Илҳом Қурбонов: Академия филиалларини очиш лойиҳаси Гулистонгача ўз ичига олади
Яқинда «Машъал» клуби академиясининг Хоразмда ўз филиали очилгани тўғрисида хабар бергандик. Шу тариқа, клуб академиясининг географияси кенгайиб бормоқда. Лекин қизиқ томони, клубнинг ўз академияси вақтинча ёпилган ва ҳали иш фаолиятини бошлагани йўқ. Шунга қарамай, «Машъал» раҳбарияти ривожланиш стратегиясини тўхтатиб қўймоқчи эмас ва ўйлаб қўйган лойиҳаларини амалга оширишаётгани эътиборга моликдир. Тўғри, ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бўляпти. Лекин бундай ҳолатлар «Машъал»ни танлаган йўлидан қайтара олмаяпти. Уларнинг Хоразмда ўз филиалига эга бўлиши эса ривожланишнинг бир йўлидир ва бу борада улар катта қадам ташлашди десак ҳам бўлаверади. Айниқса, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан болалар спортига қаратилаётган катта эътибор замирида «Машъал» клубининг ҳам болалар футболида амалга ошираётган ишларини фақат маъқуллаш мумкин. Охирги йилларда эса муборакликлар умуман бошқача стратегия ва йўналиш бўйича иш бошлашди. Ҳозирда бошланаётган ишлар эса вақт келиб яна ўз мевасини беришига ишонса бўлади. Шу боис мазкур масала бўйича клуб ижрочи директори Илҳом Қурбонов билан боғландик.
- Урганчда «Машъал» академиясининг филиалини очиш ғояси ва ташаббуси кимдан чиқди?
- Клубнинг стратегиясида бу нарса бор эди ва ушбу лойиҳа устида ишлаётгандик. Биз ҳудудларни тўлиқ ўрганиб чиққанмиз. Аниқроғи, ўрганишларимиз Гулистонгача бўлган ҳудудларни ўз ичига олади. Масалан, Самарқандда аҳоли кўп. Шунингдек, олисда жойлашган Хоразмда ҳам иқтидорли ёшлар кўп-у, аммо уларни ярим йўлдаёқ йўқотиб қўймоқдамиз. Биз мана шу жиҳатларини ҳам ўрганиб чиқдик. Чиндан ҳам Урганчда иқтидорлар жуда кўп. Шунинг учун у ерда филиалимизни очишга қарор қилдик. Бундан ташқари, ўзимизда, яъни, Қашқадарёнинг маркази ҳисобланган Қарши шаҳрида ҳам «Машъал» академиясининг филиалини ташкил қилганмиз. Бу иккаласи ҳозирча синов лойиҳа саналади. Тўғрисини айтсам, Хоразмда яна бир филиалимизни очишни режалаштирганмиз. Айниқса, аҳолиси зич жойлашган бирор-бир туманида «Машъал» филиалини очмоқчимиз.
- Футбол жамоатчилигида баъзи-бир саволлар туғилмоқда. Унга кўра «Машъал»нинг ўз академияси вақтинча ёпилганига қарамасдан, бошқа ҳудудларда филиалларини очмоқда…Бунга қандай изоҳ берган бўлардингиз?
- Филиалларимизни очаётганимизга келсак, булар ўзимизнинг академиямизга бошқа ҳудудлардан энг иқтидорли болаларни етказиб бериш маъносини англатади. Олдин ҳам айтганман: Ўз академиямизни вақтинча тўхтатиб турганимиз, бу ёпилди дегани эмас. Шунчаки, биз айрим камчиликларимизни бартараф этган ҳолда бугунги кунда замонавий кўринишга келтирмоқдамиз ва яхши кадрлар билан тўлдирмоқчимиз. Биз олдинга қадам ташлаш учун академиямизни янгилаяпмиз ҳамда филиалларни ташкил қиляпмиз. Бундан кўзланган мақсад иш унумдорлиги ва сифатини янада яхшилашни кўзлаганмиз. Айнан шунинг учун ушбу лойиҳамизни амалга татбиқ этяпмиз. Эътибор беринг, эндиликда асосий академиямиз учун филиалларимиз ишлайди. Шундай экан, бизнинг академиямиз асло ёпилиб кетмайди. Фақат вақтинчалик тўхтаб турибди холос. Ҳозирда бу ерда модернизациялаш ишлари охирига етиб қолди. Академияда барча қулайликларни яратмоқчимиз.
- Урганчдаги филиалда ишлаш тартиб қандай? Нечта мураббий ва болалар қабул қилинади?
- Ҳар бир туманда иккитадан мураббий ишлайди. Табиийки, филиалимиздаги академияга барча ўқув қуроллари ва элементарларни етказиб беришни «Машъал» клуби ўз бўйнига олади. Уларнинг вазифаси эса иқтидорли ёшларни бизга етказиб беришади.
- Ҳозирда асосий академиядаги ишлар қандай олиб бориляпти ва қачонга ишга туширилиши режалаштирилган?
- Сизга қайсидир санани мухлат сифатида айтсам ёлғончи бўлиб қолишим мумкин. Тез кунда барча масалалар бир тарафга ечилади. Ишонаманки, академиямиз яна иш фаолиятини бошлашига оз фурсат қолди. Иситиш тизимлари янгиланди. Фақат ювиниш ва кийиниш хонасида озгина муаммоимиз қолди. Умуман олганда, 95 фоиз ишлар тугатилган. Фақат 5 фоизлик даражадаги охирига етказилиши керак бўлган ишлар қолди холос. Биз тарбия оладиган болаларга барча шароитларни яратиб бермоқчимиз ва бу борада муаммолар бўлмаслиги керак. Шунинг учун ҳам академиямизни тўлиқ модернизациядан чиқаряпмиз. Агарда ҳозирда об-ҳаво иссиқ бўлганида болаларни қўйиб юбормасдик. Лекин биз аввало уларга етарли шароитларни яратиб беришимиз керак. Шамолламасликлари, машғулот жараёнларини қолдирмасликлари керак. Шунинг учун қулайликларни охиригача яратмагунимизча сабр қилиб турамиз.
- Академия тарбияланувчилари қаерда? Уйларида дам олишяптими?
- Ҳаммасига индивидуал дастур берганмиз. Шу бўйича мураббийлар уларни назорат қилиб туришибди.
- «Машъал» ҳудудларда ўзининг филиалларини очиш учун дастлабки қадамларни ташлади. Водийда ҳам иқтидорлар жуда кўп. Шу боис у ерда ҳам академиянинг филиалини очиш режаси борми?
- Ҳозирги лойиҳамиз тўғриси Гулистонгача қаратилган. Тошкент ёки водий томонларга ҳозирча ўтганимиз йўқ. Албатта, водий томонларни ҳам ўрганишни бошлаймиз. Фақат бу томонларни кўриб чиққанимизда бироз ноқулайликларни келтириб чиқаряпти. Ҳаммасининг ўзига яраша плюс ва минус томонлари бор. Махсус комиссиямиз билан маслаҳатлашган ҳолда водий томонидаги лойиҳамизни тўхтатиб турибмиз.
Фикрлар