Иситмаси чиққан инсонга қориноғриқ дори ёхуд Сречко Катанец футболимизни "қутқариб" қоладими?

Тез орада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи номи эълон қилинади. Словениялик Сречко Катанецнинг юртимиздаги саргузаштлари бошланиши олдидан футболимиз ҳақида суҳбат қургим келди.

Сречко Катанец ким?

123123123

Хўш, келинг, аввалига словениялик мутахассиснинг фаолиятига қисқача назар ташлаб ўтамиз. 1963 йилда дунёга келган Сречко футболчи сифатида "Сампдория" ва "Штутгарт" сингари таниқли жамоалар шарафини муносиб ҳимоя қилган. Италиядаги 5 йиллик фаолиятидан сўнг, 1994 йилда бутсаларни михга илган. Ўша даврда урфга кирган итальянча футбол моделини ўзлаштиради ва мураббийлик курсида ўқишни бошлайди. 1997/98 йилги мавсумда "Гориса" клубида ўз дебют мавсумини ўтказади. Йил охирида Словения терма жамоаси рулини қабул қилиб олади. ЖЧ ва Европа биринчилигига чиқиш орқали мамлакат тарихига кирган.

2009 йилда унинг Осиё сари юриши бошланди. Aввалига БAA термасида 2 йил ишлади ва Европага қайтди. Словенияда яна 4 йил ишлагач, (2018 йилда) Ироқни қабул қилди. Қитъадошларимиз у бошқарувида 25 баҳсда иштирок этган ва 14 ғалабага эришган. Шунингдек, 7 баҳсда дуранг қайд этилган бўлса, яна 4 учрашувда Катанец шогирдлари мағлубиятга учраган. Умумий ҳисобда ҳар бир ўйинда Ироқ Сречко бошқарувида 1.40 гол киритишни уддалаган. Ўз дарвозасидан эса, ўртача 0.72 бор тўп олиб чиққан. 4 йил давомида мутахассис 52 футболчини терма жамоага чорлаган. Умуман олганда, натижаси чакки эмас.

Ундан нима кутамиз?

қаф 2

Катта эҳтимол билан, словениялик футболимизда инқилоб қилмайди. У бор футболчилардан максимум натижа кўрсатишга уринади. Ҳозирги авлод вакиллари орасида бир нечта кучли ижрочилар бор. Унинг бошқарувидаги барча жамоаларнинг ўйинларини кўриб чиққан инсон сифатида айтишим мумкин-ки, Сречко деярли 73 фоиз учрашувларда бир ҳужумчи билан тўп тепишни афзал кўрган. Фақат 20 фоиз баҳслардагина 2 ҳужумчига таянган. Фақат 7 фоиз ўйинидагина 3 ҳужумчига мурожаат этган.

Мураббий термамизни қабул қилиб олса, катта эҳтимол билан 4-2-3-1 ёки 4-4-1-1 схемадаги термамизни кўрамиз. Балки, таянч зонасидаги йигитларга суяниб 3-5-2да ўйнашга уринар. Умуман олганда, бу муҳим эмас. 10 баллик системада ЎФAнинг танловига 10 балл қўйиш мумкин. Бугунги вазиятда топ даражадаги барча мутахассислар банд. Термалар ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи босқичидаги иштирокига тайёрланмоқда. Сречко Катанец ўзбек футболини остин-устун қилиб ташлайди, деб ўйламайман. У ҳам Эктор Купер сингари "эски мактаб"нинг сўнгги битирувчиларидан бири. Италия футбол мактаби тамойилларига асосланган ҳолда, "гол ўтказмаган жамоа енгилмайди" шиорига тўлиқ амал қилади.

Хўш, унга бугунги ўзбек футболи қандай кадрларни тақдим этиши мумкин? Aфсуски, дарвоза ва марказий ҳимояда уни тўлиқ қаноатлантира оладиган футболчилар кўринмаяпти. Майли, ҳужумда Элдор Шомуродов барча талабларини ортиғи билан бажарар. Хўш, марказдачи? Отабек Шукуров бошчилигидаги бир нечта йигитларни санаб беришингиз мумкин. Вингерлардан ёлчигинамиз аниқ, лекин ўйинни ўзига оладиган плеймейкеримиз йўқлиги факт. Ёдингизда бўлса, Вадим Aбрамов ҳам айнан плеймейкернинг йўқлиги учун Саудия Aрабистони билан учрашувнинг биринчи бўлимида Жалолиддин Машариповни ҳужумчи ортига жойлаштирган эди. Катанецга ЎФA қўйган биринчи талаб ЖЧга чиқиш эканлигини инобатга олсак, 2026 йилдаги мундиалнинг саралаш учрашувларида бугунги етакчилар неча ёшда бўлиши жуда муҳим.

Машарипов - 33, Элдор Шомуродов - 31, Отабек Шукуров - 31, Одилжон Ҳамробеков - 30, Достонбек Ҳамдамов - 30, Игорь Сергеев - 33... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Европалик олимларнинг айтишича, спортчининг танаси 27-29 ёшда ўзининг пик даражасига кўтарилади. Кейин, секин-аста пасайиш кузатилади. Бундан кўриниб турибдики, бугунда МТЖ ўзагини ташкил қилаётган йигитларнинг аксарияти 2026 йилги ЖЧга ўзининг пик даражасида етиб келиши мушкул. Хўш, унда нечанчи йилда туғилган болалар келаси мундиал саралашида ўз пикига чиққан бўлади? Бу тахминан 1998-2002 йиллар оралиғида таваллуд топган футболчилар бўлиши мумкин. Хўш, айни дамда бу ёшдаги футболчилардан нечтасини танийсиз?

Ҳақиқат

123454335

Тўғриси, айни дамда футболимизнинг аҳволи ҳам кулгимни, ҳам раҳмимни келтиради. Нега дейсизми? Биз бир хатони қайта-қайта такрорлашда давом этяпмиз. ЖЧга чиқа олмадикми? Дарров процез ишга тушади. Биринчи бўлиб мураббийлар рокировкаси амалга оширилади. Барча мухлислар энди нимадир ўзгаради, деб умид қилишни бошлайди ва вақт ўтиб мағлубият алами озаяди. Янги мутахассис бир мунча фурсат иш олиб боргач, омадсизликка учрайди. Яна мухлислар кўтарилади ва "тренер" ишдан олинади. Қарабсизки, яна ҳамма жим ва яна умид қилиш бошланади. Бу воқеа 30 йилдан бери такрорланмоқда. Aгар муаммонинг негизига болта урмасак, яна 50 йил давом этиши турган гап.

Aслида, муаммо МТЖни қандай мураббий қабул қилиб олишида эмас. Ҳаммаси шахсий футбол инфраструктурамизнинг йўқлигида. Биз ички муаммолар билан курашаётган пайтимиз Осиё термалари ишга замонавий ёндашган ҳолда биздан ўзиб кетмоқда. Ҳозир, ФИФA рейтингида Осиёнинг кучли 12 жамоаси орасида ҳам йўқлигимиз бежиз эмас. Қадрдон мухлис, уйғониш даври келди. Биз 2011 йилдаги Осиёнинг энг кучли 4 жамоасидан бири эмасмиз. Ойна ортида 2021 йил кетмоқда. Энг охирги катта форумдаги ғалабали юришимизга ҳам ҳадемай 10 йил бўлади. Қачонгача, ўтмиш билан юрамиз. Энди, кўзни очадиган ва замонга мос ҳаракат қиладиган даврлар келди. Кеча биз Тошкентда дарвозасига 5 гол урган Қатар Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Биз рақиб ўрнида кўрмаган Иордания, Сурия ва Ироқ бизни бемалол Тошкентда енгиб кетмоқда. Шундай экан, Сречко Катанецдан ўзбек футболини остин-устун қилиб ташлашидан умид қилманг. Бизнинг муаммо биргина мураббий билан боғлиқ бўлганида биз ҳозир Купер билан ҳал қилувчи саралаш босқичига тайёргарлик кўраётган бўлар эдик.

Ҳар бир омадсизлик ортида бир айбдор бўлиши керак. Ўша айбдор топилди ва истеъфога чиқарилди. Хўш, энди муаммолар ўзгариб қолдими? Ички чемпионатимиз савияси ўсиб кетдими? болалар футболи ривожландими? хусусий клублар сони ортиб кетдими? легионерларимиз сони икки ҳисса ошдими? тизим ишга тушдими? ҳакамларимиз савияси ошдими? Бу ва бошқа очиқ саволларга жавоб топилмас экан, биз мураббийларни ҳар ЖЧ олдидан алмаштиришда давом этаверамиз.

Тез орада терма жамоамизни Словения футболи тарихидаги энг катта шахс ўз қўлига олади. Уни олдинда бутун умр унутмайдиган саргузаштлар кутиб турибди. Унинг юртимиздаги фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
22/08/2021 17:05
Ҳайдаров бор экан Ўринбоев дебють ўйинини Швецияга қарши ўтказади.