ФИФАдан "шедевр" ёхуд 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ўзи нечта терма жамоа иштирок этади?
Сўнгги йилларда футбол ўзгариб бормоқда. Аудитория тобора катталашиб, ўйинлар сони ортаётгани ҳам бор гап. Умуман олганда, биз аввал кўрган футболдан ҳозиргисининг фарқи бор. Гап фақат тактикада ёки янги технологияларнинг кириб келишида эмас. Балки, формат масаласида ҳам.
Биз жаҳон чемпионатларида 32 терма жамоа иштирок этишига ўрганиб қолгандик. 8 та гуруҳ ҳамда ўз квартетида 1 ва 2-ўринларни банд қилган терма жамоа кейинги босқичга йўл олади. Бироқ энди футбол ўйнашни кўпчилик билади. Ҳамма катта турнирларда иштирок этгиси келади ва бу учун катта ўзгаришларга қўл урмоқда. Мисол тариқасида, мундиал ҳам кўпчиликнинг орзусидаги турнир ва кўпчилик унда иштирок этишни истайди. ФИФА ҳам талабгор ва савияли термаларнинг ошганини инобатга олган ҳолда, жаҳон чемпионати форматига ўзгартириш киритди.
Эсингизда бўлса керак, 2026 йилдан бошлаб, мундиалда 32 та эмас, 48 терма жамоа иштирок этади. Шундай қилиб, яна 16 жамоа турнирга йўлланмани қўлга киритади.
2022 йилги турнир учун 31 та ўрин ажратилган бўлса, мезбон Қатар тўғридан-тўғри мундиалда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Айни вақтда йўлланмани қўлга киритган 29 терма жамоа номи маълум. Янги Зеландия - Коста Рика ҳамда Австралия - Перу тўқнашувларида ғолиб бўлган яна икки мамлакат билан тўлиқ иштирокчилар номи маълум бўлади. 2026 йилги жаҳон чемпионатида 48 та йўлланма мавжуд. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигини инобатга олсак, яна 45 та ўрин қолади.
Ўринлар қуйидагича тақсимланади: Европа яна 3 та, Африка - 4 та, Осиё 3-5, Конкакаф 2.5, Конмебол 1.5 ва Океания 0.5
Энг кулгулиси шундаки, йўлланмалар сони кўпайиши маълум бўлгандан сўнг, қитъалар бўйлаб ўринлар тақсимланиб чиқилди. Ҳисоблаб кўрилса, 2026 йилги мундиалда 49 та жамоа қатнашиши керак бўлади. (плей-оффда яна иккита ўйин ўтказилади) Шунингдек, учта мезбон терма жамоани ҳам инобатга олсак, иштирокчилар сони 52 тага етади. Бу эълон қилинган миқдордан 4 тага кўп. Шунда бир қатор саволларга жавоб топилмай қолмоқда. Биринчидан, ФИФА мезбон терма жамоалардан қайсилари ЖЧ финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олишини аниқлаб олиши керак. Иккинчидан, ортиқча бир йўлланма қандай вужудга келди? Энди қайси минтақадан бир ўрин олиб қўйилади? Шунингдек, турнирга Шимолий Американинг 3 терма жамоаси мезбон бўлганини инобатга олган ҳолда, КОНКАКАФ учун бериладиган 3 йўлланмани ҳисобдан чиқариш керак. Буни яхши вариант дея олмайман-ку, аммо чигаллик пайти бир ечим бўла олади. Шундоқ ҳам АҚШ ва Мексика саралаш ўйинларида қийинчиликка учрамаса керак. Хуллас, ФИФА йиғилиш ўтказган ҳолда, бир қарорга келиши лозим. Албатта, бундай катта ташкилотга концептуал ёндашув ярашади. Мавҳумлик ва чигаллик кўп эътирозларга сабаб бўлади, мазкур ҳолат эса бундай катта ташкилот статусига умуман мос келмайди.
Яна бир қизиқарли факт. 2026 йилги жаҳон чемпионатида Жанубий Америка термаларининг 60 фоизи мундиалга боради. Агар плей-офф ўйинида ҳам улардан бир жамоа ғалаба қозонса, бу кўрсаткич 70 фоизга етиши мумкин.
Карим Худайқулов таржимаси
Фикрлар