Футболчиси қолмаган "Шўртан"нинг "Динамо"га қарши ўйини қолдирилди
Хабарингиз бор, жорий мавсум учун қишки трансфер давомида Ғузорнинг “Шўртан” клуби ФИФА тақиқи сабаб янги футболчиларнии рўйхатдан ўтказа олмади. Оқибатда клуб мавсумни 15 нафар футболчи билан бошлашга мажбур бўлди.
Про лига 4-туридан ўрин олган “Шўртан” – “Олимпик” учрашувида ғузорликларнинг 2 нафар футболчиси қизил карточка олди. Шунингдек, жамоада бир қатор жароҳатланган футболчилар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ҳар икки клуб билан ўзаро келишган ҳолда учрашувни кейинроқ муддатга қолдиришга қарор қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.
Айни вақтда “Шўртан” раҳбарияти Тошкентда бўлиб турибди. ЎФА ҳамда ЎзПФЛ билан ҳамкорликда Игорь Криушенко ҳамда Виталий Воривончикдан қолиб келаётган бир неча йиллик қарздорликни бартараф этиш устида иш олиб бориляпти. Вазият тўлиқ изига тушиши билан бу ҳақда алоҳида хабар берилади.
Қайд этиш керак, бунга қадар Про лига 5-туридан ўрин олган “Бухоро” — “Истиқлол” учрашуви ҳам ўтказилмаслиги маълум қилинганди. ЎзПФЛ айнан шу икки учрашувни жонли намойиш этиш устида УзРепорт билан режа ишлаб чиққанди. Эндиликда режа ўзгарди. Футбол-ТВ каналида Про лига 5-туридан ўрин олган “Олимпик” — “Янгиер” ҳамда “Нефтчи” — “Хоразм” учрашувлари намойиш этилади. Ўйинлар вақти билан қуйида танишиб олишингиз мумкин.
Фикрлар