Гвардиолани даври ўтди деганлар ўқисин
2020 йил «Манчестер Сити» учун омадли якунланмади. Жамоа йил сўнгида турнир жадвалининг кучли тўртлигида йўқ эди. Кераксиз ўйинларда очко бой берилиши, омадсиз старт сабабли, мутахассислар Пепнинг даври якунланаётганини тахмин қила бошлади.
30 декабрь санасида «Globe Soccer Awards» испаниялик мураббийни XXI асрда фаолият олиб борган энг кучли мураббий, деб эълон қилди. Гвардиола ўтказилган сўровномада Фергюсон, Моуриньо ва Зиданни ортда қолдирди. Бу ютуқ қаҳрамонимизни ўз кучига бўлган ишончини қайтариб берди. Январь ойидан вазият яхшиланишни бошлади.
Жамоа Англия лига кубоги баҳсида «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этиб, финал йўлланмасига эга чиқди. Бу Пеп бошчилигидаги "Сити"нинг кетма-кет 4-финали. Бундан 40 йил аввал, «Ливерпуль»гина бу трюкни амалга оширган эди.
Кейин АПЛ учрашувларидаги омадли серияга старт берилди. Умумий ҳисобда «Сити» кетма-кет 12 та ғалабага эришди. Тўплар нисбати 31:3. Бу рекордни «шаҳарликлар» 141 йил ичида илк бор амалга оширди. Январь ойида Гвардиола шогирдлари кетма-кет 9 та ўйинда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Бу 1888 йилда йилдан бери ташкил этилаётган мусобақа тарихидаги энг яхши натижага айланди.
АПЛнинг навбатдаги турида «Сити» «Бёрнли» билан куч синашади. Агар жамоа ғалаба қозонса, серия давом этади. Пеп бу орада ўз мураббийлик юбилейини нишонлади. У фаолиятидаги 500-ғалабаси тантана қилди. 2008 йилда мураббийликка қадам қўйган мутахассис 673-бор жамоасини майдонга бошлаб тушган. Бундан кўриниб турибдики, қаҳрамонимиз ўз жамоалари иштирокидаги учрашувларнинг 74 фоизида ғалаба қозонган.
«Бу осон бўлмади. Қанчалар оғир бўлишини тасаввур қилган эдик, бироқ ҳаракат қилишда давом этдик. Қаторасига 12 та ғалабадан сўнг ҳам йигитлар ғалабага чанқоқ. Биз учрашувларда «Сити» либосида тўп сурганимиз учун ғалаба қозонмаяпмиз. Бунинг учун футболчиларим майдонда жанг қилмоқда.»
"Sky Sports" нашри учун берган интервьюсида Пеп клубнинг январь ойидаги фантастик учрашувлари сабабини келтириб ўтди.
«Менга бизнинг ўйинимиз жуда ёқмоқда. Биз аввалги ўйин моделимизга қайтяпмиз. Энди вингерлар янада кенгроқ ҳаракат қилмоқда. Қолган барчаси футболчиларнинг маҳорати. Мавсум бошида улар бир хил формада эмас эди. Шу боис, ўйинимизда стабиллик етишмади. Ўйлашимча, мавсум стартида биз тўп билан жуда кўп масофа босиб ўтишга уриндик. Энди эса, пастроқ темп билан ўйин натижасига таъсир кўрсатяпмиз».
Cўнгги ўйинларда «Сити»нинг сермаҳсуллиги ошгани рост. Қарши ҳужумлар сабабли мавсум стартида бой берилган очколардан тўғри хулоса чиқарган Пеп эҳтиёткорроқ ҳаракат қилмоқда. 18 январь санасида 50 ёшни қарши олган қаҳрамонимиз мавсумни кўтаринки кайфиятда якунлаш илинжида. У клуб турнир жадвалида ўз ўрнини яхшилаб олгач, мағлубиятсиз серияни 19 та (барча мусобақаларда) ўйинга етказиб олди.
"Clubelo" интернет портали эса, уни айни дамдаги дунёнинг энг кучли мутахассиси, деб эълон қилди. Омадсизликлар ортида келган яхши янгиликлар Гвардиоланинг ҳам кайфиятига таъсир қилган кўринади. У ўз туғилган кунидан 1 ҳафта ўтиб, инглиз нашрларига каттагина интервью берди. Ушбу суҳбат чоғида испаниялик мураббий келажак режалари ҳақида маълум қилди.
«Албатта, вақт ўтиши билан кучлироқ мураббийга айланиб боряпман. Бу - ҳақиқат. Бизнинг соҳамизда тажриба қўл келади. Авваллари тез орада мураббийликни тарк этишимга ишончим комил эди. Энди эса, ўз фикримни ўзгартирдим. Ҳозир 50 ёшдаман. Бу фикрлаш ва катта ғалабалар қозониш учун энг қулай палла. Тақдир инъом этган имкониятларни кўкка совурмаслик учун олдинга қадам ташлашда давом этмоқчиман».
Фикрлар