Гол урган Шомуродов ва Файзуллаев ўйинига неччи балл берилди?
Легионерларимиз зўр ўйнади
«Истанбул Башакшеҳир» ўз майдонида «Самсунспор» устидан йирик ҳисобда – 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Туркия футбол чемпионати 10-туридан ўрин олган ушбу учрашувда ғолиб жамоа сафида ўзбекистонлик футболчилар – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ҳам гол урди.
Ҳисоб ўйин бошланишидан кўп ўтмай очилди: 10-дақиқада Элдор Шомуродов рақиб дарвозасини ишғол этди. 22-дақиқада Танги Кулибали ҳисобни тенглаштирди. Аммо орадан кўп ўтмай, 25-дақиқада Андреас Сков Ольсен томонидан урилган гол «Башакшеҳир»ни яна олдинга олиб чиқди. 41-дақиқада Эмин Байрам ўз жамоаси устунлигини мустаҳкамлаб, ҳисобни 3:1 қилди.
Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар устунликни қўлдан бой бермади. 75-дақиқада Уссейну Ба тўртинчи голни урди. 84-дақиқада Элаис Ташшан «Самсунспор»нинг ҳисобдаги фарқни қисқартиришга эришди.
Бироқ захирадан майдонга тушган Аббосбек Файзуллаев асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда жамоасининг бешинчи голини киритиб, учрашувга якуний нуқта қўйди – 5:2.
Ушбу ғалабадан сўнг «Башакшеҳир» 10 ўйинда 14 очко тўплаб, турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилди. «Самсунспор» эса 4 очко билан 17-поғонада қолмоқда.
Статистик кўрсаткичларга ихтисослашган Flashscore портали маълумотларига кўра, Истанбул клуби ўз майдонида рақибни 5:2 ҳисобида мағлуб этган ўйинда бир қатор футболчилар юқори балларга сазовор бўлди.
Чемпионатдаги саккизинчи голини киритган Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг ўйини Flashscore томонидан 8,1 балл билан баҳоланди. Истанбул клуби таркибида фақат тўрт нафар футболчи ундан юқорироқ кўрсаткич қайд этди. Жамоа ҳимоячиси, Грузия вакили Саба Харебашвили эса энг юқори — 8,9 баллни қўлга киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев 78-дақиқада захирадан майдонга туширилди ва қисқа вақт ичида бир голли узатма муаллифига айланди. Унинг майдондаги ҳаракатлари портал томонидан 7,5 баллга лойиқ деб топилди.

Изоҳлар (0)