Голливуд киноларида ҳам учрамайдиган воқеа! Оиласи учун ўлимга тенг жангга чиққан боксчи ҳикояси!

Бундан қарийб 100 йил аввал бўлиб ўтган бир воқеани сизларга сўзлаб бермоқчиман. Тўғри, йиллар ўтгач, воқеа актуаллигини йўқотади дейишингиз мумкин, аммо ишонинг бу воқеа яна 100 йилдан сўнг ҳам ўқувчини ларзага солади. Афсонавий боксчи - Билли Миске бокс тарихида қайси қаҳрамонлиги учун олтин ҳарфлар билан битиб қўйилганини биласизми? У аслида ким?

Билли Миске ҳақида қисқача

Билли Миске4

Ушбу воқеани сўзлаб беришимиздан аввал, унинг қаҳрамони билан яқиндан танишиб олишимиз шарт. 1894 йилнинг 12 апрель санасида Миннисота штатидаги миттигина Цент-Пол шаҳарчасида бир болакай дунёга келади. Унинг оиласи жуда қашшоқ ҳаёт кечиргани боис, Билли ёшлигида бирор маротаба тўқ қорин билан уйқуга ётмайди. Шу боис, ҳаётини ўзгартириш учун 12 ёшдан бошлаб, бокс билан жиддий шуғулланишга киришади. 19 ёшга қадам қўйгач, профессионал боксдаги дебютида рингга кўтарилади. Ўша даврларда бокс оиласини оч қолмаслигини таъминловчи ягона восита бўлгани боис, Билли боксни спорт эмас, ҳаёт тарзига айлантиради. Кунига 3 бор 2 соатдан ўтказилган машғулотлар ўз сўзини айтмай қолмади.

Тўғри, Миске фантастик карьера эгаси эмас, аммо бунга етарлича сабаблар бор. Ўша даврларда, чармқўлқоп эгалари 30 раундли жангларда иштирок этар, кўпроқ пул ишлаш учун бир ойда 3-4 бор рингга кўтарилишга мажбур эди. Зич тақвим сабабли, тез-тез мағлубиятларга учраб туриши табиий. Шунга қарамай, қаҳрамонимиз оғир вазн тоифасидаги элитадан жуда узоқда бўлган боксчи ҳам эмас. Унинг афсонавий чемпион - Жек Демпси билан тўқнашуви ҳали-ҳамон турли рейтингларда ушбу спорт тарихидаги энг зўр тўқнашувлардан бири сифатида қайд этилади. Билли мутлақ жаҳон чемпионлиги камари учун бўлган жангда Демпси билан тенгма-тенг "олишади", бироқ очколар фарқи сабабли Жек чемпионликни ўзида сақлаб қолади. 1918 йилда Билли жаҳон бокси тарихидан муқим ўрин эгаллаши мумкин эди, аммо Демпси бунга йўл қўймаган. Аламли мағлубиятга учраган Билли чуқур депрессияга тушиб қолмади, аммо ўша йил охиридаги бир воқеа уни батамом "синдирди".

Диагноз

ш4о5пш45опш4оп5

1918 йилга келиб, қаҳрамонимиз оила қуради. Спортдаги ютуқлар, яхшигина пул ва севган аёли. Барчаси бахтли бўлиш учун етарлидек кўриниши мумкин. Афсуски, ҳаётнинг зарбаси рингдагидан анча кучлироқ. Сабаби, уни қачон ва қандай келишини тахмин қилишнинг имкони йўқ. Демпси билан тўқнашувдан сўнг, ўзини ёмон ҳис қилишни бошлаган Мискега шифокорлар Брайт касаллиги билан оғриётганини маълум қилади. Замонавий медицинада бу дарднинг номи нефрит. Ҳозир бу дардни енгиш мумкин, лекин бундан 100 йил олдин нефритнинг якуни ўлим эди. Шифокорлар боксчига узоғи билан 5 йил умри қолганини айтишга мажбур бўлади. Бокс билан шуғулланиш, қолган 5 йилни бир неча баробар қисқариб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиришади.
Бу пайтга келиб, Биллининг оилавий бизнеси банкротга учраган, қарзлари ортиб бораётган эди. Унинг оила аъзолари ва ота-онаси унинг кўмагига жуда муҳтож эди. Натижада, Миске спортга қайтишдан бошқа чора топа олмади. Бутун умр бокс билан шуғуллангани боис, бошқа иш унинг қўлидан ҳам келамаслигини тушунган қаҳрамонимиз касал эканлигини барчадан яширади.

Билли Миске3

Каттароқ пул ишлаш мақсадида Миске оғир вазн чемпиони Жек Демпси билан яна икки бор рингга кўтарилади. Оддийроқ боксчилар билан жанглар катта даромад келтирмаслигини англагач, Билли яна оғир машғулотларни бошлаб юборди. Демпси билан иккита жангдан сўнг, у яхшигина пул ишлаб олди. Афсуски, чуқур нокаутга учрагач, соғлиғи янада ёмонлашди. Касаллик организмни анча заифлаштиргани кўзга ташлана бошлади.

Демпсидан 2 бор енгилгач, кичикроқ гонорар эвазига бўлса-да, Билли рингга кўтарилишда давом этди. Туғма панчер бўлгани боис, у 3-4 раундларга қадар бор кучини бир зарбага жойлашга уринар, агар жанг 5-раундга кўчса, оғир зарбалар таъсирида кўзини шифохонада очар эди. Кетма-кет жанглар ва оғир машғулотлар ўз сўзини айтмай қолмади. 1923 йилга келиб, Билли тўшакка михланди.

Оила учун сўнгги жанг!

1923 йилнинг кузига келиб, касаллик сабабли кучдан қолган Билли оғир аҳволга тушиб қолди. У балиқ қайнаган сувдан бошқа нарсани истеъмол қилмас, организми ҳатто нонни ҳам ҳазм қила олмай қолган эди. Тўғриси, оила дастурхонида балиқ қайнаган сувдан бошқа нарса йўқ эди десак, адолатдан бўлади. 5 йил ичида Миске 5 бор ота бўлди. Болалари кўз олдида очликдан қийналаётганини кўрар экан, ўзининг ёшлик даврлари кўз олдига кела бошлади.

Оилапарвар Миске фарзандларини жуда ҳам яхши кўрар, жавдираб турган кўзларга қараб ич-ичидан эзилар эди. 1923 йилнинг ноябрида оила ўзининг сўнгги центларини ишлатиб бўлди. Болалари аллақачон янги йил байрамини кутишни бошлаган. Дастурхон тузаш уёқда турсин, ҳатто коммунал тўловлар учун пул йўқ. Чироқ ўчирилганига 2 ойдан ошган. Тобора ўлими яқинлашаётганини сезган Билли абадий сафар олдидан оила аъзоларини хурсанд қилишга қарор қилди.

Унинг сўнгги бор рингга кўтарилмоқчи эканлигини эшитган агенти аввалига таклифни рад этди. Хатто, бироз пул ҳам таклиф қилди. Билли кўзда ёш билан сўнгги имкон беришини ялиниб ёлворди:

"Нима фарқи бор? Тўшакдами ё рингда? Бу ўлимни ногиронлар аравачасида кутишдан яхшироқ!"

Billi MIske

Билли дўсти кўзда ёш билан жангга рози бўлганини кўргач, ўзи ҳам йиғлаб юборди. Улар узоқ пайт сўзсиз жим ўтиришди. 1923 йилнинг 7 ноябрь санасида ўзининг оғир зарбаси билан барчага яхши таниш бўлган Билли Миске янга рингга қайти. Кўпроқ гонорар ишлаб олиш мақсадида у ўша даврнинг энг кучли боксчиси - Билл Бреннан билан тўқнаш келди. Бунга қадар, бирорта боксчи Билл билан рингни бўлишишни истамаган бўлса, машғулот ўтказишга ҳам ҳоли йўқ Миске уни жангга чорлади.

7 ноябрь оқшоми бутун Американи қалқитиб юборди. Миске Бреннанни 4-раундда чуқур нокаутга учратди. Оиласи учун сўнгги кучини рингда сарфлаган Билли ўша пайт учун анчагина катта пул саналган 2400 доллар билан уйга қайтди.

Кўп ўтмай, янги йил оқшоми учун тайёргарлик бошланди. Билли барча яқинларини ўз уйида жамлади. Тўкин-сочин дастурхон атрофида 31 декабрь оқшомида ҳаётидаги энг сўнгги бахтли кунини ўтказди. Тонгда ўғиллари совғалар сабабли бирдан унинг хонасига отилиб кирганини кўргач, юзида табассум пайдо бўлди. У оиласи олдидаги сўнгги бурчини бажарганини ҳис қилиб, енгил тин олди.

1924 йилнинг биринчи куни тушлик пайти Билли ҳушини йўқотди. Шифонада кўзини очар экан, турмуш ўртоғининг хавотирли нигоҳини кўриб жилмайди. Умри якунланишига бир неча соат қолгандагина 5 йилдан бери нефрит касаллиги билан оғриганини айтди... Кечга бориб, Билли бу ёруғ оламни тарк этди.

Тўғри, Билли бокс оламида жаҳон чемпиони ёки юлдуз даражасига чиқа олмади, аммо ҳар қандай спортчи биринчи навбатда инсон бўлиши шарт. Бугунги ҳикоямиз ўзининг сўнгги кунларини катта машаққат эвазига оиласининг бир неча сониялик қувончи учун сарфлаган оддий йигит ҳақида эди.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!