Ҳамиджон Актамов: Арвеладзе айни дамда Суперлиганинг энг яхши мураббийи

«Олтин изловчилар» номи остида танилган «Қизилқум»нинг ўзига яраша мухлислари бор. Клуб бошқаруви эса Ҳамиджон Актамов билан бевосита боғлиқ. У аввал клубда менежерлик қилди. Кейин эса расман бош мураббий лавозимида ишлай бошлади. Шунга қарамай, Ҳамиджон Ғуломович клубнинг барча ишларида ўзи бош-қош бўлиб келмоқда. Чунки жамоада анча пайтдан бери ишлаб келяпти ва ўзи ҳам мураббий сифатида бир нечта босқичларни босиб ўтди. Орада эса унга нисбатан мақтовлар ҳам, танқидлар ҳам бўлди. Масалан, бу йилги мавсум ҳам унинг жамоаси учун яхши бошланди дея олмаймиз. Аммо энг ёмони ҳам эмас.

Дастлабки 7 та тур хусусида

Суперлиганинг 7 та тури ҳам ортда қолди. Кўпчилик мавсум бошланмасидан аввал чемпионатнинг дастлабки 5-6 та тури давомида жамоаларнинг ўйин савияси бир хил бўлади. Шундан кейин клубларнинг кучи кўринади деган гапларни кўп айтишганди. «Қизилқум» эса айни пайтда 8 очко билан 9-ўринни эгаллаб турибди. Хўш, энди жамоаларни ўз савиясига қараб саралаб олиш мумкинмикин? Лекин навоийликлар етакчисининг бу борадаги қарашлари бироз бошқача бўлиб чиқди.

- Ҳали ҳам барча жамоалар бир хил ҳолатда. Ҳали ҳаво ҳарорати у қадар исиб кетгани йўқ. Ҳаво анча исиб кетганидан кейингина футбол ўйнайдиган ва ўйнай олмайдиган жамоалар аниқ бўлиб қолади. Яъни, бундай пайтда кимнинг қандай ўйнаши кўриниб қолади. Ҳозирда эса ҳаво ҳарорати бироз салқинроқ, ўйинлар ҳам кечроқ бошланяпти. Шу боис 7 та тур ўтган бўлса ҳам барча жамоаларни бр хил деб ҳисоблайман. Ўзимизга келадиган бўлсам, бизда муаммолар бўлди. Таркибимиздаги 70 фоиз футболчи турли даражада беморга айланишди. Чунки ёмғир ҳам кўп ёғди, машғулотларимизни ёмғир остида ҳам ўтказишимизга тўғри келди. Бундай пайтда бир қатор ўйинчиларимиз шамоллаб ҳам қолишди. Шу томонлама бироз қийналдик. Мана, энди-энди ҳаммаси яхши бўлиб боряпти. Бироқ ҳали ҳам тузалиб кетмаган ўйинчиларимиз бор. Тўғриси, йигитларимизга об-ҳавонинг ўзгариб тургани кўп таъсир қилди. Чунки уч кунлаб ёмғир ёққан пайтлари ҳам бўлди. Барибир бундай пайтда одамни ҳам бездиради-да.

Матбуот анжуманида айтилган гаплар

Ҳамиджон Актамов дангал ва очиқ ойдин гапириши билан ҳам эътиборни тортади. Яқинда «Локомотив»га қарши учрашувдан сўнг айтган гаплари кўпчилик томонидан чиндан ҳам жиддий ва ҳақиқатдек қабул қилинди. Айниқса, таркибимизда рақобат йўқ, 11 нафар футболчи доим майдонга тушаётгани учун ўз устиларида ишлашмай қўйган, қабилида билдирган фикрларини ростдан ҳам жиддий тарзда айтганмиди? Бу масала бўйича ўзига мурожаат қилдик.

- Рақобат йўқ деб гапирмадим. Фақат захира ўриндиғимиз тор деб гапирдим. Яъни, бизда тажрибали футболчилар кам деган гапларни айтдим.

Селекцияда хато қилганмиди?

Шунингдек, Актамов ўша матбуот анжуманида селекция масаласида хато қилганини ҳам айтганди. Биз эса ундан айнан қайси томонлама хато қилганини билишга қизиқдик.

- Ҳозир бу ҳақида бир нарса дея олмайман. Олдимизда эса биринчи давранинг яна олтита тури бор. Аслида эса жамоамнинг бунисини яхши ёки унисини ёмон дея олмайман. Ўзи саноқли футболчиларимиз бор. Биз яхши ниятлар билан ишлаяпмиз. Балки вақти келиб ҳаммаси йўлига тушиб кетар. Хафа бўлманг, бунга тўлиқ жавоб бера олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Никарагуалик футболчи тўғрисида

«Қизилқум» таркибига мавсум бошида Ариагнер Медина Смит деган легионер ўйинчи қўшилди. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон чемпионати тарихида илк бор никарагуалик футболчи тўп сурмоқда. Ҳозирча ҳужумчи ҳисобланган Медина Смит «Қизилқум» сафида иккита гол урди. Хўш, у Ўзбекистондги янги ҳаётига ва футболимизга қанчалик мослашиб кетди? Шу боис бош мураббий ушбу легионер ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Аста-секин мослашиб боряпти. Аммо ҳозирча унда барқарорлик йўқ. Балки ҳали ёшлиги учун ҳам бир текисда ўйнай олмаётгандир. Бироқ унинг техникаси ва тезлиги яхши. Футбол ўйнашни билади. Кўрамиз, унга ҳам вақт керак-да. Чунки бизга келганига энди икки ой бўлди.

Россиялик дарвозабон нега захирада?

Шунингдек, «Қизилқум»да никарагуалик футболчидан ташқари россиялик легионер Евгений Черемисин ҳам бор. Ўтган йили навоийликлар таркибига қўшилган дарвозабон «Қизилқум» учун жуда муҳим трансфер бўлганди. Аммо ҳозирча у захирада ўтирибди. Унинг майдонга тушмаётгани рақобат билан боғлиқми ёки мураббийнинг ишончини оқлай олмаяптими? Актамов эса қуйидагича жавоб қайтарди.

- Бу рақобат билан боғлиқ. Айни пайтда Артём Макосин зўр туряпти. Қайси дарвозабон ўзини кўрсатса, ўшани майдонга туширамиз-да. Ҳозирда Макосин бизнинг ишончимизни оқлаяпти.

Арвеладзе Актамов учун Суперлигадаги энг кучли мураббий

Ҳамиджон Актамов чемпионатимизда ишлаётган истеъдодли мутахассислардан бири. Унинг футболга ўз қарашлари бор ва муайян фикрга эга. Қолаверса, ҳамкасбларининг ишини ҳам кузатиб боради. Шундан фойдаланган ҳолда ундан айни пайтда Суперлигадаги энг кучли мураббий ким деб сўрадик.

- Ўйлайманки, ҳамма бир хил. Кимнидир кучли ёки кучсиз деб айтиб бўлмайди. Лекин маҳсулоти бор ошпаз овқатни ширин пиширади. Демак, кўп нарса маҳсулотга боғлиқ. Ҳозирги пайтда эса энг яхши маҳсулот «Пахтакор» билан «Локомотив»да бор. Тан олиш керак, бошқа жамоаларга нисбатан уларнинг ўйинчилари кучлироқ. Уларнинг мураббийлари ҳам шунга қараб ишлашяпти. Мана, «Пахтакор» Осиё Чемпионлар лигасида «Персеполис»ни ютди. Тўғри, бу вазиятда мураббийнинг меҳнати ҳам бор. У жамоани йиғади, футболчиларга кўрсатмалар беради. Тўғриси, ҳозирги пайтда Шота Арвеладзени энг яхшиси деб айта оламан. У ҳар томонлама яхши ишлаяпти. Ташкилий томондан ҳам ишни яхши йўлга қўйган. Бизнинг мураббийлар ҳам қўлида ҳамма нарсаси бўлса шундай ишлай олишадими? Бу дегани ҳаммаси маблағга бориб тақалади. «Пахтакор» билан «Локомотив»ни бемалол Ўзбекистондаги биринчи рақамли жамоалар деб айта оламиз. Чунки уларда ҳеч қандай қийинчиликлар йўқ. Ҳамма ишлар тўғри йўлга қўйилган. Футболчилари фақат футболни ўйлашади. Бошқа клубларда эса вазият қандай? Бугун пули бўлса эртага бўлмайди. Ёки эртага пули бўлса индинга бўлмайди. Бечора бошқалар мана шундай қилиб ишлаб юришибди. Бундай пайтда мураббий нима қилсин? Футболчиларни ҳам оиласи, бола-чақаси ва орзу-ҳаваслари бор. Фақат «Пахтакор» билан «Локомотив»да барқарорлик бор, бошқасида эса йўқ. Фикримча, чемпионлик иккала клубдан бирига насиб қилади. Уларга бошқа биров яқинлаша олмайди. Ушбу жамоаларнинг даражасига чиқиш учун эса фақат пул керак.

«Қизилқум»даги вазият ҳақида

Чиндан ҳам «Пахтакор» билан «Локомотив»да имконият ҳамда шароит бошқаларникига қараганда яхшироқ. Ўзи айтганидек, қолган клубларда барқарорлик йўқ. Қизиқ, бу борада «Қизилқум»даги вазият қандай экан? Ҳамиджон Актамовдан ўз жамоаси ҳақида ҳам ушбу масала бўйича фикр билдиришини сўрадик.

- «Қизилқум»да ҳам ўзига яраша. Бизда ҳам яхши ва ёмон томонларимиз бор. Биз ҳам эл қаторидамиз. Мақсадимиз эса мавсумни яхши ўтказиш ва юқори ўринлардан бирини эгаллаш. Ўз ўйинларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қилишни истаймиз.

Ўртамиёнага айланган жамоа

3-4 йил олдин «Қизилқум» таркибида ҳар жиҳатдан рақобатбардош жамоа тузилганди. Ўшанда клубнинг вазифалари анча жиддий бўлганди. Бироқ охирги пайтларга келиб навоийликлар чемпионатимиздаги ўртамиёна клублар қаторига тушиб қолди.

- Бу ўзимизнинг ички муаммоларимиз ҳисобланади. Кўп нарса барибир молиявий ҳолатга бориб тақалади. Лекин бу футболда бўлиб турадиган вазият. Бизда ҳам академияларимиз ишга тушиб, ҳосил берадиган бўлса, жамоамизда ҳаммаси изига тушиб кетади. Ҳозир эса четдан ёлланма ўйинчилар олиб келиб ўйнатишга мажбурмиз. Ҳаммасига вақт керак, бирор нима ўзидан-ўзи бўлиб қолмайди.

Бугунги Суперлига тўғрисида

Ўзбекистон чемпионати иккинчи йилдирки, Суперлига номи остида ўтказиб келинмоқда. Бунгача йиллар давомида олий лига дейишга ўрганиб қолгандик ва энди-энди Суперлигага кўникиб боряпмиз. Янгиланган чемпионатимизнинг бугунги ҳолати қандай? Ўзгариш ва ўсишлар борми? Ҳамиджон Актамов ушбу масалага қуйидагича фикр билдирди.

- Тўғрисини айтсам, Суперлигага айланганидан кейин умуман бошқача ўзгаришлар бўлди. ЎФА билан ПФЛ келажакда клублар учун бадал пулларидан воз кечишмоқчи. Улар кўп масалаларда ёрдам беришяпти. Энди ортиқча ҳаражатлар йўқ. Ҳакамлар ҳам ўйинларни ўзлари хоҳлаганича бошқаришмаяпти. Уларни ҳам қаттиқ назорат қилишмоқда. Булар ҳақиқат. Чемпионатимизда топилган ва кўзга тушган камчилик тезда бартараф этиляпти. Шунингдек, ўйинлар телевизорда тўғридан-тўғри олиб кўрсатиляпти. Аммо бунинг ўзига яраша ижобий томони билан бирга салбий жиҳати ҳам бор. Мен ўз кўзим билан Европа чемпионатлари ўйинларини бориб кўрганман. Биласизми, уларнинг футболи билан бизнинг Суперлигамиздаги ўйинларда тезлик, сифат ва савия борасида кўпи билан 20 фоизгача фарқ қилиши мумкин. Лекин бизнинг футбол билан солиштирганда унчалик кўп фарқ қилмайди. Аммо Европада телетрансляциялар ўйинларни жуда чиройли, сифатли қилиб бўрттириб кўрсатишади. Бизда эса телетрансляцияларнинг сифати яхши эмас. Бундай сифатсиз трансляция билан чемпионатимиз ўйинларини кўрсатмаслик керак. Бунинг оқибатида халқ футболдан безиб кетмоқда. Чунки мухлис юқори сифатдаги Европа чемпионатларини кўргач, телевизорда ўзимизнинг футболни кўргиси келмай қоляпти. Бизда камералар ва бошқа техник-ускуналар эски. Бунинг натижасида сифатсиз футболни кўрсатишяпти. Кейин эса айбдор ўзимизнинг ўйинчилар бўлиб қолишяпти. Лекин бу нотўғри. Агарда бизда ҳам телетрансляциянинг сифати зўр бўлиб, охирги ускуналарни олиб келишса, ишонинг, чемпионатимиз савияси ошганлиги кўринади. Фақат Европада футболнинг ҳавоси бошқача. Боя айтганимдек, сифат ва тажрибада 20 фоизгача фарқи кузатилиши мумкин холос. Мана, Наманганда «Навбаҳор» - «Сўғдиёна» ўртасидаги ўйин зўр муҳитда ўтди. Агарда ўша ўйинни сифатли камераларда олиб кўрсатишса чемпионлар лигаси даражасидаги ўйинлардан асло қолишмайди. Ўз вақтида ПСЖ иштирокидаги ўйинларни стадионда кўрганман. Бир қарашда ўзимиздагидек оддий футболга ўхшайди. Аммо у ерда трансляциянинг сифати анча баланд.

Стадионларда мухлисларнинг камайиши

Шу билан бирга стадионларимизда мухлисларнинг ташрифларини у қадар кўнилдагидек дея олмаймиз. Масалан, Навоийдаги стадионда ҳам негадир ишқибозлар камайиб боряпти. Ўйлаймизки, бу масалага Актамов ҳам бефарқ қараб турмаётган бўлса керак.

- Ўйинларни телевизорда эфирга узатишаётгани учун кўпчилиги стадионга бормасдан уйда ёнбошлаб олиб кўришяпти. Стадионларда мухлисларнинг камайишига шу нарса ҳам таъсир қиляпти деб ўйлайман. Менимча, ўйинларни тўғридан-тўғри эфирга бермасдан, бир соатдан сўнг қўйиши керак. Тўғри, Европадаги стадионларда мухлислар тўлади-ку, дейишингиз мумкин. Аммо бу бошқа масала. У ерда маркетинг бўйича яхши ишлашади. Одамларни стадионга жалб қилиш орқали пул ишлашади. Европада маркетинг яхши ривожланган. Бизда ҳам маркетинг соҳасини кучайтиришимиз керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
10/05/2019 23:28
Пахтакорга зур пахта куйдими?