Европа Чемпионлар лигаси: Превью

Бугун тунда йил давомида футбол кўрмайдиган инсонлар ҳам телевизор қаршисига ўтиради. Уларга ашаддий футбол мухлислари жамоаларнинг даражасини қанчалик тушунтиришга урунмасин, ўйин шиддатли кечмаган тақдирда, уларга финал ҳам татимайди. Финал қарама-қаршилиги олдидан эса бемалол уларга ҳам қизиқарли футболни ваъда бера оламиз. Чунки, иккала томон ҳам ҳужумни яхши кўрадиган, ҳимояда эса бироз оқсайдиган клублар ҳисобланади. Нега футболга қизиқмайдиганлар ҳақида гапирмоқдамиз? Сабаби, ушбу спорт турига ўрта даражада қизиқувчи мухлислар ҳам ушбу беллашув даражасини ҳис қилиб туришибди. Бугунги кунимизни режалаштирар эканмиз, албатта унда футбол кўриш банди киритилади. Мана шундай катта воқеа олдида турибмиз.

Айни даврдаги пандемия билан боғлиқ вазият яна кўп йиллар давомида эсланиши аниқ. Ушбу қийин шароитда ЕЧЛда ким чемпион бўлганлиги эса янада қизиқарли саволга айланади. Мана шу жиҳат ҳам финал мавқейини ошириб юборади. 

Бугун ғолиб жамоа требл нишонлашини ҳам унутмаслигимиз керак. Мюнхенликлар 2013 йилда бу ишни уддалаган. Тунда ёки ПСЖ требл қайд этган кам сонли клублар сафига қўшилади ёки “Бавария” требллар сони бўйича “Барселона”га етиб олади.

photo_2020-08-23_17-13-37

ПСЖ

Носир ал-Хелайфининг нақадар хурсандлигини унинг қуйидаги сўзлари кўрсатиб турибди: “Агар ПСЖ чемпион бўлса, “BeIN SPORTS” канали бир йилга текинга эфирга кетади”. У жамоани шу даражага олиб чиқиш учун 1,3 млрд евро сарфлагани ҳақидаги хабарлар чиқди. Аммо бу фақат харид қилинган футболчиларнинг суммасидир. Қатарлик ишбилармон клубни сотиб олиб, унинг инфратузилмасини гранд клуб даражасига олиб чиққунча озмунча меҳнат ва харажат қилгани йўқ. 

Тухелга эса шунчаки респект. Биринчи мавсум у қадар кўнгилдагидек чиқмагач, унинг кетиши ҳақидаги гаплар чиқа бошлади. У эса жимгина ўз ишини бажариб, барча турнирларда стабил ўйнай оладиган жамоа яратди. Ушбу мавсум ҳисобидан барча миллий титуллар қўлга киритилди. Энди улар олдида қолганларидан 180 градусга фарқ қилувчи ўйин, синов кутиб турибди. 

Парижликлар ўз тарихида биринчи бор финалга етиб келгунча катта жамоаларни мағлуб этишига тўғри келди. Гуруҳ босқичида “Реал”га ҳеч қандай имкон қолдирилмади. Нимчорак финалда “Боруссия” ва чорак финалда “Аталанта” ирода эвазига таслим этилганини яхши эслаймиз. Финал остонасида “Лейпциг” кутилмаганда жиддий қаршиликсиз таслим бўлди. 

Еврокубоклардаги учрашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Париж клубининг устунлигини кўрамиз. 8 та беллашувнинг барчаси гуруҳ босқичида ва 5 та баҳс ПСЖ фойдасига ҳал бўлган.

Тахминий таркиб: Навас, Керер, Тьаго Силва, Кимпембе, Бернат, Эррера, Маркиньос, Паредес, Ди Мария, Неймар, Мбаппе.

ПСЖ тренировка

“Бавария”

Мюнхенликларнинг фантастик мавсуми ҳақидаги гаплар ҳар тарафдан жаранг сочмоқда. Келинг, биз уларнинг заиф томонини излашга ҳаракат қилиб кўрамиз. Зеро шундоқ ҳам уларни алқовчи мақолаларни йил бўйи ўқиб келдик. Аввало, “Бавария” каби финалларда кўп мағлуб бўлган жамоа еврокубоклар тарихида бўлмаса керак. Ҳар гал уларга нимадир халақит бериб қолишининг гувоҳи бўламиз. Сўнгги икки финал мисолида барчасини ёдга олишга уринамиз. 2012 йилда Роберто Ди Маттеони бош мураббий қилиб тайинлашга мажбур бўлиб қолган “Челси” финалда уларга рақиблик қилди. Муаммоли Лондон клубини “Бавария” финалда янчиб ташлашига кўпчилик ишонганди. Аммо улар "Барселона”ни тасодифан енгмаганлигини кўрсата олди. Эътибор беринг, учрашув мобайнида деярли ҳужум қилмаган “Челси” учрашув якунланиши арафасида қўлга киритган биринчи бурчак зарбасидан гол уриб кетди. Бунгача мюнхенликлар 17 марта корнер амалга ошириб улгурганди. Ўзи немис машинасига бурчакдан гол уриш анча осон, шекилли. 1999 йилги финалда ҳам ўйин якунидаги 2 та бурчак узатмаси барчасини ҳал қилиб қўйганди. 

2013 йилда эса жароҳатланган Мессиси билан ўйнашга мажбур бўлган “Барселона”ни икки ўйин ҳисобидан ер тишлатган Хайнкес шогирдлари финалда ҳамюртлари “Боруссия”га қарши баҳс олиб бориши лозим эди. Барча “қизиллар”нинг осон ғалабасини тахмин қилиб турган пайтда учрашув тақдири Роббен гол урмагунча мавҳум қолаётган эди. 

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратган бўлардим. Агар Флик “Бавария”ни сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборишга тайёрламаса, иш пачава. Ўйин якунланиши арафасидаги голлар жамоага доим қаттиқ таъсир қилиб келган. 

Демакки, ЕЧЛ финали уларга доим қийинчилик туғдира олган. 

Биз “Бавария”нинг финал имкониятларини пасга туширмоқчи эмасмиз. Финал қанчалик интригага бой ўтса, биз шунча хурсанд бўламиз.

Тахминий таркиб: Нойер, Киммих, Боатенг, Алаба, Девис, Горецка, Тяаго Алкантара, Перишич, Мюллер, Гнабри, Левандовски.

Сўроқ остида: Боатенг, Павар. 

Бавария тренировка

Мураббийлар

Томас Тухель: “Улар яхши тезлик олган. Бу жамоада ғалабага чанқоқ ёшлар ва тажрибага бой футболчилар қоришмасини кўришингиз мумкин. Аммо бизда ҳам ушбу турнирни ютишга муваффақ бўлган Навас, Ди Мария ва Неймар каби футболчилар бор. Аммо “Бавария”да финалларда ўйнаш тажрибаси мавжуд. Айни мана шу уларга кичик устунлик бериши мумкин”.

2859_1597739885_6527

Ханс-Дитер Флик: “Биз доимгидек ўзимизнинг энг яхши футболимизни намойиш этишни хоҳлаймиз. Агар биз ўз имкониятларимиз даражасида ҳаракат қила олсакгина, ушбу ўйинда ғолиб чиқамиз. Улар ЕЧЛ жорий мавсумида атиги 5 та гол ўтказиб юборган ягона жамоа. Бу уларнинг орқа чизиғи ҳужумдагилардан кам эмаслигини кўрсатади. Бизда ушбу учрашув учун аниқ режалар бор ва уларни баҳсга татбиқ эта оламиз, деб ўйлайман”. 

image

Хулоса ўрнида

Биз мавсум давомида “Бавария” услубини қисман ўрганишга муваффақ бўлдик. Улар доимо марказда кучли прессинг уюштириб, рақибни қанотларда ўйнашга мажбур этади. Яъни, марказ орқали кириб бориб, мюнхенликлар дарвозасини ишғол қилиш ҳолатлари жуда кам учрамоқда. Марказда сиқувга учраган ҳужум мажбурий тартибда қанотга кўчар экан бу ерда уни Киммих ва Девис каби ёш ва тезкор футболчилар қарши олади. Кўпчилик жамоаларнинг у қадар тезкор бўлмаган вингерлари бу масалада ўзларини йўқотиб қўйишмоқда. Ҳатто тажрибали Месси қай аҳволга тушганини кўрдик. Аммо ПСЖнинг устунлиги шундан иборатки, ўнг қанотда ҳимоядаги Девисдан тезликда қолишмайдиган Мбаппе ўйнайди. Айнан мана шу уларга катта муаммо туғдириши мумкин. Марказий ҳимояси у қадар мукаммал бўлмаган “Бавария”га Икарди яхшигина қаршилик кўрсата олади. 

Номинал меҳмонлар ҳужуми ҳақида эса нимдир дейишга ожизмиз. Бу ҳужум шу қадар бехато ишламоқдаки, уларнинг ушбу учрашувда гол урмаслиги мумкин эмасдек туюлмоқда. ФИФА томонидан “The Best”нинг қайта тикланиши - унинг Левандовскига топширилиши, демакдир. 

Энг сўнгги хулосани бериш вақти келди. Юқоридаги барча факторларга қарамай, “Бавария” - фаворит. ПСЖ эса бу каби фикрлар нотўғрилигини Даниеле Орсатонинг хуштаги чалингач исботлаши мумкин. 

photo_2020-08-23_17-13-42
Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!