ҲАФТА ВОҚЕАЛАРИ: Ғузор стадионида келин салом, Қаршида опа-сингиллар “жанги”

Йил, ой эмас, ҳафтанинг ўзида қанчадан-қанча муҳим воқеалар юз бермайди дейсиз. Мисол учун, ортда қолган ҳафтада бутун дунё аҳлининг эътибори Қарши шаҳрида бўлиб ўтган мақом форумига қаратилди. Барча орзиқиб кутган, турли эл, халқларни бир нуқтага тўплаган йилнинг муҳим маданий тадбири – Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимини деярли бутун дунё томоша қилди.  Ушбу анжуманда 73 давлатдан 300 дан зиёд иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашаётгани мақом санъатига бўлган қизиқишнинг юксаклигини кўрсатади.

Санъат ва спорт бир-бирига муштарак соха сифатида тилга олинади. Шундай экан, санъатда оламшумул воқеалар юз бераётган экан, спортда, жумладан футболда ҳам ўзига хос воқеа-ходисаларга гувоҳ бўлдик. Тилга оладиган сўзларимиз бир қарашда, жўн, эътибор қаратиш шарт бўлмаган мавзу сифатида таассурот қолдириши мумкин, аммо унинг негизида шу қадар муҳим қадриятлар, урф-одатлар мужассамки, жиддий мушоҳада қилгандагина унинг моҳияти намоён бўлади.

Стадионда келин салом...

Ўзбек футболи тарихида ҳали бунақаси бўлмаган. Келинчак келин бўлиб тушган кунданоқ шу оиланинг вакилларига, яқинларига салом беришни канда қилмайди. Кунлар, ойлар, ҳафталар, ҳатто ҳайит маросими сабабли йил ўтсада бошида дўппи, эгнида келин либос билан етти букилиб салом бериш одатимиздан фахрланамиз. Агар келин спортчи, дейлик футболчи бўлса-чи? Футболчи қизларимизнинг келинлик либосини кийиши, она бўлиши ва маълум вақт ўтгач оиласини деб футболни тарк этганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо шундай футболчи қизимиз бор эканки, бир ҳафталик келин куёвнинг рухсати билан майдонга тушишга, буни эса келин салом билан амалга оширишга жазм эта олди.  

Бу воқеа Ғузор шаҳрида, аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионатининг 19-тур ўйинлари доирасидаги  “Шўртан” ва “Қизилқум”  учрашуви чоғида рўй берди. Ўзбек футболи тарихида илк бор майдонда, икки жамоа ўйини олдидан шу ўйинда майдонга тушиши лозим бўлган футболчи бошида миллий кийим - дўппи ва рўмол билан тўй маросими куйлари остида аввал ўз жамоадошларига, кейин ҳакам ва меҳмон жамоа аъзоларига, сўнг трибунада ўтирган томошабинларга, охирида эса ўз мураббийлари ва клуби ходимларига келин саломини амалга оширди. Улдона Тўхтаеванинг турмушга чиққанига бир ҳафта бўлди. 29 август куни рўй берган никоҳ тўйи куни унинг жамоаси сафарда тўп суришларига қарамай, мамлакатимизнинг кўпкарра чемпиони “Андижанка” жамоасини мағлубиятга учратиб, ушбу ютуқни айнан келин-куёвга бағишлаган ва шу ўйин туфайли футболчи қизлар дугоналарининг бахт оқшомида иштирок эта олишмаганди. Дугоналар номидан клуб раҳбарлари ўша оқшомда Улдонага бахт-саодат тилашганди. Бир ҳафталик келин майдонга тушишни истади, буни эса куёв бола Шаҳбозбек ҳам қўллаб-қувватлади. Улдона эса майдонга тушишдан олдин ўзбек урф-одатларига риоя қилишни лозим топди ва юқоридаги воқеага сабаб бўлди. Бир бўлим тўзлиқ майдонда ҳаракат қилган Улдона жамоадошларининг дастлабки голига ҳаммуаллифлик қилди, бир гал эса пенальтини аниқ бажара олмади ҳам.

Эркаклар ўртасида бундай воқеаларга гувоҳ бўлган онларимиз йўқ эмас. “Пахтакор” ва миллий терма жамоамизнинг собиқ ўйинчиси Шуҳрат Мақсудовнинг никоҳ маросимини айнан “Пахтакор” стадионида, майдон марказида ўтказганида унга тан берган эдик, мана, аёлларимиз ҳам ҳар қандай шароитда ўзбекона урф-одатларимизни канда қилмасликларини исботламоқдалар.

Опа-сингиллар “жанги”...

Чемпионатнинг 20-турида, “Севинч” – “Қизилқум” учрашувида ҳам Ғузордагидан кам бўлмаган воқес содир бўлди. “Севинч” “Қизилқум”ни йирик ҳисобда енгди. Ўйиндан кейин “Қизилқум” жамоаси таркибида 17-рақамда ҳаракат қилган Амина Шодиева “Севинч” аҳзоси, 27-рақамда тўп сурган опаси Лайло Шодиеванинг олдига келиб уни ғалаба билан табриклади. Аслида оддий воқеа. Футболда ака-ука ёҳуд опа-сингиллар камми дейишингиз мумкин. Лекин бу опа-сингиллар, умуман, бу оила бошқалардан кескин фарқ қилади. Нимаси билан дейсизми, унда эшитинг. Илҳом ака ва Васила опалар оиласида етти фарзанд дунёга келган. Илҳом ака асли ғаллакор, лалми ерларда ғалла ва тарвуз-қовун етиштиради – фермер. Лекин унинг қонида спортга қизиқиш бор. Асли Қашқадарёнинг Чироқчисидан бўлса-да, Жиззах, Олмалиқ, Самарқанд, Тошкент ҳудудларидаги йирик улоқ ва кўпкари тадбирларида иштирок этиб, қатор совринларни қўлга киритган, “Илҳом полвон” дея ном қозонган.  Ўзи чавандоз бўлса-да, боксни жуда севади. Пайтини пойлаб Муҳаммадқодир Абдуллаев билан ҳам дўстлашиб олган.  “Ўғил кўрсам исмини Муҳаммадқодир қўяман, сизга шогирдликка бераман”, дея машҳур боксчи билан келишиб ҳам қўйган. Бироқ худойим кетма-кет қиз фарзанд бераверди. Тўнғич қизи Шаҳризодани спорт билан шуғуллантиришга хўп уринди, бироқ унда спортга қизиқишни сезмади, шундай бўлсада, улғайгач Шаҳризода Чироқчидаги педагогика коллежининг жисмоний тарбия факультетини битирди, яқинда турмушга чиқишга тайёргарлик кўряпти. Иккинчи қизи туғилганда эса “ўғил бўлмаса қиз-да”, дея унга яхши ниятлар билан машҳур аёл боксчи Лайло Алининг исмини қўйди. Бироз улғайгач Чироқчидаги БЎСМнинг қўл жанги тўгарагига олиб борди. Ҳарқалай  қизининг билагида куч пайдо бўлди, бокснинг ҳаракатларини қилиб юрган эди. Бир кун қизининг ховлидаги тўпни оёқ билан шундай чиройли тарзда тепганини кўриб қолди ва уни етаклаб, сўраб-суриштириб, аёллар футболига катта эътибор бераётган “Севинч” клубига олиб келди. Бу пайтда Лайлонинг ёши 11 да эди. Шу-шу бўлдию, Илҳом ака орада икки йиллик танаффуслар билан бирин-кетин туғилган яна тўрт нафар қизини ҳам айнан “Севинч”га тақдим этди.

Лайло аллақачон “Севинч”нинг асосий таркиб ўйинчисига айланган.  Амина ҳам “Севинч”да камол топди, унинг иккинчи таркибида Республика биринчилигида ўйнаб келаётганди, шу йилнинг иккинчи даврасидан “Қизилқум”га ижарага берилди. Райхона айни пайтда “Севинч”нинг тайёрлов гуруҳиди – Республика биринчилигида қатнашувчи “Севинч-2” жамоасида тўп суряпти. 10 ёшли Эътиборхон иккинчи йилдирки клубнинг кичик гуруҳида маҳоратини оширмоқда. Оилада олтинчи қиз туғилганида Илҳом ака кейингиси ўғил бўлсин дея унга Ўғилой деб исм қўйди. Ўғилой айни пайтда саккиз ёшди, бир-икки ҳафта ичида у ҳам “Севинч”нинг тайёрлов гуруҳига қўшилишга тайёргарлик кўряпти. Ва ниҳоят, оилада еттинчи фарзанд туғилди, еттинчиси ўғил бўлди. Ота эса анча йиллардан бери ният қилиб келган ниятига етди – ўғлига Муҳаммадқодир дея исм қўйди, собиқ боксчи, айни пайтда эса Республика бокс федерациясида раҳбар лавозимларида ишлаётган Муҳаммадқодир Абдуллаевдан суюнчи олишга ҳам улгурди. Қизлари туфайли футболга меҳр қўйган Илҳом аканинг эса боши қотган – ягона ўғли ўзи орзу қилганидек боксчи бўладими ёки опалари изидан бориб футбол ўйнайдими. Сабаби, ота уйдалигида ўғил қўлига бокс қўлқопини кийиб бокс ҳаракатлари билан шуғулланади, ота ишга кетдими, ўғил ҳам қўлқопини ечиб, стадионга чопади, албатта, футбол ўйнашга-да...

Жаҳон чемпионати иштирокчисининг “соҳилдаги саргузаштлари”...

Бундан бир ой муқаддам Қарши шаҳрида соҳил футболи бўйича Ўзбекистон Кубоги мусобақаси ўтказилган эди. Ўшанда жамоадошларига нисбатан бақувват, мушаклари тўлишган, профессионал дарвозабонларга ҳос чаққон ҳаракатлари билан   эътиборимни тортган футболчига яқинлашдиму унинг Ғанишер Холмуродов эканлигини дарҳол таниган эдим. Бироқ унинг “Адолат” номли, Қашқадарё вилоят миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат жамоа шарафини ҳимоя қилаётганидан таажжублангандим. Маълум бўлдики, у ростдан ҳам шу жамоанинг расмий аъзоси, демак шу соҳанинг вакили эди.

Ўшанда “Адолат” ярим финалда мусобақани тарк этганди. Бироз муддатдан кейин ташкил этилган соҳил футболи бўйича вилоят биринчилигида эса жамоа бош совринни қўлга киритганди. Мана, бу гал энди Республика чемпионлигини ҳам қўлга киритишди. Бунда албатта, жамоа посбони Ғанишер Холмуродовнинг ҳам ҳиссаси катта.  2011 йили ўсмирлар терма жамоамизнинг Мексикада ўтган Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб бориб, дунё футбол оммасининг эътиборига тушган даврни ҳали ҳеч ким унутганича йўқ. Терма жамоамиз дарвозасини қўриқлаган Ғанишер Холмуродовнинг маҳорати ва шижоатига ҳамма тан берганди ўшанда. Лекин маълум вақт ўтгач, Ғанишер футбол оламида кўринмай қолди. Ваҳоланки, унинг футболдаги келажагига кўпчилик умид қилганди, миллий термамизга ворис етишиб чиқаётганлигидан мамнун эди. Жаҳон чемпионатининг чорак финал иштирокчиси, ўз тенгқурлари орасида энг яхши дарвозабон, дея тан олинган Ғанишер “Машъал”дан кейин маълум муддат “Металлург”да ўйнади, сўнгги жамоаси сифатида эса 1-лиганинг “Аланга” жамоасида тўп сурди ва шу билан футболни тарк этди. Унинг футболдаги орзуси катта эди, бироқ “Машъал” клуби билан боғлиқ баъзи масалалар туфайли у бошқа клубга тўлиғича ўта олмади, охир-оқибат футболдан кўра бошқа соҳани лозим топди.

Мана, энди у бошқа соҳанинг чинакам ходими бўлиш билан бирга соҳил футболининг ҳам қаҳрамонига айланмоқда...

Pfl.uz