Элшод Расулов: Олимпиадани юта олмаганим армон бўлиб қолди

Бугунги кунга келиб боксчиларимизнинг жаҳонда энг кучлилар сифатида эътироф этилишида ҳар бир спортчимизнинг ҳиссаси бор.

Шулардан бири, икки карра Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионатлари совриндори ва кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби Элшод Расуловдир. Элшод кўп йиллик спортчилик фаолиятини якунлагач, эндиликда терма жамоа сафида мураббий сифатидаа бой тажрибасини боксчиларимиз билан бўлишмоқда. Биз эса унинг спортчилик даври ва мураббий бўлиш ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдик.

- Элшод ака, яқиндагина Тайландда бўлиб ўтган Осиё чемпионати сизнинг мураббий сифатидаги биринчи мусобақангиз бўлди. Хулосалар қандай?

- Биринчи марта боксчиларга мураббий назари билан қарадим. Ўзим боксчи бўлганимда катта мусобақаларда рингга чиқиш олдидан руҳий тайёргарлик кўриш, ғалабага бўлган ишончни орттириш, салбий ўй-ҳаёллар, ортиқча ҳаяжондан қутулиш каби ҳолатларни танамда ҳис қилганман ва жанггача бўлган бу муҳим жараёнда йигитларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Боиси, боксчининг қай ҳолатда рингга кўтарилиши мураббийга боғлиқ.

- Боксчи бўлиш осонроқми ёки мураббийликми? Фарқи нимада?

- (кулади) Ҳеч иккиланмасдан айта оламан, боксчи бўлиш осонроқ. Чунки мураббий ҳар бир спортчига индивидуал ёндошади. Сабаби, спортчиларнинг психологияси, техникаси, тана структураси турлича бўлади, масалан, кимдир новча, кимдир бироз пастроқ, қай бири кучли зарбага таянса, бошқаси хужумкор ёки техник жанг тарафдори. Шунинг учун мураббийнинг иши оғирроқ ва зиммасида жуда катта жавобгарлик туради. Боксчи эса асосан ўз устида ишлаши талаб қилинади.

- Профессионал рингга ўтишни ўйлаб кўрганмисиз?

Йук. Агар ўтган тақдиримда ҳам бу ишни 25-26 ёшлик вақтларимда қилишим мумкин эди. Ёш ўз сўзини айтмоқда.

- Лидер боксчиларнинг кўпчилиги проф рингга ўтиб кетишди. Жамоа қисман бўлсада кучсизланиб қолмадими?

- Биласизми, агар таркибда ўзгаришлар бўлмаса, етишиб чиқаётган ёш боксчилар қолиб кетади, яъни кўринмай қолади. Ҳозир бизда жуда кўплаб иқтидор эгалари етишиб чиқмоқда. Биз уларни саралаб оляпмиз. Кучли боксчиларнинг ҳаваскорни тарк этгани эса ёшларга яхшигина имконият яратибгина қолмай, балки, жамоада соғлом рақобат муҳитини юзага келтиради.

- Сиз ҳам ўз вақтида терма жамоа сардори бўлгансиз. Бу вазифага ҳамма ҳам лойиқ кўрилавермайди. Сизнингча, ҳозир ким “сардор” мақомига муносиб?

- Тўғрисини айтганда, айни вақтда бирор бир боксчини лидер сифатида айтолмайман. Чунки, таркиб анча янгиланган. Капитанни аниқлаб олиш учун маълум муддат ўтиши лозим. Терма жамоа сардори эса нафақат спортчилик маҳорати билан, балки, чин инсонийлик сифатлари ва бошқа жабҳаларда ҳам жамоани бир тизимга сола биладиган, ҳаммага намуна бўладиган, сўзини ўтказа оладиган “характер” эгаси бўлиши шарт.

- Фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими ёки армонлар борми?

- Аниқ айта оламан, спортчининг ҳеч қачон ўзидан кўнгли тўлмайди. Катта давондан ўтиб, озгина дам олгач, яна янги марралар сари ҳаракат қилишни бошлайди, жангга тайёрланади. Мен эса ҳозирча рингни соғинмадим. Биргина армоним – олимпиада медалини ололмаганим. Республика чемпионати, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва деярли барча нуфузли мусобақаларда совриндор бўлдим. Лекин олимпиадани юта олмаганим менга армон бўлиб қолди.

- Элшод ака, ижодий жамоамиз номидан мураббийлик фаолиятингизда ҳам ҳафас қилса арзигулик натижаларга эришишингизга тилакдошмиз.

- Рахмат.

Фазлиддин Ҳусниддинов суҳбатлашди.