Элдор Шомуродов: "Захирада ўтирган ҳеч қайси футболчи хурсанд бўлмайди" (Катта интервью)
Римнинг "Рома" жамоаси ҳужумчи Элдор Шомуродов Рус нашри журналисти Игорь Рабинерга каттагина интервью берди. Ҳамюртимиз деярли 1 соат давом этган суҳбат жараёнида фаолиятидаги энг муҳим воқеаларга изоҳ бериб ўтди. Биз эса, бу суҳбатдаги энг муҳим қисмларини эътиборингизга ҳавола этдик.
— "Ростов"даги фаолиятинг карьерангдаги ўсишга таъсир қилдими?
— Ўйлашимча, ҳа. Бу фаолиятимдаги муҳим даврлардан бири бўлди. РПЛ жисмонан бақувват футболчиларга суянади. Айнан "Ростов" Европага йўл олишим учун "трамплин" вазифасини ўтаб берди.
— Ўзбекистондансан. Ҳозир дунёнинг энг чиройли шаҳрида, энг машҳур лигаларидан биридаги гранд клубда тўп тепяпсан. Айтчи, нега РПЛдаги айрим футболчилар Европага кетишни истамайди?
—Балки, таваккал қилишни хоҳламас. Мен "Женоа"га ўтганимдан сўнг, қай даражада "риск" қилганимни сездим. Кучлироқ чемпионат, бегона тил ва янги иқлим. Ўйнаб кета олишим катта сўроқ остида эди. Болаликдан айнан кучли бешликда тўп тепиш ниятида улғайганим кўмаклашди, деб ҳисоблайман.
— Россиянинг "Қатар-2022"дан чиқариб юборилишига қандай муносабат билдирасан?
— Буни тўғри, деб бўлмайди. Спорт сиёсатдан ҳоли бўлиши керак.
— Сени кўплаб ёш футболчилар учун намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Бунга муносабатинг қандай?
—Биринчи навбатда, менга бундай имкониятни тақдим этган Яратган Эгамга шукрлар айтаман. У сўраганларимни ҳаммасини берди. Шунга қарамай, фақат дуо қилишнинг ўзи камлик қилади. Агар олдинга мақсад қўйсанг, нима бўлган тақдирда ҳам унга эришиш шарт. Ҳеч қачон иккиланмаслик ва ортга қарамаслик лозим. Фақат мақсад сари олдинга қадам ташлаш якунда ғолиблар қаторида бўлишингни таъминлайди.
— Қачондир ўз кучингга бўлган ишончинг сўнган пайтлар ҳам бўладими? Орзуларинг ушалмай қолишидан қўрққанмисан?
— Чуқур депрессияга тушмаганман. Доимо етарлича вақтим борлиги ва орзуларим сари ҳаракат қилаётганимни сезганман.
— Кучли бешликдаги қайси лига сенга қизиқроқ туюлган?
— Тўғриси умуман фарқи йўқ эди. "Челси"га мухлислик қилганим боис, бошқа клубларга бўлган муносабатим бир хил бўлган.
— Ота-онанг сени қаттиққўллик билан тарбиялаганми?
— Аксинча, доимо қўллаб-қувватлашган. Эътиборлиси шундаки, доимо футбол оламидаги қарорларимни ўзим чиқаришим учун имконият тақдим этишган. Келажакда нима бўлиши ҳақида бош қотирмаганман.
— Термиз шаҳридан 40 км узоқликдаги Жарқўрғонда дунёга келгансан. Болалигингдаги энг ёрқин хотираларингни сўзлаб бер.
— Жарқўрғонда 12 йил яшадим ва "Машъал" академиясига қабул қилиндим. Унга қадар сигир ва қўйларимиз жуда кўп бўлгани ёдимда бор. Барча дўстларим, ака-укаларим сингари мен ҳам футболни жуда яхши кўрардим. Биринчи имкон бўлиши билан стадионга югурганмиз. Ота-онам эса, молларга қараб бўлгачгина, футбол ўйнашга рухсат берарди. Ёдимда бор, ҳамма катта кўча томон югуриб кетаётганида ишим тугамаётгандек туюлар эди.
—Эшитишимча, сен маошингни катта қисмини ота-онангга жўнатар экансан?
— Аввалари деярли ҳаммасини уйга жўнатганман. Ҳозир вазият бироз ўзгарди. Ўзимга ҳам оз-моз олиб қоляпман. Уй ва бошқа тўловлар учун.
— Улар Италияда келишдими?
— Ҳа, янги йил олдидан отам ва онамни Италияга таклиф этдик. Римнинг гўзаллиги уларни ҳайрон қолдирди. Ўйлашимча, бу сафардан уларда илиқ таассуротлар қолган.
— Уйландинг, оила қурдинг ва фарзандли бўлдинг. Айтчи, бу сени ўзгартирдими?
— Уйлангач, ўзгариб кетдим, деб айта олмайман. Фарзандли бўлганимдан кейин, янгича ҳисларни туйдим. Янада масъулиятлироқ бўлишни бошладим. Бу ҳаётимдаги энг муҳим воқеа бўлди, десам, адашмаган бўламан. Набиралари бўлганини эшитган дадам Жарқўрғондаги катта қўчқорларидан бирини сўйди. Ҳозир унда иккитагина катта қўчқор қолган.
— Герман Ткаченконинг айтишича, "Женоа"га ўтгач, 6-7 баробар кўпроқ маош олишни бошлагансан. Бу пулларнинг келиши сенда юлдузлик касаллигини қандай уйғотмади?
— Бу менга ҳеч қандай муаммо туғдиргани йўқ. Бундай масалаларда ота-онам билан маслаҳат қиламан. Уларнинг ёрдами билан ортиқча муаммо сезмадим. Шунингдек, агент борасида ҳам омадим келган, деб бемалол айтишим мумкин. Уларнинг ёрдамисиз, бу даражага чиқа олмаган бўлар эдим. Илк имзоланган шартномамда Европага кетиш ҳақида банд бор эди. Барча режаларимиз ўша банд асосида қурилган.
— Сречко Катанец билан алоқаларинг қандай?
— Яхши. У билан баъзан итальянча суҳбатлашиб тураман. Мистер Катанец бир неча йил у ерда тўп тепган.
— "Ювентус" билан ўйиндан сўнг Моуриньо билан муносабатларинг ёмонлашмадими?
— Очиғи, ундан хафа бўлганим йўқ. Топ клубларда қоидалар кескинлигидан хабарим бор эди, аммо футболчи сифатида буни ҳис қилиш бошқа нарса. Бизда "Ювентус" варианти ҳам бўлганди, аммо "Рома"ни танладик. Римда ўйнаб кетишимига 100 фоиз ишонганман. Ҳозир ҳам фикримдан қайтганим йўқ. Агар ҳаммасини тўғри бажарсам, албатта "Рома"ни асосий футболчига айланаман.
— Ҳозир клубингдаги ишлар аъло даражада эмас. "Рома"да қолиш ниятидан қайтмадингми? Агар келаси мавсумда ҳам захирада қолиб кетсанг ҳамми? Боз устига, итальян матбуотида сен берган сўнгги интервью "совуқ" қабул қилинди?
—Терма жамоа машғулоти чоғида берган интервьюмни итальянчага нотўғри таржима қилишди. Мен Римдан кетмоқчи эканлигим ҳақида гапирмаганман. Бу ерда қолиб, жамоа учун керакли футболчи эканлигимни исботламоқчиман. Шунчаки, бирорта футболчи майдонга кам тушганидан мамнун бўлганини кўрмаганман. Қийин кунларни бошимдан ўтказяпман, аммо ҳаммасини енгиб ўтишимга ишончим комил. Бунинг учун меҳнат ва сабр қиламан.
— Моуриньо сенга тақиқ қўйгандек туюлмадими?
— Умуман йўқ. Худди аввалгидек бирга ишлаяпмиз.
— Тэмми Абрахамни "Челси"дан 40 миллион евро эвазига харид қилишди. Айтчи, уни асосий таркиб футболчиси бўлишини сезганмидинг?
— Албатта, аммо мен "Рома"га ўтганимда Тэмми ҳали "бўрилар" сафига кўчиб ўтмаган эди. У билан яхши алоқадамиз. Умуман олганда, мен керакли паллада захирадан ўйинга қўшилиб, жамоамга ёрдам беришга ижобий муносабат билдираман.
Фикрлар