Фахриддин Мардиев: Яккакурашчиларимиз рейтинг очколарисиз ҳеч қаерга бора олмайди
Ads

Сўнгги йилларда бокс қаторида аралаш яккакураш жанг санъатларида ҳам бир қатор спортчиларимиз халқаро майдонларда муносиб иштирок этиб келмоқда ва чемпионга айланмоқда.

Шу сингари умидли спортчиларимиз бири Фахриддин Мардиевдир. У болалигидан ўз омадини яккакурашларда синаб кўришга қарор қилиб, ўз мақсадларига эришмоқда.

Келинг, яхшиси SPORTS.uz интернет портали навбатдаги меҳмонидан бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олсак...

– Спортга кириб келиш ва фаолиятнинг бошланаши...

– Ассалому алайкум. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди бу ҳаётда. Бу менда ҳам шундай бўлган. Спортга илк қадам қўйишимга отам, (ҳам мураббийим ҳисобланади) сабабчи бўлган. У киши аралаш жанглар бўйича уч карра жаҳон чемпиони бўлган. Мен ҳам буни давом эттириб, олдинига Ўзбекистон чемпиони, кейинчалик Осиё ва жаҳон чемпиони бўлдим. Бундан буёғига ҳам мақсадларимиз катта ва шунга ҳаракат қиляпмиз.

– Аслида бу спорт турига қатнаша бошлаган вақтимда онам қаршилик қилган эди ва ҳаттоки қайтаришга уринган, аммо қизиқишим кучли бўлгани учун қолганман. Ўша вақтларда мен учун Фёдор Емельяненко, Жефф Монсон сингари жангчилар ҳақиқий кумир эди. Менинг бу спортга қизиқишим ўз мевасини узоқ куттирмаган. Илк қатнашган чемпионатим аралаш жанглар бўйича Ўзбекистон биринчилиги бўлган ва 6 ёшимда ғолиб бўлганман.

– Эшитишимизча, бокс билан шуғулланган экансиз?

– Одам улғаяверган сари кўп нарсага қодирман деб ҳис қила бошлайди ўзини. 16 ёшда мен бокс машғулотларига бора бошладим. “Динамо” спорт клубидаги мураббийлар эса мени бундан қайтаришган. Сабаби ёшлигимда яккакурашлар билан шуғулланганим учун бу спортга мослашиш қийин кечган, яъни мен бошқаларга нисбатан тажовузкор ва урушқоқроқ бўлганман. Мураббийлардан жаҳлим чиқиб буни тарк этганман.

– Ҳозирда яккакурашларнинг қайси йўналишида фаолият юритяпсиз?

Кўпчилик қатори ММАда ўз омадимизни синаб кўряпмиз. Машғулотлар асосан Москва шаҳрида бўлиб ўтади. Олдинига икки йил бу шаҳарда яшадим, кейин промоутерларим ММАда жанг қилиш таклифини беришди ва шундан бошланди.

– Комбат айкидо, кикбоксинг ва бошқа яккакурашлар... Бир спортчи учун бирваракайига шунча спорт туридан шуғулланиш оғирлик қилмайдими?

– Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ спорт турилари бўлгани учун менга кўп қийинчилик сезилмайди. Фақат уларнинг баъзи бир қоидаларини яхши билиб олсангиз кифоя қилади деб ўйлайман. Дастлаб жанговар самбо билан шуғулланган бўлсам, кейин кикбоксинг, универсал жанг ва охирида аралаш яккакурашларга ўтганман.

– Қайси яккакурашчимизни зўр деб биласиз?

Аслида бизда кучли яккакурашчилар кўп, бироқ Ўзбекистонда аралаш яккакурашларни бирлаштириб турувчи ташкилот бўлмагани учун ҳеч қаерга чиқа олмайди. Кўпчилиги чет эл промоутерлик компаниялари билан ишлаяпти, лекин уларни дунё миқёсида тан олишмайди.

– Спортчиларимизнинг халқаро даражага чиқа олмаслигига асосий сабаб нима?

– Буларни бошқариб борадиган халқаро федерация бор. Улар ҳар бир промоутерлик компанияси ўтказган жангларни ёзиб боради ва шунга асосан рейтинг тузилади. Россияда ММА Challenger, Fight Night, M-1, Belletor ва шунга ўхшаш турнирлар кўп, аммо унда рейтингсиз иштирок этиб бўлмайди. Тўғри, кучли спортчиларимиз кўп, лекин бу ерда рейтинг кўп нарсани ҳал қилади. Улар боришади, қабул қилишмайди.

– Яккакурашларда рақибга зарар етказмай ғалаба қозониб бўлмайди. Уларга раҳмингиз келмайдими?

– Сирожиддин Эшонбоев деган яккакурашчимиз бор. У жангда қўл ва оёқлар билан рақибни уришни ўзига кўп ҳам эп кўравермайди, иложи борича кураш усуллари (оғритувчи) билан ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Энди бу ринг. Мен қайси қулай бўлса ўшалардан фойдаланаман. Рақиб ҳам шундай. У ҳам сизга қарши тайёргарлик кўрган. Бошқача айтганда сизни “шер” кутиб туради. Ё сиз ютасиз, ё у ютади. Спорт хатони кечирмайди.

– Келажакдаги режаларингиз қандай?

– Насиб қилса, яна 2-3 марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, кейин мураббийликни бошлашни режалаштирганман. Ҳозирда ҳам шогирдларим бор. Улар Ўзбекистон чемпиони ва халқаро турнирлар ғолиби бўлишди. Айниқса, оғир вазнда Жасур Бебетовдан умидимиз катта.

– Устоз-шогирд ҳақида нима дея оласиз?

– Барча шогирдларнинг устозларига қўлоқ солишини истардим. Чунки шогирднинг камчилигини фақат устози кўра олади. Бекорга устоз эмас.

– Сиз қўрқадиган спортчилар кимлар?

– Қизиқ савол. Спортда қўрқиш керак эмас. Қўрқиш мағлубиятнинг асосий омили. Рақиб кучли бўлсада мен урушишга ҳаракат қиламан. Олижи борича шундай рақибларни танлашни маъқул кўраман. Лекин юқорида айтганимдек, бизда рейтинг бўлмагани ёки камлиги учун номдор спортчилар билан уруша олмаймиз. Ўйлайманки, яқин вақтларда бу ҳал бўлади ва ўшанда ўзбек яккакурашчилари ҳам йирик турнирларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишади. Нима бўлганда ҳам, рақибни менсимаслик катта хато!

– Фаолиятингизда ноҳақликлар бўлганми?

– Ёшлигимда кикбоксинг бўйича спорт мусобақасида бир марта мен билан юз берган шунақа воқеа. 2012 йил Ўзбекистон чемпионати доирасида Ҳиндистондаги жаҳон чемпионатига саралашда барча раундларни ўз ҳисобимга ёзиб қўйгандим, аммо якунда рақибимни ғолиб деб топишди. Айнан шу нарсадан кейин мен кикбоксингни тарк этганман.

– Яна бир неча кунлардан сўнг яккакурашлар бўйича йилнинг энг шов-шувли Хабиб Нурмагомедов ва Конор Макгрегор жанги ҳақида нималар дея оласиз. Жангчи сифатида қайси спортчининг имкониятини юқори баҳолайсиз?

– Хабибнинг кучли жангчи эканлигини биламиз, аммо менинг фикримча бу тўқнашувда Конор ғалаба қозонади. Макгрегорнинг ажойиб зарбасини бор, Хабиб эса кўпроқ курашга асосланиб, очиқ жанг қилади. Бу ирландиялик спортчига қўл келиши мумкин. Шундай бўлсада, барчасини бўлажак ҳал қилади. Олдиндан аниқ бирор нарса дейиш қийин.

– Суҳбатингиз учун ташаккур!