“ЕВРО-2020”га тайёргарлик, финал босқичи олдидан финал - Португалия ва Франция қарама-қаршилиги (превью)

Кўпчилик футбол фахрийлари ва унинг атрофидаги одамларнинг фикрича, мусобақаларнинг кўпайиб кетиши футболчиларни жисмоний ва руҳий томондан эзиб юборади. ФИФА жаҳон футболида УЕФА тутаётган позициядан аллақачон хавотирга тушиб қолган ва турли йўллар билан клуб миқёсидаги футболда ҳам ЕЧЛ даражасидан юқорироқ лига ташкил этишга урунмоқда. Ҳа, биз мухлислар жаҳон юлдузлари иштирок этадиган беллашувларни қанча кўп кўрсак ҳам оздек туюлади. Лекин футболчиларнинг тикланишига сарфланадиган муддатнинг камайиб кетаётгани мутахассисларни ўйга толдирмоқда. 

Мана, Миллатлар Лигаси ҳам энг аввалида шундай танқид ва муҳокамаларга сабаб бўлганди. Энди унинг нуфузи ошиб, терма жамоалар ушбу турнирга жиддийроқ қарайдиган бўлиб қолди. Португалия ва Франция беллашуви жамоаларнинг ушбу ўйингача етиб келган ҳолати жиҳатидан ҳам интригага бой. Ушбу мусобақага жаҳон чемпионати йўлланмаси тикилганини инобатга олсак, унинг нима сабабдан бу қадар яхши даражага чиқиб олганини тушуниш осонлашади. ФИФА ташкил қилмоқчи бўлган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг янгиланган формати, Европа Суперлигаси ғояси ҳам бу қадар ривожланиб кетишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. 

Миллатлар Лигаси ушбу ойда финал босқичи вакилларини аниқлаштириб олади. Ноябрь ойидаги дастурдан кўпроқ марказий ўйинлар ўрин олган. Шу билан Европа жамоалари ФИФА кунлари давомида ўртоқлик учрашувлари билангина чекланишга мажбур бўлади. Демакки, фурсатдан фойдаланиб қолишимиз лозим бўлади. 

Франция майдонида кечган беллашув ҳали ёдимиздан кўтарилиб улгурганича йўқ. Роналду - Мбаппе қарама-қаршилиги у қадар ошкора курашга айланиб кетмаганди. Жуда кам вазиятлар яратилган, эҳтиёткор руҳда кечган учрашувда французлар кичик устунликни қўлга киритган. Ўз майдонида ўйнаганлиги эътиборидан ва гуруҳдаги вазият меҳмонлар фойдасига ишлаётгани жиҳатидан бу тушунарли. Аммо улар якунда ўз мақсадларига эриша олмади. Португалия меҳмондан бир очко ва биринчи ўринни сақлаб қолган ҳолда қайтди. Ҳануз улар ушбу гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. Тўплар нисбатидаги устунлик эвазига Сантуш шогирдлари фаранглардан олдинда бормоқда. Ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олиш учун Дешамда бундан қулайроқ имконият бўлмаслиги мумкин. Сабаби, ушбу баҳсда ҳам мағлуб бўлган тақдирда, “ЕВРО-2020”да руҳий устунликни рақибга бой беришлари аниқ. 

Португалия

Иккинчи бор ўтказилаётган ушбу мусобақада ҳар қандай жамоа Сантуш шогирдлари билан ҳисоблашишга мажбур. Салоҳият ва номни қўя турайлик, амалдаги чемпионлар доимо ўзгача ҳурмат-эҳтиромга муносиб кўрилган. Шунингдек, ҳеч бир жамоа Португалиядек Миллатлар Лигасига катта иштиёқ билан ёндашаётгани йўқ. Буни жамоа бош мураббийи танлаган ғоят оптимал ҳолатдаги таркибдан ҳам кўриб олишингиз мумкин. Албатта, қайднома назарда тутилмоқда. Ўз навбатида, муҳим ўйин олдидан жароҳатланган ва дисквалификацияга учраган футболчиларнинг йўқлиги португалларнинг омади ва ютуғи. 

Португалия футболи ҳақида гапирар эканмиз, қувонарли жиҳатлар кўп эканлигини таъкидлаб ўтишимиз зарур. Жамоа энди таркибида Роналду борлиги учунгина кучли эмас. Энди ушбу жамоа таркибида Криштиануга елкадош бўлишга қодир футболчилар ва унинг муносиб ворислари пайдо бўла бошлади. Шулардан бири, ҳеч шубҳасиз, Жоау Фелишдир. Ушбу ёш иқтидор эгаси “Атлетико”да ўртамиёна мослашиш йилини ўтказгач, жорий мавсумдан эътиборан, сезиларли даражада ўсишга эришди. Қарама-қарши тарафдаги Мбаппе Роналдудан кўра, ушбу тенгдошига эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ушбу таркибдан эътиборимизни тортаётган яна бир ном Диогу Жотадир. “Ливерпуль”нинг пароканда ҳимояси ҳужумдаги хилма-хиллик билан ёпилиб туришга маҳкум. Энди мерсисайдликлардан “қуруқ ўйин”лар кутиш бесамардек кўринмоқда. Аммо ҳужум орқа чизиқдаги хатоларни ёпиб кетиш учун ҳам кўпроқ ҳаракат қилиши аниқ. Ўйинига жозиба ва сермаҳсуллик қўшилиб бораётган Жота Клопп эътиборини терма жамоадаги супер ўйинлари орқали ҳам ўз варианти устида тўхталишга мажбур этиши лозим. 

Тахминий таркиб: Патрисиу, Канселу, Семеду, Диаш, Геррейру, Виллиам, Моутиньо, Фернандеш, Гедеш, Роналду, Фелиш.

EmtEH0FUcAE_95L

Франция

Амалдаги жаҳон чемпионларининг Финландиядан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраши росмана кутилмаган иш бўлди. Боиси, ўртоқлик учрашуви бўлишига қарамай, бу уларнинг Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи баҳси олдидан сўнгги беллашуви эди. Дидье Дешамнинг ўзи ҳам ҳар қандай ҳолатда Португалия майдонига мағлубиятга учраб, руҳи чўкиб боришни истамагани аниқ. 

Жамоа етакчиларининг муҳим ўйин олдидаги ҳолатларини идеал даражада, деб бўлмайди. Мбаппе ПСЖ сафида бир неча учрашувларни ўтказиб юборди. Гризманн пенальтидан гол ура олмаслик сериясига барҳам бера олмаяпти. Марсьялдаги аниқлик билан боғлиқ муаммолар инглиз матбуотида бот-бот муҳокама мавзусига  айланиб келмоқда. 

Жамоа етакчиларидан Поль Погбанинг ҳолати ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. Дешамнинг бахтига, Нголо Канте ўз ўйинини тобора топиб олмоқда. “Челси”да ўтказган сўнгги 2 ўйини бундай фикр билдиришимизга асос бўляпти. 

Жамоа ҳимоясининг том маънодаги келажаги сифатида қаралган Варан муваффақиятсизликлар ботқоғидан чиқиб кета олмаяпти. “Реал”нинг кетма-кет омадсиз ўйинларида айнан Рафаэль бош фигура вазифасини ўтаб беряпти. Унинг термадаги шериги Упамекано эса тобора ўсиб боряпти. Марказий ҳимоядаги захиранинг етарли эмаслигидан куйган “Ливерпуль” қишда у учун анча катта суммадан воз кечишга тайёр бўлса керак!

Тахминий таркиб: Льорис, Павар, Варан, Лангле, Менди, Рабьо, Канте, Толиссо, Гризманн, Марсьяль, Мбаппе. 

EmukuIhXYAAI2zl

Мураббийлар

Фернанду Сантуш: “Иккала жамоада ҳам етарлича юқори савияли футболчилар бор. Сен бу каби рақибларга қарши ўйинларда тўпни йўқотар экансан, қарши ҳужум дарвозангни жиддий хавфга қўйиши тайин. Демак, барчаси тайёргарлик ва диққатни жамлашга боғлиқ, аммо биз ўзимизга ишонамиз. Олдинги тўқнашувимизга ўхшамаган ўйинни кутмоқдаман. Рақиб ҳужум учлигида Жиру ўрнига Марсьяль ҳаракат қилишини тахмин қилишим мумкин. Мбаппе ва Гризманн доимгидек олд чизиқда юқори даражадаги футбол намойиш этишда давом этади”.

EmuRpKmWEAAv3RF

Дидье Дешам: “Жароҳатланган футболчилар Португалияга қарши баҳсгача қайта оладими? Менимча, ҳа! Лекин у ким ва қай ҳолда қайтишини билмайман. Мбаппе ва Паварнинг ҳолатида сўнгги кунларда анча яхши томонга силжиш кузатиляпти. Уларда тикланиш учун ҳали вақт бор. Биз Португалияни биламиз. Финландиядан учралган мағлубият бу буткул бошқа масала. Ҳар 3 кунда футбол ўйнаётганимизни инобатга олсак, ўтказган учрашувларимизни узоқ таҳлил қила олмаслигимиз табиий”. 

EmxSwMPXEAAFk_n

Хулоса ўрнида

Жисмоний тайёргарлик жиҳатидан Португалия яхшироқ ҳолатда эканлиги кундек равшан. Руҳий томондан ҳам уларда кичик устунлик бор. Андорра дарвозасига 7 та жавобсиз тўп киритиш ҳар қандай ҳолатда ҳам, сизга ўзгача ишонч бағишлаши табиий. Лекин айнан шу фактор уларни кераксиз хотиржамликка олиб бориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўйин Франциянинг фаоллиги остида ўтишини тахмин қилиш қийин эмас. Чунки 0:0 ҳисоби ҳар қандай ҳолатда ҳам, Португалия фойдасига ишлайди. Дешам ўз жамоаси билан ушбу турнир плей-оффида ўйнамоқчи бўлса, бугун ўзаро ўйинда бунга лойиқ эканини исботлай олиши зарур. 

Фавқулодда кескин бурилишлар бўлмаган тақдирда, ўйин картинаси тенг курашларда давом этиши ва қайсидир жамоа минимал ҳисобда ғалаба қозониши шахсий тахминим. Аммо бу қайси жамоа бўлишини айтиш жуда мушкул. Ўтган галги нурсиз ўйиндан кейин бугунги баҳсда ҳар икки жамоа рақибларини гол билан сийлаши эҳтимоли юқори.

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)