Ҳужуми нўноқ, ҳимояси эса умуман йўқ "Барселона"! Кулгили мағлубиятига айбдорларни излаймиз!

Ла Лига 22-тури доирасида "Барселона" "Вильярреал" билан куч синашди ва 3:5 ҳисобида рақибга мағлуб бўлди. Учрашув сценарийсини кўрган одам эсдан оғиши ҳеч гап эмас. Билмадим, Хави ва унинг жамоаси қандай қилиб бу қадар қўпол ва даҳшатли хатоларга йўл қўймоқда, тушунолмай ҳайронман. "Вильярреал" у қадар ҳам зўр ўйнаб юборгани йўқ. Кулгили хатолар чиройли ўйнаган "Барселона"ни аламли мағлубиятига олиб келди. 

"Вильярреал"нинг биринчи голи! 

Қуйидаги суратда тартибдан бошқа ҳамма нарса бор "Барселона" ҳимоясини кўришингиз мумкин. Жерар Морено ўта қулай нуқтадан зарба йўллади. Унга ҳеч ким халақит ҳам бергани йўқ. Энг қизиғи, ҳужумнинг ташкил этилиши ҳам жуда содда бўлди. Альберто Морено қанотдан Сёрлотга тўпни отиб берди. "Оғир карвон" норвегиялик у қадар ҳам ўзини қийнаб ўтирмай, "Барса" жарима майдони ичида "сайр қилиб юрган" Жерар Моренога тўпни узатди ва гол! 


photo_2024-01-27_12-47-49

Иккинчи гол! 

"Сариқ сув ости кемаси"нинг иккинчи голи ҳам Хави шогирдларининг хатосидан сўнг киритилди. "Барселона" ҳимояланишда яққол хатога йўл қўяётган жиҳат бу - марказий ҳимоячиларнинг ўта олдинга тортилиб ўйнаши. Балки бу тўпни тезкорлик билан олиб қўйиб, ҳужумни қўллаб-қувватлашда анча фойдали ҳисобланар, аммо жамоа 5 та гол ўтказиб юбораётган бир пайтда ҳужум ҳақида ўйлашга ҳаққи йўқ. Аввал мана бу муаммо тузатилиши керак. Албатта, бу эпизодда Канселунинг хатоси голга сабабчи бўлди. Португал мухлислардан узр сўради. Агар ҳамма хатоси учун шундай қилганидида бутун бошли "Барса" мудофааси ва уларни жойлаштирувида нўноқлик қилаётган Хави ҳам майдонни ўзида бу ишни қилиши керак эди. 



Учинчи гол! 

"Барселона" учинчи голни уриб, камбэк амалга оширгач, ўта хотиржамликка берилди. Тўпни ўзида ортиқча ушлаб туриш, бўш зоналар вужудга келаётган ҳолатда ҳам майда пас ўйнаб, беллашув ҳароратини туширишга ҳаракат қилди. Ушбу мақола сарлавҳасида "Барса"ни ҳарорат жамоа, деб атадим. Ҳа, чиндан ҳам ҳозирги Хави жамоаси кўп камбэклар амалга оширяпти ёки камбэклар қурбони бўляпти. Умуман олганда, ҳар бир учрашувда рақиблари билан бир-бирини "гўштини еяпти". Оддий, хотиржамгина ўйнаб, учрашувни назорат остида ушлаб туриб, ғалаба қозона олмаяпти Хави шогирдлари. Ўзлари учун дискомфорт яратиб олиб, ўша вазиятдан чиқишга уринишлар ҳар доим ҳам иш беравермайди. Ҳозирги "Барса" таркибида кўплаб футболчилар жуда ёш ва тажрибасиз. Бу футболчиларни конструктив кўрсатмалар орқали жамоа ўйинига ҳиссасини ошира олиш мураббийнинг тажрибасига боғлиқ. Бироқ Хави ҳам худди футболчилар каби маҳоратли, аммо тажрибасиз! Ҳа айтганча, қуйида "Барселона"нинг учинчи голи қандай қабул қилиб олинганини кўришингиз мумкин. Қанот ҳимоячиси Канселу қаерда юрибди? Қаерда юрганини-ку кўрдик, аммо нега Гедешни ёпишга ҳаракат қилмай марказга интиляпти, ҳайронман. 

photo_2024-01-27_12-57-41

photo_2024-01-27_12-58-16

Текин томоша ёхуд тўртинчи гол


Тўртинчи голни кўриб, дўстларим билан пул ташлашиб, сунъий майдонда тўп тепган пайтларим эсимга тушиб кетди. Ахир, йўқотадиган ёки ютсак, ўзимиз билан олиб кетадиган нарсамиз йўқ. Ҳимояда ҳам ва керак бўлса дарвоза чизиғи ёнида ҳам финт қилишга, рақибимизни алдаб ўтишга ҳаракат қилаверар эдик. "Барса" ҳимоячиларига дуранг ҳам кўплик қилдими ёки бир очко олгандан кўра мағлуб бўлганимиз маъқул деб ҳисоблашдими, билмадим. Хуллас, стадионга кирганлар футбол кўришдан ташқари ўйин сўнггида бепул "масхарабозлар" томошасига ҳам гувоҳ бўлди.  



Баҳсли пенальти

Барча айбни "Барселона" футболчилари, ҳимоячилари ёки Хавига ағдаришдан йироқман. Бугун "Барселона"нинг ютадиган ўйини эди. Реализация ва ҳимоя оқсаганидан ташқари учрашув бош ҳаками бир эпизодда яққол пенальтини "сариқ сув ости кемаси" дарвозаси томон белгиламади. Ҳимоячи қўлини олиб қочишга ҳаракат қилди, аммо тўп барибир унинг қўлига тегди. Бунинг оқибатида потенциал хавфли ҳужум тўхтаб қолди.  Тўп елка аралаш қўлга ҳам эмас, айнан тирсак аралаш билакка теккани ҳам пенальти эҳтимолини оширади. Яқинда Ўзбекистон иштирокидаги учрашувда ҳужум кескинлигига ҳам таъсир қилмаган ва шунчаки ерда таянч вазифасини бажариб берган қўлга тўпнинг нозиккина тегиши қоидалар асосида ўн бир метрлик нуқта, деб топилган бўлса, мана бу эпизод топ-тоза пенальти бўлиши керак эмасми? Балки, Испанияда қоидалар бироз бошқачадир, FIFA'нинг ҳам "тиши ўтмас" Ла Лиганинг ички қоидаларига! Мазкур вазият ўйинда бурилиш нуқтаси бўлди. Агар мазкур ҳолат пенальти деб топилганда ва "кўк-анорранглилар" ундан унумли фойдалана олганда, натижа умуман бошқача бўлиши эҳтимоли юқори эди. Шунда ҳам асосий айбдор рефери эмас. 5 та гол ўтказиб юборган "Барселона" ҳимояси бу мақомга ҳаммадан кўп муносиб. 

Image

Ундан бошқа ким айбдор бўлиши мумкин?

Айни дамда Каталония клубида яхши таркиб бор. Ҳар бир позицияда бир-бирини ўрнини бемалол тўлдира оладиган ижрочилар. Бироқ энг катта муаммолардан бири клуб кучли ва тажрибали таянч ярим ҳимоячи билан шартнома имзоламагани, чамамда. Шунингдек, энди Хави ўрнига "қон кўрган" тажрибали мутахассисни олиб келишнинг ҳам пайти келди. Хави "Барселона" молиявий инқирозга тушиб қолган пайти Ла Масия футболчилари ва трансфер бозорида "иккиламчи" футболчилар билан амаллаб жамоани топда ушлаб турганди. Балки унга мана шунақа позицияда бўлиш, аниқроғи, катта бўлмаган, муаммоли жамоада вазиятни барқарорлаштириб туриш қулайроқдир. Ҳар ҳолда, клуб анча-мунча пули ошиб-тошиб кетаётган клублар ҳавас қилгулик футболчиларни қўлга киритгач, талаблар ҳам ошади. Хави мана шу талаблар, йирик титулларни ютишни истаётган раҳбарият ва мухлислар фонида салбий натижаларнинг асосий айбдори бўлиб қолмоқда. Ростдан ҳам у истаган деярли ҳамма футболчилар олиб келингандан сўнг натижалар ёмон бўлса, бошқа яна ким айбдор бўлиши мумкин?


                                                                                                                                   Худайқулов Карим мақоласи 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!