош мураббийи Олег Тюлькин учрашув борасида фикр билдирди. Бу ҳақда Самарқанд клуби матбуот  хизмати хабар бермоқда.

«Курашларга бой муросасиз учрашув гувоҳига айландик. Биз осонликча таслим бўлмаслигимизни исботлай олдик. Бутун учрашув давомида йигитларимиз фақат ғалаба илинжида олдинга боришди ва ниҳоят мақсадимизга етиб гол ура олдик. Ҳимоячи бўлишига қарамай Аднан Ораховац учрашув давомида ҳужум чизиғини ҳам кучайтиришга интилди. Якунда бош билан ажойиб гол уриб, ғалаба келтирди. Йигитларимиздан миннатдормиз.

Кўриб турибсиз, «Динамо» футболчилари нафақат жамоа ёки мухлислар учун, балки ўз шаънилари учун, кейинги йил Олий Лигада тўп суриш учун майдонда бор имкониятларини ишга солишмоқда. Бугунги баҳсда буни яна бир бор исботлашди. «Динамо» лигада қолиш учун сўнгги нафасгача курашади.

«Нефтчи» жамоасининг охирги баҳсда амалдаги чемпион «Локомотив» билан дуранг ўйнаганлиги бу жамоанинг кучини билдирарди. Муҳими бугун уч очкони олдик, энди кейинги турда яна ўз майдонимизда «Локомотив»га қарши майдонга тушамиз. Самарқандлик мухлислар жамоамизни бугунгидек қўллаб-қувватлаб турсалар, амалдаги чемпион билан ҳам жиддий кураш олиб борамиз», - дейди Олег Павлович.