11 июнь куни Тошкент вақти билан соат 00:00да Римдаги "Олимпико" стадионида Италия ва Туркия терма жамоалари ўртасидаги баҳс билан “Евро-2020”нинг финал босқичига старт берилади. Эътиборлиси, 1928 йилда қурилган "Рома" ва "Лацио" клубларининг уй аренаси Европа чемпионатидаги энг тарихий стадион эмас. “Евро-2020” стадионлари орасида қайсилари энг қадимги, қайсилари энг қиммат ва қайсилари ҳеч қачон йирик турнирларни қабул қилмаган? Бугун шу ҳақда сўз юритамиз.

“Олимпико” стадиони (Рим)

Сиғими: 72 700 (“Евро-2020” пайтида 25% дан 33% гача мухлис киришига рухсат берилган).

Римдаги арена энг бой тарихга эга. Сайёҳлар нуқтаи назаридан Рим чемпионатнинг энг жозибали шаҳарларидан бири ҳисобланади. Италия пойтахтидаги ушбу стадион қурилиши 1927 йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги етакчиси Бенито Муссолини ташаббуси билан бошланган. “Олимпико” ўзида бир қатор афсонавий ўйинларни қабул қилган. Бу ерда “Евро-1968” ва “Евро-1980”, “ЖЧ-1990” ва тўртта Чемпионлар лигаси/Кубоги финал (1977, 1984, 1996, 2009) учрашувлари ўтказилган.

"Рома" ва "Лацио"нинг уй аренаси “Евро-2020” гуруҳ босқичининг 3 та учрашуви ҳамда 1 та чорак финал ўйинига мезбонлик қилади.

Римда қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади: Туркия - Италия (11 июнь), Италия - Швейцария (16 июнь), Италия - Уэльс (20 июнь) ва битта чорак финал ўйини (3 июль).

“Олимпия” стадиони (Боку)

Сиғими: 69,870 (“Евро-2020” пайтида 50% гача мухлис киришига рухсат берилган).

Бокудаги спорт иншооти 2015 йилда ўша йили ўтказилган Европа ўйинлари учун очилган. Шунинг учун стадион югуриш йўлаклари билан жиҳозланган. "Челси" ва "Арсенал" ўртасидаги Европа лигаси (2018/2019) финали ушбу стадионда бўлиб ўтганида, кўплаб мухлислар стадиондаги камераларнинг жойлашуви ва трансляциядан норози бўлган. Айтганча, "Арсенал" ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарян Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги узоқ йиллик можаро туфайли ушбу учрашувни ўтказиб юборган эди. Ушбу финалдан ташқари, стадион маҳаллий "Қорабоғ" клубининг Чемпионлар лигасидаги бир нечта учрашувларига ҳам мезбонлик қилган.

Бокудаги арена нафақат мамлакатдаги кўп функционал спорт иншоотига айланди, балки кўп йиллик экологик муаммони ҳам ҳал қилди. Аниқроғи, стадион қурилиши туфайли Беюк-Шор кўли нефт чиқиндиларидан тозаланди.

Бокуда қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади: Уэльс - Швейцария (12 июнь), Туркия - Уэльс (16 июнь), Туркия - Швейцария (20 июнь) ва чорак финалнинг битта ўйини (3 июль).

“Паркен” стадиони (Копенгаген)

Сиғими: 38 076 (“Евро-2020” пайтида 25% дан 33% гача мухлис киришига рухсат берилган).

“Паркен” стадиони “Евро-2020”даги энг кичик ва Даниядаги энг катта стадион ҳисобланади. 38000 ўринли арена 1990 йилда қурилган бўлиб, стадион 1994 йилги Кубок эгалари кубоги финали ("Арсенал" - "Парма") ва 2000 йилги УЕФА Кубоги финалига ("Арсенал" - "Галатасарой") мезбонлик қилган. Одатда ушбу стадионда маҳаллий “Копенгаген” клуби ва Дания терма жамоаси ўйинлари бўлиб ўтади.

Яна бир жиҳати, “Паркен” стадиони турли хил мусиқа санъаткорлари учун севимли маскан ҳисобланади. 2001 йилда “Eurovision” қўшиқлар танлови айнан мана шу стадионда бўлиб ўтган.  Бундан ташқари Tiësto, Depeche Mode, The Rolling Stones, Селин Дион, U2, Жорж Майкл, Эрик Клэптон, Pink Floyd, Metallica ҳам ўз вақтида шу жойда чиқиш қилган. Стадион тарихидаги рекорд миқдордаги томошабинлар иштироки 2007 йилнинг 23 июнида қайд этилган. Ўшанда Жастин Тимберлейк концертига 55 мингта чипта сотилган.

Копенгагенда қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади: Дания - Финляндия (12 июнь), Дания - Бельгия (17 июнь), Дания - Россия (21 июнь) ва 1/8 финалнинг битта ўйини (28 июнь).

“Газпром Арена” (Санкт-Петербург)

Сиғими: 68,134 (“Евро-2020” пайтида 50% гача мухлис киришига рухсат берилган).

“Зенит” клуби уй учрашувларини ўтказадиган ушбу арена дунёнинг энг қимматбаҳо стадионларидан бири ҳисобланади ("Уэмбли"дан кейин). Ушбу иншоот Кисе Курокаванинг дизайни асосида қурилган. Япон меъмори томонидан ўйлаб топилган “Газпром Арена” кўринишидан Финляндия кўрфазининг қирғоғига тушган космик кемага ўхшайди.

Ўтган тўрт йил давомида Санкт-Петербургдаги аренада 2017 йилги Конфедерациялар кубоги, 2018 йилги Жаҳон чемпионати ва Чемпионлар лигаси ўйинлари бўлиб ўтди. Бу йил стадион Чемпионлар лигаси финалини ўтказиши керак эди, аммо пандемия туфайли Санкт-Петербургга берилган мезбонлик 2021/2022 йилги мавсумга қолдирилди.

Дастлаб “Евро-2020”нинг тўртта ўйини шу стадионда ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо УЕФА Дублиндаги аренани мезбонлар сафидан четлаштиргандан сўнг, Россиянинг иккинчи пойтахтида гуруҳ босқичининг яна учта ўйини ўтказиладиган бўлди. 11 кун ичида “Газпром Арена”да гуруҳ босқичининг олтита учрашуви бўлиб ўтади. Шу боис стадион майсасини жиддий “синов” кутмоқда!

Санкт-Петербургда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Бельгия - Россия (12 июнь), Польша - Словакия (14 июнь), Финляндия - Россия (16 июнь), Швеция - Словакия (18 июнь), Финляндия - Бельгия (21 июнь), Швеция - Польша (23 июнь) ва битта чорак финал учрашуви (2 июль).

“Уэмбли” (Лондон)

Сиғими: 90,000 (“Евро-2020” пайтида 25% мухлис киришига рухсат берилган).

"Уэмбли" сиғими бўйича Европадаги иккинчи энг катта стадион ҳисобланади. Арена қурилиши 2003 йилда афсонавий Empire стадиони ўрнида бошланган. Янги аренани қуриш учун рекорд миқдордаги 798 миллион фунт стерлинг (2007 йил курси бўйича 1,59 миллиард доллар) сарфланган. 2007 йилда қайта қурилган Буюк Британиядаги энг катта стадион ўтган давр мобайнида 21 миллион томошабинга хизмат қилди.

Лондонда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади : Англия — Хорватия (13 июнь), Англия — Шотландия (18 июнь), Чехия — Англия (22 июнь), 1/8 финалнинг 2 та ўйини (26 ва 29 июнь), 2 та ярим финал (6 ва 7 июль) ва финал (11 июль).

Давоми бор.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)