Ғиёсжон Комилов: Менга хориждан ва Ўзбекистон миллий терма жамоасидан таклиф бўлди
Ads

 

Мавсум бошланишидан аввал «Машъал»дан «Навбаҳор»га кўчиб ўтган Муборакнинг собиқ ҳимоячиси Ғиёсжон Комиловнинг бу мавсумдаги фикрлари билан қизиқдик. Бу ҳақда voha.uz хабар бермоқда.

Бу йилги мавсумда сизни кўпроқ қайси клуб ҳайратлантирди? Ёки чемпионатимизда қандай ўзгаришларга гувоҳ бўлдингиз?

– Аввало мавсум кутилмаган натижалар билан бошланди. Бу йил мағлуб бўлмаган жамоанинг ўзи қолмади. Пешқадамлар сафида юрадиган «Локомотив», «Насаф», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» каби етакчилар ҳам мағлубият аламини татиб кўришди. Менимча, чемпионатимизда тасодифий натижалар кўп бўлаяпти. Бу футбол ишқибозларининг қизиқишини ортираяпти.

Иккинчи давра қандай кечади, кимнинг имконияти юқори? Бу мавсум сизни ҳайрон қолдирган жамоа қайси бўлди?

- Иккинчи давра янада кучлироқ бўлиши аниқ, мени ҳайрон қолдирган воқеа «Обод» жамоасининг чемпионатдаги иштирокини тўхтатиши бўлди. Жамоалар биттага камайса олий лигадан тушиб кетиш имконияти ошиб кетади. Шу боис баҳслар янада шиддатли кечади. Мени ҳайрон қолдирган яна бир ҳолат шуки, одатда пастки ўринларда юрадиган жамоалар етакчи клубларни мағлуб этишни уддалашмоқда. Айниқса «Қўқон-1912» ажойиб ўйин намойиш этмоқда.

Иккинчи даврага «Пахтакор» жиддий таёргарлик кўрмоқда, таркибига миллий ва хориж чемпионатларида тўп тепган тажрибали футболчиларни қўшиб олишди. “Шерлар”ни чемпионлик учун имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Ҳа «Пахтакор» ажойиб ўзгаришларни амалга оширмоқда, Бразилия, Исроил ва «Насаф»нинг энг кучли икки футболчисини харид қилди. Менимча, «шерлар» иккинчи даврада энди анча мазмунли ўйин намойиш этишса керак.

«Насаф» икки етакчи футболчиларини қўйиб юборди. Энди «аждарлар»нинг имконияти пасаядими?

- Мен бундай ўйламайман, чунки «Насаф» таркибида шундоқ ҳам маҳоратли футболчилар жуда кўп. Қолаверса, “Насаф” клубида етарлича умидли ёшлар доимо топилади. Бу ҳолат жамоа имкониятини пасайтирмайди. Келажаги бор.

Сиз фаолиятингизни катта қисмини «Машъал»да ўтказдингиз, қачонлардир яна «газчилар» сафига қайтишингиз мумкинми?

– Ҳа тўғри айтдингиз, «Машъал»да мен учун қадрли бўлган кўп нарсалар қолди. Муборак менинг иккинчи уйимдек. «Газчилар» шаҳрида беш йил яшадим, барчаси учун «Машъал»га рахмат айтаман, қачонлардир яна Муборакка қайтишимга умид қиламан. Дўстларимга омад тилайман.

«Навбаҳор»да сиз учун энг яқин инсон ким?

- Мен учун жамоадошларимнинг ҳаммаси яқин,  улар менинг яқин дўстларим.

Хориж клубларидан сизга таклиф бўлдими?

- Ҳа 3-4та яхши жамоалардан таклиф тушди яна МТЖдан чорлов олгандим, аммо менда ҳозир жарохат борлиги сабаб, бу таклифлар амалга ошмай қолди, афсус. Лекин «Навбаҳор» учун ҳам ҳали хизмат қилишим керак.

Минбар

Барча блоглар