Эркин Ғайбуллаев блоги: «Реал» нишонидаги Браим Диас ким ўзи?

Премьер Лига етакчилари ёш иқтидорли ҳужумчисини жамоада олиб қолишнинг уддасидан чиқа олмади ва доимийи ўйин амалиётига эга бўлиш учун Диас кимсан «Реал»га ўтишга розилик берди.

"Қўлингдан келса тутиб ол" ибораси айнан Браим Диас учун ҳам мос тушади. У майдонда ва майдондан ташқарида тутқич бермайди.

Дриблинги Лионель Мессига ўхшатилаётган 19 ёшли ҳужумчини «Манчестер Сити» ушлаб қололмади.

Диас мавсум якунида «Сантьяго Бернабеу»га кўчиб ўтадиган бўлди. Пеп Гвардиола унга янги шартнома таклиф қилмоқчи бўлганига ҳам қарамай ёш футболчи янги чақириқни қабул қилди.

Унинг амалдаги шартномаси июнда ўз ниҳоясига етади ва асосий жамоадаги кучли рақобатни кўриб испаниялик футболчи «Реал» хўжайинларининг ваъдаларига ишониб ватанига қайтишга қарор қилди.

Хабарларга кўра, Диас Европанинг амалдаги чемпионлари билан ҳафтасига 60 минг фунт ишлаб топишига имкон берадиган шартномага эришган. Боз устига асосий жамоада ҳам унга ўрин ваъда қилишган. Албатта у Винисиус Жуниорга ўхшаб учинчи дивизионда ўйнашга рози бўлмаган бўлса керак.

Камига «Реал»нинг Ла Лигада қийинчиликка учраётганини кўриб Диас юқори поғонага кўтарилишнинг айни вақти дея ҳисоблаётгандир.

Футболчи бу мавсумда «шаҳарликлар»нинг бир бўлагига айланишга мақсад қилган, шу туфайли «Жирона»га ижара асосида ўтиш таклифини ҳам рад қилди.

Аммо у ҳануз Премьер Лигада бирорта дақиқа ҳам ўтказганича йўқ. Унинг асосий таркибда майдонга тушиш имкониятлари қаттиқ чегараланган. Риёд Маҳрез, Лерой Сане, Бернардо Сильва ва Раҳим Стэрлинг каби юлдузлар бор пайтда унга йўл бўлсин.

Диас эса «қироллик клуби» таркибига тезда мослашиб кетиши мумкин.

Винисиус Жуниор, Федерико Вальверде, Маркос Льоренте ва Серхио Регилонлар янги мавсумда Ла Лигадаги дебютларини ўтказишди. Диас эса фақатгина Карабао Кубогида «Манчестер Сити» либосида кўриниш бермоқда.

Ҳужумчи «Оксфорд» ва «Фулхэм»га қарши беллашувларда майдонга туширилди ва ўзини кўрсата олишга эришди.

Унинг кўрсатган ўйини ёш истеъдод эгаси янада кўпроғига муносиб эканлигини маълум қилди.

«Браим масаласи жуда оддий. Биз унинг қолишини истаймиз, у билан шартномани тўрт ёки беш йилга узайтиришни истаймиз. Биз уни бу ерда олиб қолиш учун барчасини қиламиз. Аммо якуний қарор ўзида» – деди Пеп Гвардиола ушбу масалага ойдинлик киритаркан.

Пепни ташвишлантирадиган ҳолат барибир юз берди ва у клубни тарк этмоқда. Диас клубнинг ёшлар тизимида анча вақт тер тўкди. Ҳа айтганча, Диаснинг агенти – Пере Гвардиоланинг акаси ҳисобаланади. Қизиқ-а!

Диас 2011-йилда «Малага» ёшлар академиясида порлаганида «Барса»да фаолият кўрсатаётган Гвардиола уни «Камп Ноу»га таклиф қилганди.

Каталонияликлар ўшанда уни ўз сафига қўшиб олишга жуда яқин келганди, хатто футболчининг отаси билан ҳам барча масалаларни келишиб олганди. Бироқ якунда «Малага» уни сотишдан бош тортди. 16 ёшга тўлганида болакайга асосий жамоада ўйнаш имкониятини беришни ваъда қилди. Аммо бу ҳадеганда содир бўлмади. «Манчестер Сити» эса 14 ёшли болакай учун 300 минглик таклифини 4.5 миллион фунтгача оширди ва ёш жавоҳирни илиб кетди.

Аввал бошиданоқ Диаснинг техникаси қай савияда эканлиги маълум эди. Унинг «Малага» ёшлари таркибида ўйнаган вақтида олинган видеолар сўзимизни тасдиқлайди. Испаниялик футболчи Месси ва Давид Сильва каби тўп билан моҳирона муомала қила олади. Камига ҳужумкор ярим ҳимоячи ёки ҳужумнинг исталган нуқтасида ўйнай олади.

«Премьер Лигада биз уни Эден Азар билан қиёслаймиз, аммо дриблингига кўра у Мессига ўхшаш услубда ўйнайди» – дейди Диаснинг “Манчестер Сити»даги жамодоши Эдвард Френсис.

Диас ҳозирда чап оёғида кўп иш бажараётган бўлсада, иккала оёғида ҳам аъло даражада ўйнай олади.

Унга Европанинг кўплаб грандлари «оғиз солишди». Аммо айни вақтда у «Реал»га ўтиш ниятида қатъий. У «Реал» клубида ўз ўрнини топиб олишга умид қилмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!