Германияликлар учун андижонча меҳмондўстлик

21 май куни кутилганидек Андижонда катта футбол байрами ташкил этилди. Ўзбекистон U-19 ҳамда Германиянинг «Берлин» U-18 жамоалари ўртасидаги учрашувга катта тайёргарлик кўрилгани стадиондаги муҳитдан ҳам билиниб турди. Ўйиндан олдин эса мухлислар учун концерт дастури ҳам уюштирилди. Шу куни «Соғлом авлод» стадионида байрамона муҳит ҳукмрон эди. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов учрашувдан аввал нутқ сўзлаб, Андижонда ташкиллаштирилаётган халқаро даражадаги ўртоқлик ўйини билан барчани табриклаб, иккала жамоага ҳам омад тилади. Шу билан бирга учрашувга Ўзбекистоннинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳам ташриф буюрганини айтиш жоиз. Шуҳратбек Қўшоқбоевичдан сўнг Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси ҳам бундай ажойиб муҳитдаги футбол учрашуви учун миннатдорчилик билдирди. Шундан кейин вилоят ҳокими анаънага мувофиқ тарзда ҳар иккала жамоа мураббийлари ва футболчиларига ўзбекона зарбоф тўн ва дўппи кийдири, ана энди андижонликка айландинглар, дея ҳазиллашиб ҳам қўйди. Бир сўз билан айтганда, ҳамманинг кайфияти чоғ, айниқса, германияликлар бундай меҳмоннавозликдан ҳайратда эдилар. Қолаверса, ушбу учрашувга яна бир қатор германиялик меҳмонлар ҳам ташриф буюришди.

Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, учрашув чиндан ҳам ҳужумкор руҳда ўтди. «Берлин» футбол академияси аъзолари узоқ йўлдан келишгани учунми, ўйинни кўпроқ ҳимоядан ўйнадилар. Аксига олиб, вакилларимиз тезкор ҳужумлар уюштириб рақиб дарвозабони олдида бир қатор хавфли вазиятларни яратдилар. 22-дақиқада эса ҳисоб очилиши мумкин эди. Жарима майдони ичидаги қўполлик учун белгиланган пенальтини Жасур Жалолиддинов амалга оширди. Аммо унинг зарбаси тўсинга тегиб қайтди. Стадиондаги муҳит ва мухлисларнинг тинимсиз қўллаб-қувватлаши футболчиларимизни янада катта иштиёқ билан ўйнашга ундади. Танаффусгача бемалол ҳисобни очиш учун вазиятлар бўлди, аммо фойдаланишга келганда йигитларимиз оқсашди. Иккинчи бўлимда эса рақиб жамоа мураббийи таркибда бирданига тўртта ўзгаришни амалга оширди ва бунинг самараси ўлароқ улар иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқасидаёқ ҳисобни очишди. Тезкор ҳужумга ўтишган немислар ҳимоячиларимизнинг бирозгина эътиборсизлигидан фойдаланиб, Тил Мушковски дарвозабон билан бирга-бир вазиятда гол уриб ҳисобни очди. Лекин бу гол терма жамоамизга салбий таъсир кўрсатгани йўқ. Аксинча, янада ҳужумга зўр беришди. Натижада орадан кўп ўтмасдан ҳисоб тенглашди. Қанотдан кириб борган Руслан Розиев кучли зарба берди ва уни дарвозабон қийинчилик билан қайтарди. Аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Хожимат Эркинов дарвозага жойлаб қўйди – 1:1. Шу куни терма жамоамиз таркибида Жасур Жалолиддинов, Руслан Розиев ва Хожимат Эркиновлар ажралиб туришди. Қолаверса, немислар учун Андижондаги ҳаво анча иссиқлик қилди шекилли, ўйин пайтида ора-орада бутун жамоа бўлиб томоқларни хўллаб туришди. Умуман айтганда, вакилларимиз рақибга нисбатан ташаббусга эришган бўлишса-да, якунда 1:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди. Ўйиндан кейин эса мухлислар иккала жамоа аъзоларини қарсаклар билан кузатиб қўйишди.

Ўзбекистон U-19 – «Берлин» U-18 – 1:1 (0:0)

21 май. Андижон. «Соғлом авлод» стадиони.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов, А.Маражабов, З.Абдураҳмонов.

Ўзбекистон U-19: Абдувоҳид Неъматов, Саидазамат Мирсаидов, Одилбек Абдумажидов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Хожимат Эркинов, Жасур Жалолиддинов (Иброҳим Ибрагимов, 79), Суннатилла Хамиджонов, Руслан Розиев (Фарҳод Соҳибжонов, 54), Диёр Холматов (Мироншох Сатторов, 53), Улуғбек Ҳошимов (Музаффар Олимжонов, 53), Диёр Раҳмонқулов.

«Берлин» U-18: Флориан Хоренбур (Фредерик Миттестадт, 46), Харит Бакатц (Ферис Фейвалд, 77), Серхат Пўлат (Никос Волф, 46), Хакан Дундар, Лауренз Дель, Линус Фуертенов (Жонатан Катч, 60), Максимилиан Скинбауер, Тил Мушковски, Ноах Шмитц (Косе Хасан, 46), Берат Эрдоган (Мерт Акарсу, 46), Маттиас Коч.

Голлар: Тил Мушковски, 46 – 0:1. Хожимат Эркинов, 52 – 1:1.

Амалга оширилмаган пенальти: Жасур Жалолиддинов, 22.

Огоҳлантириш: Лауренз Дель, 90+5.

Ўйиндан кейинги матбуот анжумани

Генри Ренош: «Бутун умр эсда қоладиган ўйин бўлди»

- Биз учун ўйин фантастик тарзда ўтди. Жамоамиздаги ҳамма ўйинчиларга стадиондаги муҳит жуда ҳам ёқди. Боиси, улар бундай юқори даражадаги муҳитда биринчи марта ўйнашди. Шу боис бугунги тажриба улар учун бутун умрга эсда қоладиган бўлди, - деди мураббий.

- Ушбу учрашувдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида қандай фикрга эга бўлдингиз?

- Ўзбекистон терма жамоасини яхши ўйнаётганини олдиндан билиб тургандик. Уларнинг ўйин услуби тезкор ва ҳужумкорлигини билардик ва буни майдонда яна бир бор кўрдик.

- Рақиб таркибидан қайси футболчиларнинг ўйини сизга ёқди?

- Биринчидан рақиб жамоанинг ҳужум чизиғини алоҳида айтган бўлардим. Шунингдек, 17-рақамда тўп сурган (Руслан Розиев) футболчининг ҳаракатлари менга ёқди. У ҳимоячиларимизга кўп муаммолар туғдирди.

- Умуман, учрашувдан кўнглингиз тўлдими?

- Рости, дуранг натижадан мамнунмиз. Чунки Ўзбекистон терма жамоасида гол уриш учун имкониятлар кўп бўлди. Дарвозабонимиз эса уч марта ажойиб сейвни амалга оширди. Биз эса кўпроқ ҳимояда ўйнаганимиз учун олдинги чизиқда унчалик кўп имкониятларимиз бўлмади.

- Ушбу учрашувдан нима ўргандинглар?

- Ўйлашимча, бугун Ўзбекистон бизга қарши қаттиқ ўйин кўрсатди. Лекин буни нормаль ҳолат деб ҳисоблайман. Лекин Германияга қараганда бу ерда ҳакамлик бироз бошқачароқ экан. Масалан, бизда ҳакамлар курашларга бошқача қарашади. Бугунги ўйинда бир-икки вазиятда рақиб ўйинчиси иккала оёғи билан рақибга ташланди. Бундай ҳолатда Германияда ҳакам дарҳол қизил карточка кўрсатади. Умуман, Германияда ўйин пайтида рухсат бериладиган вазиятларга бу ерда ҳакам хуштак чалар экан.

- Жамоангиздаги айрим ўйинчиларнинг ёши каттароқ кўринди. Уларнинг барчаси бир хил ёшдами?

- Ҳаммаси 2001 йилда туғилган. Дарвозабонимиз эса 2002 йилда туғилган.

Отабек Ғуломхўжаев: «Стадиондаги муҳит мен кутганимдан ҳам аъло даражада бўлди»

- Биринчи навбатда стадионда мана шундай ажойиб муҳитни яратиб бергани учун жамоам номидан Андижон халқига миннатдорчилик билдираман. Муҳит идеал даражада бўлди. Ҳаммаси мен кутганимдан ҳам ортиқ бўлди. Фақат ўйин бўйича айрим йигитларимизнинг майдонда ўзларича ўйлаб топаётган қарорларидан 20-30 фоизга кўнглим тўлмади. Барибир ўйлаб қарасам, улар ҳали ёшлигига боришаркан. Очиғи, мен кутган футболчилар ўз ўйинини 50 фоизга ҳам бажаришмади, - дейди Ғуломхўжаев.

- Берлин жамоаси сизда қандай таассурот қолдирди? Агар уларнинг ўрнига Германия ёшлар терма жамоаси бўлганида ўйин қандай бўларди?

- Ҳа, рақибни кўрдик. Улар йўл босиб келишганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, кейинги ўйинимиз янада қизиқарли ўтади. Рақиб жамоа бу ўйинга етарлича тиклана олишмади. Биз рақибдан чўчимадик. Аммо улар ҳимояда тартибли ҳаракат қилишди. Улар ҳимоядан ўйнашганининг сабаби ҳозирда рақиб жамоа ўз кучини кўрсатадиган ҳолатда эмасди. Дарвозамизга голни ҳам тезкор қарши ҳужум орқали киритишди. Менимча, Германия терма жамоасини кучли деб ҳисоблайман. Агар майдонда айнан улар бўлишганида балки шунга яраша йигитларнинг тайёргарлиги ҳам бошқача бўларди.

- Бугунги учрашувда жамоангиз яхши таассурот қолдирди. 1:1 ҳисобидан кўра ғалабага лойиқ эдик. Чунки голли имкониятлар кўп бўлди, ҳатто пенальтидан ҳам фойдалана олишмади. Бундай вазиятларда жамоангизга нима етишмади?

- Бундай ўйнашимизга рақиб имконият яратиб берди. Ҳа, яхши ўйнадик. Аммо ғалабага лойиқ бўлиш учун ўша вазиятларда охирги зарбани аниқ бера олиш керак. Таркибимизда ҳали 17 ёшга тўлмаган 3-4 нафар болалар ҳам бор. Тўғри, ҳужум қилишни биляпмиз. Бироқ охирги зарбани беришда барибир тажриба етишмаяпти. Балки бугун Германия терма жамоаси бўлганида имконият ҳам ярата олмаган бўлармидик. Аммо мени хурсанд қиладигани, жамоамизда индивидуал жиҳатдан яхши футболчилар кўп. Футболнинг чиройи шундаки, олдинги чизиқдаги футболчиларнинг креативлигидан тўғри фойдаланишда.

- Бугунги учрашувдан хулоса чиқарган ҳолда Наманганда ўтадиган беллашувга таркиб ва ўйин жиҳатидан қандай ўзгаришларни амалга оширмоқчисиз?

- Бу ерга 22 нафар ўйинчи билан келганмиз. Бугун захирадаги футболчилар билан ҳисоблаганда 16 та ўйинчини майдонга туширдим. Кейинги учрашувда эса ўйнамаган олтита футболчига асосий таркибдан жой бераман. Чунки бу йиғин. Уларни бундай муҳитда кўришга яна қачон вақт бўлади? Эртага ўйиннинг дискини кўриб ўрганамиз. Аввало ўзимизнинг хатоларни кўрамиз ва иккинчидан рақибни ҳам ўрганиб чиқамиз. Ҳеч қачон рақибнинг ўйинидан келиб чиқиб тактика танламайман. Майдонда индивидуал маҳорати кўпроқ бўлган йигитларга ҳам эътиборни қаратаман. Нимагаки, улар майдонда ўз ишини эплаб кетишади. Рақибнинг таркибида майдон марказида ўйнаган жамоа сардорининг ўйини менга ёқди. Эртага улар ҳам менга ўхшаб ўйинимизни ўрганиб чиқишади. Шу боис иккинчи учрашувда футболчиларни ўзгартираман. Майдонга битта тактика билан чиқиш эмас, балки ўйин давомида услубларни ўзгартиришни билиш керак. Лекин бунинг учун бизга вақт керак. Чунки ҳозир таркибда ротация қиляпмиз.

- Рақиб жамоа устози терма жамоамиз таркибида Руслан Розиевнинг ўйини ёққанлигини айтди. Бунга фикрингиз қандай?

- Шу бола 17 ёшга тўлиши учун ноябрь ойини кутиши керак. «Пахтакор»га борганимда унинг ўйинларини кўраман. Ҳозир улғаядиган пайти келди. Лекин айни пайтда қаерда ўйнаётганини ўзи тушунмаяпти. Қаерда алдаши керак, қаерда пас бериш керак ёки жамоа учун қандай ишлаши керак, буларни тўлиқ англамаяпти. Русланда шунақа нарса борки, у тезда хафа бўлиб қоладиган характерига ҳам эга. Қаердадир ўзига пас берилмаса ўйинни «ташлаб» қўяди. Бир вазиятда Розиев ўртадан кириб бориб, тўпни Жасур Жалолиддиновга бермади. Кейинги ҳолатда эса Жасур худди шундай вазиятда тўпни Русланга бермади. Кейин ўйинда пауза бўлганида иккаласини ҳам чақириб, ҳозир биз майдонда 9 киши ўйнаяпмиз. Агар иккаланг яна шунақа ўйнашда давом этишсанг, дарҳол захирага ўтиришасан дедим. Шундан кейин бир-бири билан чиқишиб ўйнашни бошлашди. Лекин Розиевнинг имкониятлари катта. Шу гапимни эслаб қолинглар, агар у ўз ўйинини тўғри йўлга қўйиб олса, вақти келиб Ўзбекистонда етакчи футболчилардан бирига айланади.

- Водийда ўйнаб мухлисларнинг босимига жамоангиз қанчалик бардош беришини ҳам синамоқчи эдингиз. Сиз ўйлаган нарса кузатилдими?

- Ҳа, кузатилди. Мазза қилдим. Мураббий сифатида ўзим ҳам бундай муҳитда биринчи марта бўлишим. Мухлислар ҳатто футболчиларнинг номларини эслаб уларни қўллашди. Фақат Жасур Жалолиддинов захирага олинаётганида мухлислар бироз эътирозли охангда бақиришди. Чунки у «Бунёдкор» сафида «Андижон»га гол урганди. Уни ўйиндан олганимдан сўнг Жасурга мухлисларнинг бундай ҳайқириғи ўша голингники, агар гол урмоқчи бўлсанг учта гол ургин, бўлмаса умуман гол урмагин деб ҳазиллашиб қўйдим.

- Иккинчи бўлим бошида рақиб жамоада дарвозабон алмашди. Сиз ҳам танаффусдан кейин иккинчи дарвозабонга имконият берсангиз бўлмасмиди?

- Бизда дарвозабонлар мураббийи бор ва маслаҳатлашамиз. Шундай қиламизки, ҳар бир посбонга битта ўйиндан имконият берамиз. Кейинги ўйинда эса бошқасига имконият яратамиз. Абдувоҳид Неъматов Суперлигада учта ўйинда ўйнади. Ўша баҳсларда «Насаф»ни голлардан қутқариб қолган вазиятларини кўрдик. Рости, уни фақат битта ўйинга сўрадик. Рўзиқул ака Бердиев саралаш баҳсларига 2-3 ой қолганида бемалол фойдаланинглар, аммо ҳозир мен ҳам у билан Умид Эргашевга ишониб қолганман деди. Чунки олимпия терма жамоасига Умид Эргашев билан бирга Абдувоҳид Неъматов ҳам чақирилган. Иккинчи дарвозабонимиз эса Англиянинг «Лестер» жамоасидан келган. Намангандаги учрашувда уни майдонга туширамиз.

- Амал Шавкатов қандай қилиб, «Лестер»га бориб қолган?

- Менимча, ёшлигида ота-онаси Англияга кетишган. Аммо билишимча, Шавкатов ҳам футболни «Пахтакор»дан бошлаган. Ўз вақтида Темур Олимхўжаев бошчилигида 2000 йилдан туғилган футболчиларнинг терма жамоасида ишлаганимда у йиғинимизга келганди. Шу боис уни эслаб қолгандим. Кейин бу терма жамоа билан ишга киришганимдан кейин Амал Шавкатов эсимга тушиб қолди ва қидириб топдик. «Андижон» бош мураббийи Жамшид ака Саидов орқали топдик. Чунки у ҳам бухоролик. Ҳозирги кунда ушбу ўйинчимизнинг скаути билан боғландим. Айтишича, кейинги йили Германиянинг қайсидир клубида пайдо бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Isakhodjaev Muhtorjon
23/05/2019 01:24
Namangandagi muhitham yahshi buladi muhlislar Uzbegim yigitlarini qullab quvatlashadi
&
Юксак марралар сари
22/05/2019 21:45
Бизда уйиндаги вазиятга караб эмас футболчи вай билат деса булди штраф