Элшод Расулов 35 ёшни қарши олди ёхуд унинг фаолиятига назар...

Ўзбек бокси ҳақида гап кетганда, Элшод Расуловнинг ҳам ўрни борлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Бугун 35 ёшини нишонлаётган Расулов 1986 йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида дунёга келди. Болаликдан спортга қизиқиши юқори бўлган Элшод даставвал, қиличбозлик спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланган. Кейинчалик эса, ўз фаолиятини боксда давом эттиради.

“Қиличбозлик билан икки йил шуғулланганман. Бу спорт туридаги иштироким кейинчалик боксда ҳам жуда катта ёрдам берди. Чунки, қиличбозликда оёқ ҳаракатларига эътибор берилиши, боксда рақибни ҳис қилиш ва кўп муваффақиятга эришишимга сабаб бўлди”, - дея эслади Расулов.

2-расм

 Спорт коллежида таҳсил олиш жараёнида у ўсмирлар, кейинчалик ёшлар терма жамоасига жалб қилинди.

 Элшод Расулов 2004 йилда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 69 кг вазн тоифасидаги финал жангида Эмилио Корреани нокаутга учратиб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди. Бу Элшоднинг фаолиятидаги илк катта ғалабаси эди. Ўша йилнинг ўзида харбийлар ўтасида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиққан.

 Ҳар бир боксчининг ёқтирган кумири бўлгани каби унинг ҳам ўзи ҳавас қиладиган боксчиси бор эди.

 “Ҳар кимнинг ўзи ёқтирган боксчиси бўлади. Кимгадир Муҳаммад Али ёки Майк Тайсон ёқади. Менинг кумирим эса, ўзимизнинг профессионал боксчимиз Артур Григорян бўлган. Шу боксчига ҳавас қилганман. Оёқ ва қўл ҳаракатларини кўриб, унга ўхшашга ҳаракат қилардим”, - деди у.

 2006 йили Доҳада 75 кг вазнда Осиё ўйинлари чемпионлигини қўлга киритгач, 2007 йили Улан-Батордаги Осиё чемпионатида ҳам барча рақибларини мағлуб этган ҳолда, шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди.

 Унинг 75 кгда иштирок этган сўнгги мусобақаси 2008 йилги Пекин Олимпиадаси эди. Ўшанда чорак финал босқичида ўзининг эски рақиби Эмилио Корреага 7-9 ҳисобида мағлуб бўлади.

 2009 йилда 81 кг вазнга ўтган Расулов 2-марта Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Ўша вақтда 81 кгда Аббос Атоев ҳам 1-рақамли спортчи эди. Элшод Расулов вазн кўтаргач, Атоев жаҳон чемпионатида 75 кг вазнда иштирок этди.

4-расм

 “Бизнинг вазн алмашишимизга сабаб, Аббоснинг асл вазни меъёрдан камлиги меники эса кўплиги бўлган. Шунинг учун баъзида 81 ва 75 кгда вазн ўзгартириб, жанг қилганмиз”, - дея изоҳлади Расулов.

 Чемпионатнинг финалига қадар етиб борган Элшодга россиялик Артур Бетербиевга қарши жангда омад кулиб боқмади ва кумуш медални қўлга киритди.

 2010 йилги Осиё ўйинларида Расулов иккинчи бора олтин медални қўлга киритган бўлса, 2011 йилги жаҳон чемпионатида бронза медаль билан кифояланди.

 Кейинчалик, у 2012 йилги Лондон ва 2016 йилдаги Рио Олимпиадасида ҳам иштирок этди.

 Эришган ютуқлари, спорт ривожига қўшаётган ҳиссаси учун Элшод Расуловга “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони берилди. Қаҳрамонимиз ҳозирда Ўзбекистон қизлар терма жамоаси мураббийи ҳисобланади. Ўйлаймизки, у мураббийлик соҳасида ҳам улкан натижаларга эришади. Бу борада унга омад ёр бўлишига тилакдошмиз!

Таваллуд айёми муборак, Элшод Юнусович!

1 расм

Жалол Аҳмедов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!