Эркин кураш. Ҳамюртларимиз Минскдаги мусобақада муваффақиятли иштирок этишмоқда
Ads

 

Беларус пойтахти Минск шаҳрида ўсмирлар ўртасида эркин кураш бўйича уч карра Олимпия ўйинлари чемпиони, кўп карра жаҳон чемпиони ҳисобланган афсонавий Александр Медведь соврини учун нуфузли халқаро турнир бўлиб ўтмоқда.

Мусобақада 12 мамлакатдан ташриф буюрган спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқдалар. Арманистон, Грузия, Россия, Қозоғистон каби давлат спортчилари қаторида ўзбекистонлик эркин курашчилар ҳам иштирокларини давом эттиришмоқда. Кеча баҳсларда қатнашган ёш полвонларимизнинг уч нафари совриндорлар қаторидан ўрин олишга муваффақ бўлди.

Шахбоз Комилов (-45кг) ҳамда Умиджон Жалолов (-48кг)лар барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгалладилар. Жамшид Маъруфов (-55кг) эса бронза медали соҳибига айланди.

Бугун -65кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этаётган спортчимиз Нодир Раҳимов мусобақа бош соврини учун гиламга чиқади. Кеча у тўртта жанг ўтказиб, финал йўлланмасини нақд қилиб қўйганди.

Маълумот учун, ушбу турнир май ойида Тошкентда ўтказиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди. Пойтахтимизда ўтказиладиган қитъа биринчилигида Аргентинада ўтказиладиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналади.