Достон Турсунов: Японларнинг таклифи мен учун сюрприз бўлди
Ads

Чемпионатимизда қишки танаффус эълон қилинган бир пайтда футболчиларнинг бозори фаоллашиб қолади. Айниқса, ўзбекистонлик ўйинчиларнинг легионерга айланаётганини кўриш ёқимли. Ўтган ҳафтада бир эмас, икки нафар футболчимиз бирданига хориж клублари билан шартномалар имзолашди. Аввалига “Локомотив” аъзоси бўлган ярим ҳимоячи Икром Алибоев Жанубий Кореянинг “Сеул” клубининг янги футболчисига айланган бўлса, “Нефтчи”да тўп сурган ҳимоячи Достон Турсунов Япония биринчи дивизиони вакили – “Ренофа Ямагучи” жамоаси билан шартнома тузди. Алибоевнинг фаолиятини хорижда давом эттириши шундоқ ҳам кутилаётган воқеа эди. Бироқ Турсуновнинг Япония клуби билан келишувга эришишини деярли ҳеч ким кутмаганди.

Лекин Достон Турсунов бу йил катта ўсишга эришди. Хабарингиз бўлса, йил бошида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркибида U-23 Осиё чемпиони бўлди. Кейинчалик эса Эктор Купернинг назарига тушди ва миллий терма жамоага жалб этила бошлади. Тўғри, у ички чемпионатда “Нефтчи” билан муваффақиятсизликка учради. Аммо футболчининг ўйин савияси бошқаларникига қараганда юқорироқ эканлиги сезилиб турди. Бунинг устига унда ҳимоячи бўлиш учун барча фазилатлар бор. Бўйи ва жуссаси ҳақиқий ҳимоячиларникига жуда мос тушади. Японлар ҳам Турсуновни бежизга таклиф қилишмаган. Бунгача яна бир ҳамюртимиз Фозил Мусаев ҳам ушбу чемпионатда тўп суриб келаётганидан хабарингиз бўлса керак. Энди уларнинг сони иккита бўлди. Ўтган ҳафтада кунчиқар юртга бориб, шартномага қўл қўйиб келган Достон дарҳол миллий терма жамоа билан Туркиядаги йиғинга жўнаб кетди.

- Достон, Япониянинг “Ренофа Ямагучи” клуби билан шартнома тузганингиз кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Айтинг-чи, сизни кунчиқар юртга етаклаган нарса нима бўлди?

- Японияликларнинг қизиқиши ҳақида айтишди ва у ерга бордим. Японияга мени нима етаклади? Япония футболи шахсан ўзимга ёқади. У ерда Фозил Мусаев ҳам ўйнайди. Фозил ака Японияда ўзингни кўрсатсанг, бу ердан Европага кетишинг осонроқ бўлади дегани учун ушбу таклифни танладим.

- Фозил Мусаев яна қандай маслаҳатлар берди?

- Япониядан тушган таклифдан сўнг биринчи навбатда Мусаевдан маслаҳатлар олдим. У менга керакли гапларни айтди ва бунга амал қиламан. Насиб қилса, Фозил аканинг маслаҳатларига қулоқ солсам, тез орада янги жамоамга мослашиб кета оламан.

- Қанча муддатга шартнома туздингиз?

- Икки йилга.

- Японияга бориб янги жамоангиз билан танишдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?

- Ҳа, у ерга бориб яратилган шароитлар билан яқиндан танишдим. Ҳаммаси фақат футбол учун яратилган. Бундай шароитлар камдан-кам бўлади деб ўйлайман. Лекин ҳали янги жамоадошларим билан кўришганим йўқ. Чунки улар ҳозирча таътилда.

- Афсуски, “Нефтчи” билан муваффақиятсизликка учрадингиз. Лекин шунга қарамай, японлар сиз билан ҳамкорлик қилишни исташди. Бу борада сизни терма жамоалардаги ўйинларингиз орқали кузатишган бўлишса керак-а?

- Албатта, “Нефтчи” жамоаси билан қуйи лигага тушиб кетдик ва бундан афсусдаман. Чунки “Нефтчи” менинг севимли жамоам. Аммо сиз айтган гапингизда жон бор. Япония жамоалари менинг терма жамоалардаги ўйинларимни кузатишган бўлишса керак. Шунга асосан мени таклиф қилишди ва бундан жуда хурсандман.

- Жорий мавсумда “Нефтчи”нинг асосий муаммоси нимада бўлди деб ўйлайсиз?

- “Нефтчи”нинг асосий муаммосими? Тўғриси, билмадим. Назаримда ўзимиз яхши ўйин кўрсата олмадик деб ўйлайман. Ўйинлар давомида бўшашиб қолдик, назаримда.

- Шу ўринда якунига етаётган йил сиз учун икки хил таассурот қолдирди дейиш мумкинми?

- Ҳа, шундай. Аммо эндиликда янги фаолиятим ўзим учун ҳам жуда қизиқарли туюлмоқда. Муҳими, 2019 йилни легионер сифатида бошлашимдан хурсандман.

- Айни пайтда Эктор Купер сизни терма жамоа йиғинларига жалб этяпти. Нима деб ўйлайсиз, легионерга айланганингиз Осиё Кубогида иштирок этиш имкониятингизни янада ошириши мумкинми?

- Албатта, Эктор Куперга раҳматимни айтаман. Гарчи жамоам билан охирги ўринни эгаллаган бўлсак-да, у менга эътибор беряпти, ўйинимда ниманидир кўряпти. Асосийси, бош мураббий менга ишоняпти. Шунинг учун бор кучимни ишга солиб бўлса ҳам мураббийнинг ишончини оқлайман деган умиддаман. Осиё Кубогида ҳам терма жамоамиз учун боримни беришга тайёрман.

- Энди янги клубингизга қачон қўшиласиз?

- Насиб қилса, янги жамоамга февраль ойида қўшиламан. Осиё Кубогидан кейин бор эътиборимни “Ренофа Ямагучи” жамоасига қаратаман.

- Одатда аутсайдер ёки қуйи лигага тушиб кетган жамоа футболчисининг легионерга айланиши қийин масала, боз устига Японияга?! Шундай экан, бу сиз учун сюрприз бўлдими?

- Албатта, бу таклиф мен учун сюрприз бўлди. Улар менга ишонишдими, демак ўзимни кўрсатишим шарт. Бу эса менинг футболчи сифатида янада ўсишимга туртки беради. Япония биринчи дивизионида ҳам савия юқори даражада.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.