Эркин Ғайбуллаев мақоласи: «Сарри фалсафаси»
Ads

Сарри матбуот анжуманида шундай деган эди: “Мен Гвардиолага барча учрашувларни ютқазганман. Шундай экан, сиз мендан эмас, бошқалардан унинг устидан қандай қилиб ғалаба қозонишни сўрашингиз керак”.

У бугун бизни ҳайрон қолдиришни уддалади!

Италиялик мураббий Лондонга ғалабалар учун ташриф буюрмади. У совринларни ютиш бўйича “мастер” ҳам эмас. Сарри-файласуф! У жамоада ҳаёт тарзи, тайёргарлик жараёнини ўзгартиради! У жамоага кескин натижаларни яхшилаш вазифасини қўймайди. У барча ишни секин-аста амалга оширади. Роман Абрамович эса шундай мураббийга эҳтиёж сезган кўринади. “Бир кунда менталитетни ўзгартира олмайсиз, уни секин-аста ўзгартиришингиз керак. Эҳтимол, бир ҳафтада бир фоиз, шундай қилиб… бунинг ҳикояси узун”, деди Сарри, ўйиндан кейин.

Энг муҳими, италиялик мураббий ўз ўйинини кўрсата олмоқда. “Манчестер Сити” га қарши ўйин ўзининг қилаётган ишлар тизимини текшириш учун оддий синов бўлди. Саррининг олдинги йиллар совринларни олмаганининг ягона сабаби, у етакчи жамоаларга ютқазиб қўйгани эди. Бундан ташқари, у Гвардиолани доим ўзидан устун қўйган, унинг ўйинларидаги чизгиларни ўрганишга уринган. Бугун дон Сарри Гвардиолага илк бор “сабоқ” берди.

Иккала жамоанинг ҳам ўйингача ўз муаммолари бор эди. “Шаҳарликлар”да Де Брюйне ва Агуэрро ўйнамади, шунингдек, Жезуснинг ўйини “чиқмаяпти”. Тўғри, бу чемпионнинг олға юришига, жуда кўп гол киритиши ва кам гол ўтказишига таъсир ўтказмаётганди. “Челси” да эса ўйинлардаги хилма-хиллик сезилмаётгани, ундан ташқари ҳафта ўртасидаги “Вулверхэмптона”га учралган мағлубият таъсири бор эди.

Жамоаларнинг бошланғич таркиби ҳаммани ҳайратлантирди. Ҳар икки мураббий ҳам “енгил отлиқлар” билан ўйнашга қарор қилдилар. Гвардиола Стерлингни “эркин ўйинчи”га айлантирган бўлса, Сарри ўзини топа олмаётган Моратани “заявка”дан чиқариб ташлади, Жируга эса захира ўриндиғини кўрсатди! Биз аллақачон Кaнте боғлаб турадиган Bиллиан-Азар-Педро триоси ўйини тажрибасини кўрдик. Аммо биз кўрганимиз ҳимояга таянилган ўйиндаги чизги эди. Кеча ҳимоявий ўйин эмас эди. Саррининг кечаги “тактика”сида бу учлик учун қолган барча ўйинчилар имконият яратиб бериши кўзда тутилган эди. Кечаги ўйин буни оқлади!

Саррининг футболи- бу ягона механизм атрофида бирлашган жамоа! У ҳеч қачон қайсидир супер юлдуз ўйинчига боғлиқ бўлмайди. Саррининг эски таркибида бундай ўйинчилар бўлмаган-шунинг учун у ўз футбол фалсафасини яратган.

“Челси” нинг сўнгги омадсиз учрашувлари Жоржинью сабабли юзага келди. “Тоттенхем” клуби ўйинчиси Делли уни ёпиши оқибатида “Челси” ўз ўйинини умуман топа олмаган эди. Умуман олганда, Жоржиньюни АПЛ ҳимоячилари жуда ҳам чарчатмоқда. Айнан шунинг учун кечаги ўйин учун чизгиларда Сарри штаби Азар ва Жоржинью жуфтлигини ўйиннинг асосий қуролига айлантирмади.

Бундан ташқари биз биринчи марта Сарри Кантедан нимани хоҳлаётганини эшита олдик:

“Мен Кантега нима учун бу жойда ўйнаётганини тушунтирдим. Унинг майдондаги ўрни учун ўз ғоям бор” Канте мураббийнинг остида, мисли кўрилмаган ишларни амалга оширмоқда! Бу ерда гол муҳим эмас! Сиз қачондир рақибни шунчаки дрибблинг ишлатиб доғда қолдирадиган, рақибни ўз тезлиги билан ортда қолдирадиган Кантени кўрганмисиз? Фақат марказни эмас, балки ҳужум ва ҳимояда ҳам бир хил ўйнаётган Нголоничи? Ҳозирда ўйнаётган Канте барча жабҳаларда кучли ва бунга у Сарри билан эришди!

“Сити” “Челси”дан ёмонроқ ўйнадими? Гвардиола жамоаси ютқазган ўйинларда ҳам доимо устун бўлган. Биринчи бўлим “шаҳарликлар” фойдасига ҳал бўлаётган бир пайтда “Челси” ўзининг биринчи таймдаги энг мазмунли ҳужумини уюштирди ва гол урди! Лондонликлар “Сити”га биринчи таймдаги ўйин тизгинини берди ва биргина ҳужум билан майдон эгаси ким эканлигини кўрсатиб қўйди.

Иккинчи таймда “Челси”нинг олдида иккита танлов боре эди: Ўйинда чуқур ҳимояда ўйнаш ёки ҳужумга ўтиб рақибни ўз майдонида қамал қилиш. Сарри “Сити” билан ўйинда ҳимоявий ўйин иш бермаслигини яхши билар эди. Тўпга эгалик қилиб, уларни тўпсиз қолдиришни ҳеч ҳам иложи йўқ! Аҳир бу Гвардиола жамоаси.

Сарри асосий эътиборни ҳужумлар сонига эмас уларнинг сифатига қаратди. Тўпни етказиб беришда ҳам асосий эътибор аниқликка қаратилди. (442 га 669). “Челси” 5та дарвозага тепган тўпнинг 4 таси аниқ бўлди. “Аристократлар” нечта бурчак тўпи амалга оширди, биласизми? Битта! Иккита голнинг бирини қандай урди? Бурчак тўпининг узатилишидан. Мана,аниқлик!

Азар Канте ва Луизга ажойиб узатишларни амалга оширди, улар гол уришди. Whoscored нашри эса Аспиликуэтани энг яхши ўйинчи деб баҳолади. (8.9 балл) У 13 марта рақиб ҳужумини қайтаришга эришди.

Лондонликлар учун бу учрашувдаги ягона йўқотиш бу Ковачичнинг жароҳати. Унинг саломатлиги тез орада тикланишига умид қиламиз.

Хулоса ўрнида, Сарри умрида қилмаган ишини қилди-Гвардиолани мағлуб этди. “Сити” ўз мағлубиятсиз сериясини якунлади. Чемпионатга шукуҳ қайтди.