Дзюдо бўйича Ўзбекистон термаси ёшлар ўртасидаги ОЧда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади

 

13-16 июль кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри дзюдо бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Мусобақанинг дастлабки икки кунида қитъа чемпионати ёшлар ўртасида ташкил этилди.

МОҚ матбуот хизматининг хабар беришича, унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этишди. Ҳамюртларимиз якунда 3 тадан олтин ва кумуш ҳамда 6 та бронза медалига эга чиқиб, жами 12 та медаль билан умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни банд этишди.

Жанубий Корея терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан иккинчи поғонадан жой олган бўлсалар, Қозоғистон термаси 2 та олтин, 6 та кумуш ва 7 та бронза медаллари билан кучли учликни якунлаб берди.

15-16 июнль кунлари энди ўсмир спортчилар қитъа чемпионатида татамига чиқишди. Ўзбекистон терма жамоаси ушбу ёш тоифасида ҳам самарали иштирок этди. Терма жамоамиз аъзолари ўсмирлар ўртасидаги мусобақада жами 10 та медалга сазовор бўлишди. Уларнинг 2 таси олтин, 5 таси кумуш ва 3 таси бронза медалларидир. Аммо ушбу натижа Ўзбекистон терма жамоасига умумжамоа ҳисобида кучли учликка кириш учун етарли бўлмади.

Дзюдо ватани ҳисобланган Япония термаси 5 та олтин ва 6 та бронза медаллари билан биринчи ўринни банд этган бўлса, Жанубий Корея терма жамоаси аъзолари 3 тадан олтин ва кумуш ҳамда 2 та бронза медали билан иккинчи ўриндан жой олишди. Қўшниларимиз – қозоғистонлик дзюдочилар эса 3 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза билан учинчи ўринга лойиқ кўрилишди. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси ана шу учта терма жамоадан сўнг тўртинчи ўрин билан кифояланди.  

Энг асосийси, ҳар иккала ёш тоифасида терма жамоамиз аъзолари Осиё чемпионатида умумий 22 та медалга сазовор бўлишди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда бир қатор истеъдодли дзюдочилар камол топаётганидан дарак беради. Бугун Бишкек татамиларида кураш олиб борган ёш спортчиларимиз насиб қилса, яқин келажакда миллий терма жамоамиз сафида жаҳоннинг энг йирик спорт ареналарида, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Демак, спортнинг ушбу турида юртимизда мавжуд бўлган мустаҳкам анъаналар хали узоқ йиллар давом этади. Зеро ўзбек дзюдосининг келажаги ишончли қўлларда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!