Ҳеч нимадан қўрқмаяпман, агар ишонмаганимда бу ишга қўл урмасдим - Отабек Ғуломхўжаев "Андижон"ни бошқаришга нима учун рози бўлгани ҳақида
“Андижон”га ушбу мавсум давомида тўртинчи бош мураббий тайинланди. Александр Хомяков, Виктор Кумиков ва Бахтиёр Ҳамидуллаевдан сўнг, энди бу лавозимни Отабек Ғуломхўжаев эгаллади.
Ўзбекистон U-19 терма жамоасини ҳам бошқарган истеъдодли мутахассисни энди жиддий синовлар кутмоқда. Чунки ҳамма билиб турибди, “Андижон” қолган тўртта ўйинда ижобий натижалар кўрсатиб, Суперлигада қолиш вазифасини бажариши талаб этилади. Янги мураббий эса шу мақсадда таклиф этилгани барчага аён. “Андижон”нинг янги бош мураббийига айлангач, Ғуломхўжаев ўзининг дастлабки интервьюсини sports.uz мухбирига берди.
- “Андижон”ни бундай қийин вазиятда қайси мураббий бошқаришга рози бўлиши ҳаммани қизиқтираётганди. Жамоани қабул қилиб олишдан чўчимадингизми? Клубга бош мураббий бўлиш учун хавотирларингизни қандай енгиб ўтдингиз?
- Ўзимни каттароқ мураббий деб ҳисобламайман. Бу менинг бош мураббийликда Суперлигадаги дебютим бўлади. Қишни йиғинлар пайтида “Навбаҳор”да Канчельскисга ёрдам бергандим. Суперлига ҳавосини билишга биламан-ку, лекин бу йилги ўйинлар ўзгача кетяпти. Бахтиёр ака Ҳамидуллаев ишдан кетганидан сўнг, ўрнини эгаллайдиган мутахассис дарҳол топилмади. Барибир клуб раҳбариятида яна бошқа вариантлар бўлган бўлиши мумкин. Кимдир бундай ҳолатдаги жамоани бошқаришга ботина оларди, кимдир ботина олмасди. Мен эса “Андижон”даги кўплаб футболчиларни яхши биламан. Клубнинг кейинги тўртта турдаги рақибларини ҳам жуда яхши биламан. Навбатдаги турга тайёргарлик кўришимиз учун 12 кун вақтимиз борлигини ҳам инобатга олдим. Барибир жамоага кимдир бош мураббийлик қилиши керак эди-ку. Тўғриси, бундай аҳволда клубни ташлаб кетишга кўзим қиймади. Бу мен учун бегона эмас. Жамоа раҳбарияти мен билан алоқага чиқишди ва катта ишонч билдирдилар. Бу энг муҳими эди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Иш жараёнида максимал даражада бор билимимизни ишга соламиз. Мақсадимиз “Андижон”ни Суперлигада сақлаб қолиш. Кейинги режалар тўғрисида ҳам раҳбарият билан гаплашдик. Аммо олдимиздаги биринчи вазифа – клубни олиб қолиш.
- Рақиблар жиддий. Аммо сизда ниманидир ўзгартириш учун етарли вақтнинг ўзи йўқ. Бундай пайтда ишни нимадан бошламоқчисиз?
- 12 кунлик учун режалар ишлаб чиқдик. 7 ноябрь куни жамоа билан йиғиламиз. Биринчи навбатда футболчилар билан гаплашиб чиқамиз. Уларнинг ҳозирги ҳолатини тушуниб турибман. Ахир мавсум бошидан буён ўйинчилар учун мен тўртинчи мураббийман. Мураббий алмашаверса футболчиларга қандай таъсир қилишини биласиз. Таркибни йиғган мураббийнинг дунёқараши бошқа эди. Иккинчисини талаби ҳам, характери ҳам бошқа. Мана, кейин Бахтиёр ака Ҳамидуллаев ишлади. Мен эса аввало ҳар бир ўйинчи билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб чиқаман. Бундан буёғига фақат тўртта тур қолди. Ўша ўйинларда “Андижон” учун максимал даражада боримизни беришимиз шарт. Рақибларни ўрганган ҳамда қўл остимдаги футболчилардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ўйин учун жиддий тайёрланамиз. Бироқ ҳозирги пайтда биринчи ўйлаётган ишимиз бу – “Машъал” билан ўйин. Ундан олдин бошқа ҳеч нима ҳақида ўйламаймиз.
- Менимча, тажрибали мутахассислар ҳам “Андижон”ни бундай вазиятда бошқаришга рози бўлишмасди. Аммо сиз ҳали Суперлигада бош мураббийлик қилмай туриб ўзига хос жасорат билан жамоада ишлашга рози бўлдингиз. Бу сиз учун катта таваккалчилик эмасми?
- Балки таваккалчиликка қўл ургандирман. Яна тангани иккинчи томони ҳам бор. Футболда ҳали асосан терма жамоаларда ишладим. Шу боис футбол оламида ҳали номимни у қадар машҳур қила олмагандирман. Бундай вазиятда қайсидир клубдан сизга жиддий қизиқиш бўлиши осон эмас. Бу ерда эса менга ишонч билдиришдими, энди буни оқлаш учун охиригача курашамиз. Тўғри, қийинчилик бўлади. “Андижон” охирги ўринлардан бирида, мураббийлар эса бир неча бор алмашди. Лекин машаққатсиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Менимча, бундай қийинчиликнинг ортидан роҳат олиш ёқимли бўлади. Аслида эса буни қийинчилик демаган бўлардим. Негаки, бу Аллоҳ томонидан берилган бир инъом ва тақдир. Ҳаммаси яхшиликка. Чунки “Андижон”ни фақат яхши ниятлар билан қабул қилиб олдик. Ҳеч нарсадан қўрқмаяпман. Муддат кам бўлса ҳам биз бор кучимизни берамиз. Бошқа мураббийларнинг плюси шундаки, бизга қарши ўйнайдиган рақибларнинг устозлари барқарор равишда ўз клубларида ишлаб келишяпти. Шуни айтмоқчиманки, “Андижон”нинг йигитларига ишонаман. Агар ишонмаганимда ва клубни сақлаб қолишга кўзим етмаганида балки бундай таваккалчиликка қўл урмасдим.
- Футболчиларда бундай пайтда руҳий тушкунлик бўлиши табиий. Уларга қандай мотивация бермоқчисиз? Ғолибона руҳни қай тариқа уйғотмоқчисиз?
- Бор имкониятни ишга соламиз. Бор имконият деганим шундаки, кимгадир индивидуал томондан ёндашамиз, яна кимгадир умумий йиғилишлар етарли бўлиши мумкин. Юқорида айтганимдек, барчаси билан яккама-якка гаплашиб чиқаман. Бунга вақтим етади. Худо хоҳласа, ўйинчиларда мотивацияни уйғота оламиз, бунга ақлим етади. Бу Андижоннинг шаъни ва ғурури. Шу боис биз ҳам жимгина қараб турмаймиз. Ватан терма жамоасини бошқарганимда Саудияга қарши 10 киши бўлиб қолгандик ва ўшанда йигитларга ортингларда 33 миллионлик халқ турибди, дея уларнинг шижоатини ошира олганмиз. Биз Андижонга нима учун келаётганимизни, қандай вазифа кутиб турганини билиб турибмиз. Шунга яраша албатта ўйинчиларни руҳлантира оламиз. Биз барчамиз бирлашамиз, бир мақсад йўлида Андижон шаъни учун клубни Суперлигада олиб қолишга жиддий ҳаракат қиламиз.
- Бунгача “Андижон”нинг ўйинларини кузатиб келаётганмидингиз. Масалан, клубнинг кучсиз томонлари нималарда кўринаётганди?
- Йигитларнинг кучсиз жиҳати ёки бошқаси ҳақида ҳеч нима демайман. Чунки уларга қарши рақиб ҳам яхшигина тайёрланган. Фақат футболчилар барқарор ўйин кўрсата олишмади. Ўша мотивациянинг ҳисобига бир-иккита ўйинларни яхши ўтказишди. Орада эса омадсиз ўйинлар бўлди. Айниқса, “Бунёдкор”га ўта йирик ҳисобда ютқазиб қўйишди. Ўша учрашувни стадионда кўрдим. Ўшанда ҳайрон қолганим рост. Мураббий томонидан қандайдир айб топиш ниятида эмасман. Олдин ишлаган мураббий ҳам бор меҳрини, тажрибасини берган. Мен фақат футболчиларнинг ички дунёсини ва жамоада нима бўлаётганини билиш қизиқ. Кейин ўша 12 кун ичида ўз ўйинимизни йўлга қўйишга ҳаракат қиламиз.
- Мураббийлар штаби қандай кўринишда бўлади? Сизга кимлар ёрдам беради?
- Ўзим билан бирга терма жамоада ишлаган Дониёр Усмонов ва иккинчи мураббий сифатида ҳозирги пайтда Ўзбекистон U-19 термасида Тимур Кападзега ёрдамлашаётган Сергей Чигодаев. Уни ҳам клубга таклиф қилдим. Худо хоҳласа уч нафар мураббий “Андижон”га қўшилади. Ўринбосарлар мураббийи, дарвозабонлар мураббийи ёки бошқасини ўзгартирмоқчи эмасман. Қолганини эса натижа кўрсатганимиздан кейин мавсум тугагач гаплашамиз.
- Мабодо, “Андижон”ни Суперлигада сақлаб қолиш вазифаси бажарилмаса, бу кейинги фаолиятингизга таъсир кўрсатадими?
- Асосий вазифа сифатида раҳбарият шундай дедики, жамоани максимал даражада лигада олиб қолиш ҳақида гапирди. Бунинг учун эса биз бор куч ва имкониятни ишга соламиз. Бу ёғи эса Худодан. Вазифани бажариш йўлида биз ҳам, раҳбарият ҳам ҳаракат қиламиз. Раҳбарият билан ўзаро гаплашганимизда яна шундай бўлдики, агар клуб тушиб кетган тақдирда ҳам кейинчалик таркибни андижонлик йигитлар билан тўлдириб, Суперлигага қайтариш вазифаси бўлади. Бунинг орасида академияга ҳам катта эътибор қаратиш устивор вазифага айланади. Биз бу борада оғзаки суҳбатларни ўтказдик. Лекин биринчи қадамимиз албатта “Андижон”ни сақлаб қолишдан иборат. Биз таркибдаги бор йигитларга ишонишимиз ва уларнинг менга ишонишлари жуда муҳим.
- Умид кўзи билан қараётган андижонлик мухлисларга нималар деган бўлардингиз?
- Уларни ҳам тўғри тушунишларини хоҳлайман. Менинг ўрнимда клубни ҳозирги ҳолатида ким бошқаришга рози бўларди? Олдинги ва охирги мураббий билан нима бўлиб ўтганини суриштириш менинг вазифамга кирмайди. Мухлисларга биргина гапим: ишонч бўлсин. Йигитларни қўллаб-қувватлашсин. Биз эса ўйинимиз билан максимал даражада курашамиз.
Фикрлар