Илҳом Мўминжонов: Азиз Турғунбоевнинг йўқлиги билинди
Ads

“Навбаҳор” – “Қўқон-1912” жамоалари учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва жамоа ҳужумчиси Азамат Алланиёзовлар қатнашишди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Илҳом Мўминжонов (“Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи): - Чиройли ўйин бўлди. Ҳисоб бунданда йирик бўлиши ҳам мумкин эди. Афсуски, шогирдларим яратилган хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олишмади. Шу сабабли 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан чекландик. Ушбу ғалаба билан ўйингоҳга келиб, жамоамизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизни табриклаймиз. Футболчиларимиз мураббийлар штаби томонидан берилган кўрсатмаларни бажариб, чиройли ютуққа эришганимиз учун уларга каттакон раҳмат айтаман.

- Турғунбоевнинг йўқлигида Навбаҳорнинг ўйини мазмунлироқ кўринди. Бунга қандай қарайсиз?

- Йўқ. Азизбек Турғунбоевнинг таркибда йўқлиги билинди. Турғунбоев бугунги кунда жамоамизнинг етакчи футболчиси. Кейинги учрашувларда Азизбек майдонга тушади ва янада чиройлироқ ўйинлар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Аслини олганда унинг майдонда йўқлиги сезилди. “Қўқон-1912” жамоасига қарши учрашувга жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. Футболчиларимиз ҳам яхши ўйин намойиш этишди. Рақибнинг сўнгги икки ўйинини кўрганиб чиқиб, шунга мослаб, тактика танлагандик. Бир сўз билан айтганда, қўқонликларнинг нозик ва кучли жиҳатларидан хабаримиз бор эди. Йигитлар якунда ўз олдиларига қўйилган вазифани уддалашди, яъни улар кўрсатмаларимизни юз фоизга бажаришди.

- Сулаймоновга биринчи бўлимда кескин эътироз билдирдингиз. Бу ҳиссиётлар билан боғлиқ бўлса керак?

- Ҳар бир мураббийда бу каби ҳиссиётлар бўлади. Сардор 60 дақиқа давомида ўз меҳнатлари туфайли гол уриш учун тўртта имкониятга эга бўлди. Шу сабабли унинг гол уришини истагандим. Ҳиссиётларимни футболчимиз яхши билади. Нима бўлган тақдирда ҳам яхши ўйин кўрсатди. Лекин, ҳужумчилардан фақат гол талаб қиламан.

 

- “Навбаҳор”га келганингиздан буён “водий дерби”ларида ғалаба қозона олмаётгандингиз. Бугунги учрашув олдидан қандайдир босим сезилмадими?

- Ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Олдин ҳам айтганимдек, ҳар бир учрашувга жиддий тарзда тайёргарлик кўрамиз. Ҳар бир рақибни мураббийлар штаби билан синчковлик билан ўрганиб чиққан ҳолда тактика танлаймиз. Бугун ўйлаган режаларимизни амалга ошириб, йирик ғалабани тантана қилдик. “Қўқон-1912” жамоасига кейинги ўйинларда омад тилаб қоламан.

Азамат Алланиёзов (“Навбаҳор” ҳужумчиси): - Авваламбор мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Бош мураббиймиз томонидан берилган кўрсатмаларни ортиғи билан уддаладик, деб ўйлайман. Йигитлар билан бирдамликда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилганимиз сабабли, ишончли ғалабани қўлга киритдик.