Элдор Сакаев: Ҳар бир ўйинда мана шунақа жанг бўлса керак

Про лига 1-тури доирасидаги «Динамо» - «Янгиер» (2:1) ўйинидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Элдор Сакаев журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

«Ўйин хавфли ҳужумларга бой ўтди. Майдоннинг ҳар бир қаричи учун кураш кечди. Рақибларимиз гол урган биринчи вазиятда хатоларимиз учун жазоландик, кўп ўтмай ҳисобни тенглаштиришга эришдик. Бироқ сўнгги дақиқада яна ҳушёрликни йўқотиб, ҳимоядаги пала-партишликдан гол ўтказиб ўтказиб юбордик. Аламли мағлубият. Бу ҳали мавсум бошланиши, хатолар устида ишлаймиз.

Самарқандда ўзим ҳам ишлаганман, бу ерда ҳар доим мухлислар жамоани ўйинни охиригача олға бошлашади. Бугун ҳам шундай бўлди. Бизни ҳам қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга раҳмат дейман. Футбол томошабинлар билан гўзал. Стадионда бугунгидек атмосфера бўлса, футболчилар ҳам икки ҳисса куч билан ҳаракат қилади. Бугун ҳеч ким ҳимояда ўтириб олгани йўқ, икки жамоа ҳам ҳужумкор тўп суриб, томошабоп ўйин кўрсатди. Ҳар бир ўйинда мана шунақа жанг бўлса керак.

Тўғри, «Янгиер» дебютант жамоа. Шунга қарамай, олдимизга ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш талаби қўйилган. Жамоамиз хусусий клуб, клубимиз президенти футболни жуда яхши кўради. Ҳар бир ўйинда Про лигадаги рақобатбардош клуб эканлигимизни кўрсатишимиз керак.

Чинданам «Янгиер» катта тарихга эга клуб бўлса-да, ўтган йилдан бошлаб яна аввалги анъаналарини тиклашга киришган. Клубимиз раҳбари жамоа мавқеини тикламоқчи. Бу йўлда барчамиз бирлашиб, фақат яхши натижалар ва юқори ўринлар учун интиламиз. Осон бўлмаслиги аниқ, шунга қарамай биз каби ҳар бир футболчимиз ҳам ўз кучига ишонади", -дея мураббий фикрларини келтирмоқда "Динамо" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!