Илҳом Мўминжонов: “Навбаҳор”дан из қолдириб кетганимдан хурсандман
Ads

Яқинда Термизнинг “Сурхон” жамоасига Илҳом Мўминжонов бош мураббий этиб тайинланганлиги ҳақида расмий хабар бергандик. Ушбу мутахассис эндиликда термизликларнинг жамоасида енг шимариб ишга киришган. Мўминжоновнинг айниқса, “Навбаҳор”да кўрсатган натижаси кўпчиликка манзур бўлганди. У айнан Намангандаги фаолияти орқали ўзининг мураббийлик даражасини ошира олди. Натижада Илҳом Ибрагимович ғалабаларга ташна мураббий сифатида гавдалана бошлади. Шу боис наманганлик мухлислар унинг “Навбаҳор”да қилган меҳнатларини унутишмайди. Аммо 2018 йилги мавсум охирларига келиб ушбу мураббий ишдан бўшатилганди. Шунга қарамай, жамоанинг 3-ўринни эгаллашида Мўминжоновнинг катта ҳиссаси борлигини инкор қилиб бўлмайди. Энди эса у “Сурхон” билан янги мақсадлар сари ишга киришди. Очиғи, Илҳом Мўминжоновни суҳбатга кўндириш осон бўлгани йўқ. Узоқ уринишларимиздан кейин ниҳоят бир қатор масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришга рози бўлди.

- Якунига етган йил Илҳом Мўминжонов учун нимаси билан ёдда қоларли бўлди?

- Авваламбор 2019 йил кириб келгани билан барча юртдошларимизни табриклайман. Янги йилда халқимизга омад ва муваффақият тилайман. 2017 йилга қараганда, 2018 йил омадли бўлди. “Навбаҳор” ўз олдига қўйилган вазифани бажара олди. Жамоамизнинг мақсадига эриша олганидан мен ҳам қувондим. Чунки бунда бизнинг ўз ҳиссамиз бор. Мураббийлар штаби билан биргаликда қилган меҳнатларимиз бесамар кетмаганидан хурсанд бўлдик. Чунки мавсум бошида “Навбаҳор”нинг олдига кучли учликдан жой олиш вазифаси қўйилганди.

- Айтиш мумкинки, “Навбаҳор”даги фаолиятингиз орқали мураббийликдаги янги қирраларингизни очиб бера олдингиз. Натижада у ердаги меҳнатингиз орқали ҳамма сизнинг қандай салоҳиятга эканингизни чамалаб олишди. Шуни инобатга олганда, “Навбаҳор”даги фаолиятингиз ҳаётингизд қандай аҳамиятга эга?

- Хабарингиз бўлса, Наманганда 2016 йилги мавсумнинг охирги турларида иш бошлагандим. Ўшанда қийин шароитда қолган “Навбаҳор”ни олий лигада сақлаб қолгандим. Шундан кейин деярли икки мавсумни ҳам Наманганда ўтказдим. Мураббийлик фаолиятимни биринчи лигада “NBU-Осиё» бош мураббийи сифатида бошлаб у ерда икки йил давомида ишлагандим. Кейин «Пахтакор»да Самвел Бабаян бошчилигида меҳнат қилдим. Равшан Ҳайдаровга эса терма жамоада катта мураббий сифатида ҳам ёрдам бердим. Ўшанда терма жамоа билан Осиё чемпионатларида муваффақиятли қатнашиб, жаҳон чемпионатларида ҳам муносиб иштирок этгандик. Айтмоқчиманки, мураббийликдаги салоҳиятимни оширишда Самвел Бабаян ҳамда Равшан Ҳайдаровдан олган тажрибаларимни «Навбаҳор»да синаб кўрдим. У ерда қандай ишлаганимга ўзинглар ҳам гувоҳ бўлдинглар. Биз босқичма-босқич кўтарилишга эришдик. Дастлабки йили клуб билан олий лигада жон сақлаб қолдик. Келаси йилда эса кучли бешликка кирдик ва 2018 йилги мавсумни кучли учталикда якунладик. Ўйлайманки, мураббийликдаги мотивация ҳамда ҳиссиётларимни футболчиларимга сингдира олдим. Ўйинчилардан нимани истаган бўлсам ва нимани талаб қилган бўлсам, улар ҳаммасини майдонда кўрсатиб беришди. Шунинг эвазига ҳам биз жамоамиз билан яхши натижаларга эришдик. Айтишим мумкинки, «Навбаҳор»да мураббийлик даражамни ошира олганимдан хурсандман. Шу билан бирга Наманганда ўтказган иики ярим йиллик фаолиятим мен учун унутилмас бўлиб қолди. Лекин энди ҳаммаси ортда қолди. Шунинг учун Намангандаги муваффақиятлар билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Аксинча, мен мураббийликда яна янги марраларни забт этмоқчиман.

- Жамоанинг 3-ўринни қўлга киритишида сизнинг қўшган ҳиссангизни инкор этиб бўлмайди. Барибир ҳалигача маҳаллий мухлислар орасида сизни илиқ хотиралар билан эслаётганлари ҳам кўп. Умуман олганда, “Навбаҳор”дан қандай ҳолатда кетдим деб ўйлайсиз?

- «Навбаҳор»дан қандай кетганимми? Бу – футбол. Биз мураббийлик касбини танладикми, демак, ҳаммасига тайёр туришимиз керак. Мураббийлик билан истеъфо сўзи доим ёнма-ён юради, буни ҳам унутмаслигимиз лозим. Одатда бирор-бир клубда 2-3 йил ёки 4 йил ишлаб кейин мураббий истеъфога чиқади. Агарда шундай жиҳатларни яхши тушунмаган ҳолда мураббийликка ўтган бўлса, у ҳолда ўша инсон яхши мураббий бўла олмайди. Масалан, охирги пайтларда «Навбаҳор»нинг натижалари салбий кўриниш олди дея мени истеъфога чиқаришганди. Аммо мен бу билан тушкунликка тушиб қолганим йўқ. Аксинча, ўйинларимиз ва қайд этган натижаларимиз туфайли наманганлик мухлисларнинг қувонишига сабабчи бўлиб, «Навбаҳор»да из қолдириб кетганимдан хурсанд бўлдим. Хабарингиз бўлса, мавсум тугашига бир ярим ой қолганида ишдан кетдим. Шундан кейин оилам даврасида бўлдим ва сўнгра мураббийлар учун бошланган «Про» ўқув-курсларида ўқидим.

- «Навбаҳор»даги ажойиб фаолиятингиздан кейин кўпчиликни Мўминжонов энди қайси клубда ишларкин, деган савол қизиқтираётганди. Эндиликда маълум бўлдики, сиз “Сурхон” жамоаси бош мураббийига айландингиз. Хўш, нима учун “Сурхон”ни танладингиз? Термизликларнинг нимаси сизни қизиқтирди?

- Менга «Сурхон» жамоасидан жиддий таклиф тушди. Бундан ташқари, менга яна иккита клубдан аниқ чорлов бўлганди. Аммо энди уларнинг номларини айтмаганим маъқул. Шунчаки, олдимда турган вариантлардан «Сурхон» жамоасини танладим. Натижада улар билан бир йиллик шартнома туздим. «Навбаҳор» клубига берган мотивациям ва жамоага қўшган ҳиссамни энди Сурхондарё футболига ва «Сурхон» жамоасига сарфлайман. Биласизми, «Сурхон»нинг ҳам худди «Навбаҳор»даги каби жонкуяр мухлислари кўп экан. Про-лигада иштирок этишига қарамасдан, «Сурхон»нинг ўз майдонидаги ўйинларига 4000-5000 атрофида мухлислар келишар экан. Мана, «Навбаҳор»да ўзимни синаб кўрдим ва наманганликларни пастдан юқорига олиб чиқа олдим. Энди эса ўзимни яна бир карра мураббийликда синаб кўрмоқчиман ва янги жамоамни пастдан юқорига олиб чиқишга жиддий бел боғлаганим учун ҳам «Сурхон»ни танладим. Сурхондарё халқи футболга жуда қизиқади. Уларга яна аввалги мавқеларини қайтаришда ёрдам бермоқчиман. Ушбу жамоани танлашимда пул ҳеч қандай роль ўйнагани йўқ. Мен бу ерга яна олдингидек катта шижоат билан ишлагани келдим. Шу боис «Сурхон»да иш бошлаганим менинг мураббийликда бир поғона орқага қадам ташлаганимни англатмайди. Биз учун ҳали ҳаммаси олдинда. Ўйлайманки, «Сурхон»ни танлаб хато қилмадим. Чиройли ўйинларимиз билан мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз ва бунинг учун уларнинг қўллаб-қувватлашларини кутиб қоламиз.

- Янги жамоангизда сизга мураббийлар штабида кимлар ёрдам беради?

- Икки йил давомида “Навбаҳор”нинг мураббийлар штабида менга ёрдам берган ҳамкасбларим билан “Сурхон”да биргаликда ишлаймиз. Жумладан Анвар Солиев, Владимир Андреев, Жамшид Умаров ва ҳаттоки, шифокор, массажчи-ю, маъмурларим билан биргаликда “Сурхон”га кўчиб ўтдик. Хуллас, “Навбаҳор”даги мураббийлар штаби билан ёппасига Термизда ишлаймиз.

- Таркиб масаласи қандай кўринишда бўлади ва қишки йиғин қай тартибда ўтказилади?

- 5 январдан бошлаб Тошкентда машғулотларни бошлаймиз. Ўша ерда ёш иқтидорли футболчилар билан бирга, катта футболда ўзидан ёрқин из қолдирган ўйинчиларни ҳам таклиф қиламан. Шунингдек, тактикамга мос тушадиган ўйинчиларни чорлайман. Биз асосий йиғинларимизни икки ой давомида пойтахтда ўтказамиз.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Минбар

Барча блоглар