Европа Лигаси финалига чиққан "Айнтрахт"ни бир қисми ўзбек ишбилармони Козим Ариповга тегишли эканлигини биласизми? SPORTS.uz футбол оламини забт этаётган ватандошимиз билан эксклюзив интервьюни тақдим этади!
Бу маълумот сизни ҳайрон қолдириши аниқ. Келинг, аввалига Козим Арипов ким эканлигини билан таништириб ўтамиз. Германиядаги "NEOTRANS GmbH Company" компанияси раҳбари 2011 йилда Франкфуртнинг "Айнтрахт" жамоаси акцияларини харид қилади. Ўша пайтлари жамоа Бундеслига қуйи дивизионининг 10-поғонасида эди. Клуб молиявий муаммолар ўчоғида бўлишига қарамай, қаҳрамонимиз клуб билан меҳнат қилишдан тўхтагани йўқ. Кўп ўтмай, "Айнтрахт" элитага қайтди. Ҳозир эса, УЕФА таснифидаги иккинчи даражали турнир финалида фаворит сифатида ташриф буюриши кутилмоқда. Хўш, бу инсон аслида ким? Қандай қилиб кучли бешликдаги жамоа акцияларини харид қилди? Келажакдаги режалари қандай?
Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Козим Ариповга мурожаат этдик. Вазиятдан фойдаланиб, суҳбатни уюштиришга кўмак берган Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг Европадаги вакили Дилшод Рузметовга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
- "Айнтрахт" жамоаси акциясини сотиб олишдан асосий мақсад нима эди? Бу футболга бўлган муҳаббатми ёки шунчаки бизнес?
- 90 йиллар охирида оилам билан Германияга кўчиб кетдик. У ерда меҳмонхона бизнесини бошладим. Германиядаги футбол атмосфераси мени ўзига ром этди. Вақт ўтиши билан "Айнтрахт" жамоаси мухлисига айланиб бордим. 2011 йилда меҳмонхонамдаги бир доимий мижоз Франкфурт клубидаги акцияларини сотмоқчи эканлигини айтиб қолди. Ўша пайтлари "Айнтрахт" қуйи лигадаги ўртамиёна (2-Бундеслигадаги 10-жамоа) эди. Ҳатто, янада пастки лигага тушиб кетиш хавфи бўлган. Бир сония ҳам ўйламасдан, меҳмонхонам ва жамғарган барча пулларимни клуб акцияларига алмашмоқчи эканлигимни айтдим. Ўйлашимча, бу ишни футболга бўлган муҳаббатим сабабли амалга оширдим ва бирор маротаба афсусланмадим. "Айнтрахт" катта оила ва мен унинг бир қисми эканлигимдан фахрланаман. Футбол - мен учун бизнес, дея олмайман. У менинг ҳиссиёт ва муҳаббатим, унга сарфлаган пулларим ортидан катта дивиденд кутмаганман, бироқ сўнгги пайтларда яхшигина даромад олаётганимни ҳам яширмоқчи эмасман.
- Ўзбек футболини ҳам кузатиб борасизми? Бугунги ўзбек футбол клубларидан бирига эгалик қилиш истаги сизда йўқми?
- Мен чинакам футбол ишқибозиман. Шунингдек, ўзбек футболини ҳам кузатиб бораман. Спортга бўлган муҳаббат бизда оилавий даражага кўтарилган, десам, адашмаган бўламан. Иккала ўғлим ҳам чарм тўп устаси. Бири ҳужумчи бўлса, иккинчиси дарвозабон. Ёшлигимдан "Пахтакор" жамоаси иштирокидаги ўйинларни ўтказиб юбормасликка, уй учрашувларининг деярли барчасини стадиондан томоша қилишга уринганман. Кўп бор ўзимизнинг клублар акцияларини сотиб олиш ҳақида ўйлаганман, аммо "таниш-билишчилик" бор экан, бу ғояни четга суриб туришга мажбурман.
Германияда юқоридан бўлган телефон ёки футболчини асосий таркибга пул эвазига жойлаштириш деган нарса йўқ. Асосий таркибда фақат кучлилар майдонга тушади. Шу боис, немисларда футбол жаҳон даражасида ривожланган. Шундай бўлсада, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ҳам футбол ривожланганини тан олиш лозим. "Насаф" жамоасининг ОЧЛ плей-оффига йўл олганидан жуда хурсанд бўлдим. Мен "аждарлар"нинг барча ўйинларини жонли томоша қилдим. Қойил қолиш керак, йигитлар ҳақли равишда кейинги босқичга чиқишди!
- "Айнтрахт" сиз жамоа акциониерига айланган пайтларингиз қуйи лигада жон сақлаётган эди. Орадан 10 йил ўтди ва клуб УЕФА таснифидаги энг нуфузли мусобақалардан бири Европа Лигаси финалига чиқди. Бу прогресс ортида нима ётади?
"Айнтрахт" акцияларини қўлга киритганимга 11 йилдан ошди. Бу вақт оралиғида немис футболини ичидан ўрганишга улгурдим, деб бемалол айта оламан. Немислар ўзи иштирок этган ҳар қандай мусобақада плей-оффга стабил чиқиб келмоқда. Уларнинг бу муваффақиятини икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчи навбатда, тизимли равишда болалар футболини ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган дастурларни кўрсатишим мумкин. Мисол учун, "иқтидорларни излаш маҳаллий дастури" қанчадан қанча исеъдодларни немис футболига тақдим этди. Иккинчи жиҳат сифатида немис футболида жисмоний тайёргарликка катта урғу берилишини кўрсатишим мумкин. Бу билан чегараланиб қолмаган ҳолда, мураббийлар футболчиларни жамоавий ўйиндаги самарадорлигини ошириш ва ҳар бир ёш футболчига алоҳида ёндашишга ўрганган. "Айнтрахт" жамоаси менежерлари эса, бор эътиборини мураббийлар штабининг босимсиз ишлаши ҳамда янги номларни кашф этишига қаратган.
Франкфурт клубида ўзбек футболчилари пайдо бўлиши мумкинми? Нега бизнинг легионерлар хорижда ўзини яхши кўрсата олмайди, деб ўйлайсиз?
- Жамоа акциясини сотиб олган кунимдан бошлаб, жамоамизни асосий юлдузи ўзбек йигити бўлишини орзу қиламан. Шу боис, бир неча бор маҳаллий футболчиларимиздан бир нечтасини жамоа кўригига чақирдим, аммо уларнинг бирортаси билдирилган ишончни оқлай олмади. Ўша воқеадан сўнг клуб скаутларининг ишига бошқа аралашмадим. Бу масала борасида ЎФАнинг Европадаги вакили Дилшод Рузметов билан суҳбатлашдим. У футболимизнинг оғриқли муаммолари ҳақида соатлаб гапириб бериши мумкин. Энг қизиғи шундаки, грузиялик футболчилар деярли барча кучли лигаларда муаммосиз ҳаракат қилади. Ваҳоланки, ФИФА рейтингида улар биздан анча пастда жойлашган. Ўйлашимча, бизнинг футболчилар тил билан боғлиқ муаммолар сабабли ўзини қийнашни истамайди. Шунингдек, араб клубларидан келган молиявий томондан анча манфаатли таклифлар уларни Еворпага кетишга бўлган иштиёқини тезда "ўлдириб қўймоқда".
Менимча, Европа клублари билан ҳамкорлик қилган ҳолда, болалар футболини яхшилаш лозим. Мисол тариқасида "Насаф" жамоасини кўрсатишим мумкин. Қарши клуби раҳбарлари грандлар билан келишиб, ўз футболчиларини Европа даражасидаги ижрочиларга айлантириши мумкин.
Финалда "Глазго Рейнжерс" жамоаси таслим этилса, SPORTS.uz сайти учун катта интервью беришга ваъда берасизми?
- Очиғи, Германияда барча Европа Лигасининг финали немис жамоалари ўртасида бўлишини кутган эди. Энди "Глазго Рейнжерс" билан куч синашишимизга тўғри келади. Мен ўз жамоам финалда ғолиб чиқишига шубҳа қилмайман. Шу боис, катта видео интервьюга тайёргарлик кўришингиз мумкин.
Я. У
Фикрлар