Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Ҳамма айб мураббийдами?

Бекзод Исаев
Изоҳлар: 19

U-23 Осиё чемпионати таҳлили

Хабарингиз бор, 8-26 январь кунлари Таиландда 23 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди. Ушбу мусобақада совриндорга айланганлар Олимпиадага йўлланма олишди.

Чемпионатда қатнашган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 4-ўрин билан кифояланди. Муҳим ўйинларда дадиллик етишмади. Натижада яна йўлланмадан мосуво қолдик.

Умидлари саробга айланган мухлисларнинг аксарияти жамоа бош мураббийи Любинко Друловични танқид қиляпти, баъзилар эса 2-3 футболчига эътироз билдирмоқда.

Биз эса чемпионатдаги ўйинларимизга тўхталамиз, ўз фикр ва мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашамиз.

2581578570310

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси гуруҳ босқичида кўпчиликни ҳавотирга солгани бор гап. 3 турда 3 хил натижа. Энг ёмони кучли жамоалардан 1 очко олдик, холос.

Дастлабки учрашувда Эрон билан аранг дурангга эришдик. Гарчи биринчи бўлиб ҳисобни очсак-да, иккинчи 45 дақиқаликда гол ўтказиб юбордик. Беллашувда устунлик асосан форслар томонида бўлди. Улар хоҳлаган пайтда босимни ошириб, вакилларимизни ортга чекинишга мажбур қилишди.

961578570258

Хитой билан баҳсда футболчиларимиз тамомила бошқача ўйин намойиш этишди. 2 та гол урдик. Яна бир марта дарвозани ишғол этишимиз мумкин эди. Бироқ Исломжон Қобибилов пенальтини Жасурбек Яхшибоевга берганида, балки беллашув йирик ҳисоб билан тугаши мумкин эди.

Аммо ҳимоячимиз шу куни 11 метрли жарима зарбаларининг иккинчисидан наф чиқара олмади. Бу яхшиямки, жамоа сардорига руҳий томондан таъсир қилмади.

6991578570258

Мазкур беллашувда захирадан туширган Нурилло Тўхтасинов жамоа жонига оро кирди. У керакли паллада керакли жойда пайдо бўлди ва дарвозага чиройли тарзда тўп йўллади.

8771578844999

Жанубий Кореяга қарши учрашувда устунлик тўлалигича рақиб томонда бўлди. Улар истаган пайтда ҳужумга ўтишди ва гол уришди. Бахтимизга, кореяликлар йўллаган яна кўплаб зарбалар ноаниқ кетди. Акс ҳолда камида икки йил аввалги 4:1 ҳисоби бу сафар рақиб фойдасига қайд этилармиди?!

4461579088447

Кореяликлар 2-турда гуруҳ босқичидан чиқиш вазифасини ҳал этишганди. Ўзбекистонга қарши беллашувда ҳам улар профессиналларча ҳаракат қилишди. Умуман олганда, мураббий ҳар тур таркибда кўплаб футболчиларни алмаштириб турди. Сафидаги барча ўйинчилар асосий таркибга киришга муносиб эканликларини кўрсатди. Буни жамоа устози ҳам таъкидлади. Мураббий қўл остидаги барча футболчиларга имконият беришга уринишини айтиб ўтди ва буни амалда исботлади.

Бизнинг устозларимиз асосий таркибни алмаштиришни эп кўришмади. Айнан мана шу футболчилар бир-бирини яхши тушуниб ҳаракат қилишлари ҳамда вазифани уддалашларига ишонч билдиришди.

Чорак финалда БААни йирик ҳисобда таслим этдик. Бу учрашув ва гуруҳда омад бизга кўп бора кулиб боққанидан қолган баҳсларда у биздан юз ўғиргандек. Чунки хавфли вазиятлар яратсакда, Саудия Арабистони ва Австралияга қарши беллашувларда дарвозани ишғол қила олмадик. Хатто 2-3 метрлардан ҳам.

9011579448749

Гуруҳ босқичида 3 ўйинда 4 гол урдик. Улардан иккитаси пенальтидан. Ҳар учрашувда дарвозани ишғол қилдик. Бу яхши. Бироқ грандларга қари баҳсда нурсиз ўйин кўрсатганимиз, мағлубиятга учраганимиз, ҳимоядаги қўпол хатолар қимматга тушди.

Шу ўринда кўпчиликда бир хил савол туғилди: таркибда 23 футболчи бўлгани ҳолда нима учун улардан фойдаланилмади? Нега асосан битта таркиб билан учрашувларни бошладик? Бу мурожаатларга мураббий матбуот анжуманларида ким тайёр бўлса, шу майдонга тушганини айтди. Балки Друлович ҳақдир. Чунки у ўйинчиларни биздан кўра яхши билар. Ёки сиз ўйлаган фикрлар тўғридир.

8491579684814

Натижа қониқарли эмаслиги ва вазифа удданмагани нуқтаъий назардан мураббий айбдор. У натижага жавоб беради. Бироқ унинг қўл остидаги жамоа ёмон ўйнамади. Кўплаб вазиятлар яратди. Фақатгина футболчилар имкониятлардан фойдалана олмади. Ҳужумчига совуққонлик етишмади. Жумладан Бобир Абдихолиқовга. Қолаверса, Жасурбек Яхшибоев аксарият ҳолларда ўзини кўрсатиш учун ўйнагани ҳеч кимга сир эмас. Жарима майдони ичида шериклари бўла туриб, ўзи зарба берган пайтлари кўп бўлди. Агарда ўз имкониятларимиздан фойдаланганимизда ҳозир ҳаммаси бошқача кечармиди?! Ҳеч ким мураббийни нега бошқа футболчиларни вақтида майдонга туширмади, демас эди ҳам.

6641578576208

Вазиятлар яратилди, ҳужумлар ташкил этилди, кучли рақиблар билан тенгма-тенг айримларидан устун ўйнадик (Жанубий Корея бундан мустасно). Демак, мураббий жамоа ўйинини йўлга қўйган. Саудия доимгидек, ўзининг айёр ўйини орқали ғалабага эришган бўлса, Австралия тактика эвазига зафар қучди.

Бу фикрлар билан Любинко Друлович айбдор эмас ёки юқорида тилган олинган футболчилар хато қилди, демоқчи эмасман. Фақатгина бу ерда хатони мутахассислар борича гапириб, изоҳлаб беришса айни муддао бўларди. Айниқса, нега биз охирги дақиқаларда мағлуб бўлишимиз ва муҳим қадамни ташлай олмаслигимиз борасида. Камчиликларимизни бартараф қилмасак, мана шундай йўлланмалардан четда қолаверамиз.

Энди навбат мутахассисларга...!!!

Улашиш
SPORTS.uz'ни Youtube'да томоша қилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ