Испанияда ўйнаётган Хожиакбар Шамсутдинов Серхио Рамос тўп тепган клубга ўтишга яқинлиги, Ўзбекистон чемпионатида ўйнамасли ва бошқалар ҳақида
Ads

 

Биласизми, Испанияда ўзбекистонлик футболчи фаолият олиб боради. У Хожиакбар Шамсутдинов. Ушбу ном сиз учун янгилик бўлганлиги боис уни сизларга қисқача таништириб ўтамиз. Кейин эса ташкил қилган сухбатимизни ҳавола қиламиз.

1996 йил 28 июль куни Андижон шаҳрида таваллуд топган. 3-4 ёшигача Андижонда яшаган Хожиакбар Шамсутдинов Тошкентга кўчиб кетади. Пойтахтдаги халқаро мактабда таҳсил олади. Футболга жиддий тарзда эътибор бериш 10 ёшидан бошланган. Шунда биринчи бўлиб “Пахтакор”га борган. Ярим йил футбол билан шуғулланган Хожиакбар ўқишни бир мунча ташлаб қўяди. Бу эса ота-онасига ёқмай уни футболдан четалтади. Аммо орадан 3 йил ўтиб яна футболга қайтади. Дастлаб “Ливерпуль-Ташкент” клубида тўп тепган. У ердаги биринчи мураббийи Ахмад Сагдиев. Ушбу жамоада бир ярим йил фаолият олиб борган ва катта футболга қадам қўя бошлаган. Шундан сўнг “Пахтакор”га ўтиб, Дилшод Нуралиев қўл остида шуғулланган. 14-15 ёшигача “шерлар” академиясида таҳсил олган ҳужумчи испанияга кўрикка кетади. Ҳаммаси шундан бошланган.

Хожиакбар, дастлаб мана шу кўрик тўғрисида тўхталиб ўтсангиз?

- Бу кўрик тўғрисида гапирадиган бўлсам, ўша пайтда “Пахтакор” ва Испаниянниг “Алькобендас” клуби ўртасида ҳамкорлик бўлган. Дастлаб “Реал” академиясига борганман. Бир мавсум “қироллик клуби” академиясида тўп тепганимдан сўнг кичик трансфер қилиб “Алькобендас”га ўтгандим. 18 ёшгача шу клубда ўйнадим. Кейин жароҳат олдим ва Мадридда операция қилинди.

Кейинчалик “Севилья”га бордим. У ерда академияда ва жамоанинг асосий таркиби билан ҳам машғулотлар ўтказдим. Ўтган йили эса “Триана” жамоасига бориб қўшилдим. Бу ривожланаётган клуб ҳисоланади. Таркибида жуда кўплаб ёшлар мавжуд. Ўз навбатида, биз 3-лигада иштирок этамиз. Умуман олганда Испанияда 5 та профессионал лига бор.

Тошкентдан Испанияга йўл олишингиз қандай содир бўлган? Яъни, қанақадир турнирда уларнинг скаутлари кузатганми ёки “Пахтакор” сизни тавсия қилганми?

- “Пахтакор”ни ҳамкорлиги борлиги учун клуб мени тавсия қилган. Уларнинг мақсади “Пахтакор”даги футболчиларни кўрикдан ўтказиш бўлган. Қолаверса, ўша пайтда Испанияда турнир бўлган ва “Пахтакор”ни ҳамкорлик шартномаси қўл келган.

Кўрик давомида улар нималарни синовдан ўтказади?

- Ҳозирда асосан ўйин. Жамоа билан доимги машғулот ўтказасиз ва ўйинда сизни кўриб чиқишади. Олдинлари ўзини талаблари бўлган. Ҳозир ундай эмас. Асосийси ўзингизни йўқотиб қўймасангиз бўлди. Қолаверса, бир, бир ярим ой синов муддати ҳисобланади.

“Триана”да асосий таркибда майдонга тушасизми?

- Бу мавсум жамоа таркибида 5 марта майдонга тушдим. Чунки жароҳат олиб операция бўлгандим. Шунинг учун 5 ўйин ўтказа олдим холос. 3 учрашувда асосий таркибдан ўрин олдим. Жароҳатдан қайтгач оз оздан имкония берилади.

Сиз қайси чизиқда тўп тепасиз?

- Мен асосан ҳужумчиман. Лекин сал орқароқда ҳам ўйнай оламан. Аммо олдинги чизиқ мен учун қулай.

Триана қайси шаҳарга яқинроқ?

- Севильяга.

Шу клубга алоқаси борми “Триана”ни?

- “Триана” “Севилья”ни иккинчи жамоасидек кўринади. Аммо ундай эмас. Клуб раҳбарларининг ўзаро алоқаси бор. Чунки асосий тарнсферлар “Севилья” ва “Триана” ўртасида бўлади.

“Триана” билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

- Жамоа билан яна бир йиллик шартномам бор. Қолаверса, “Ганс” клуби ҳам қизиқмоқда. У анча кучли жамоа саналади. Боз устига Серхио Рамос ҳам ўша ерда тўп тепган. Ҳозирда музокаралар кетяпти.

Сизнинг агентингиз борми?

- Ҳа бор.

Маошни сўраш ноқулай. Шунинг учун сизнинг маошингиз ҳаражатларингизга етадими?

- “Триана” яхши маош беради. Барча ҳаражатларимни ўзим ойлигим орқали тўлдираман.

3-лигада сиздан ташқари яна ўзбекистонлик футболчилар борми?

- Йўқ. Испаниядан Ўзбекистонга фақат битта таклиф бўлган. Шунда мен кетганман.

Ушбу лигада хориждан ҳам ўйинчилар борми ёки асосан испанларми?

- Асосан испанлар. Лекин бошқа давлатдан келиб тўп тепадиганлар ҳам етарликча. Масалан, Камерун, Гвинея, Африка, Чили каби давлатлардан футболчилар бор. Профессионал лига бўлгани учун ҳар хил мамлакатлардан келиб фаолият юритишади.

“Триана” стадионига қанча одам сиғади?

- Тахминан 20 мингга яқин томошабинни сиғдира олади.

Стадион тўладими учрашувлар пайтида?

- Ўйинга қараб киради мухлислар. Масалан охирги баҳсларда 10 мингдан кўпроқ ишқибоз келди. Лекин асосан 3-4 минг атрофида одам ташриф буюради. Муҳим беллашувларда стадион тўлади. Бу мавсумни 7-ўринда тугатдик. Шунинг учун унчалик ҳам кўп томошабин келмади.

Севилья билан Трианани ораси яқин экан. “Севилья” клубидан мутахассис ёки футболчилар тажриба алмашгани чақириладими?

- Йўқ. Унақа инсонлар келмайди. Чунки биз профессионал лигада тўп тепамиз.

Ўзбекистон клубларидан қизиқишлар борми сизга?

- “Пахтакор”дан бўлган. Бошқа жамоалар ҳам Тошкентга келганимда шахсан ўзимга қизиқиш билдиришган. Лекин ҳозир бу ерда ўйнаш ниятим йўқ. Келажакда фақат миллий терма жамоада тўп тепиш ниятим бор.

Турли ёшдаги терма жамоалардан таклифлик бўлганми?

- Ҳа албатта. Олимпия терма жамоасидан таклиф бўлган. Лекин рад жавобини берганман. Мен фақат миллий терма жамоада ўйнашни истайман. Дилшод Нуралиевнинг 17 ёшликлар терма жамоасида ўйнаганман. У пайтда баъзи бир тушунмовчиликлар бўлган. Шунинг учун ҳозирча миллий термадан ташқари бошқа жамоаларда ўйнамайман.

Агар Ўзбекистоннинг бирор бир клуби “Триана”дан 3 баробар кўп маош таклиф қилса қандай жавоб берасиз? 

- Йўқ қайтмасдим. Чунки бунақа таклиф Қатар клубидан тушган. Аммо унга ҳам рад жавобини берганман. Чунки ҳозир пулни эмас, футболни ўйлашим керак. Испания ва Ўзбекистон, қатар футболи ўртасида жуда катта фарқ бор. Мен у ерда қолиб Ла Лигада ўйнаган бириничи ўзбекистонлик футболчи бўлиш ниятим бор. Шунинг учун бу қарорим пул томонидан устун туради.

Қатарни қайси клубларидан қизиқиш бўлган?

- Агентимга мурожаат қилиганлиги учун аниқ эсимда йўқ. Улар бирдагҳнига ойлик масаласи билан чиқишган.

Агентингиз ким ва қаси машхур футболчилар билан ишлаган?

- Италиялик Сейби Карруба. У Италия чемпионатида ва Б серияда кўплаб ўйинчилари бор. Ла лига ва Сегундада ҳам мижозлари мавжуд. Уни футболчилари билан мен рақиб бўлганимиз учун қизиқмаганман қанақа машхур ўйинчилари борилигига. 70 дан ортиб мижоз билан ишлайди.

“Триана”да ёки Испанияга борганингизда Ла Лиганинг бирор бир клубига қарши ўйнаганмисиз?

- Ёшлар жамоалари билан ўйнаганман. Асоссий таркиб жамоалари билан тўқнаш келмаганман.

Трианада қаерда яшайсиз?

- Клуб базасида яшайман.

Базада ўйин бўлмаган кунингиз қандай ўтади?

- Эрталаб соат 6 да тураман. 10-15 минут ювунаман. Кейин озгина батантарбия қилиб 7 да нонушта қиман. 8 да эса майдонда бўламан. 9 дан 11 гача машғулотлар бўлади. Кейин ҳамао хоҳлаган ишини қилади. Кимдир китоб ўқийди... сўнгра 4 гача дам оламиз. Шундан сўнг ҳаво иссиқ бўлса бассейнда сузамиз. Машғулотларга бир соат олдин борамиз. Чунки кимдадир жароҳатлар бўлса жамоанинг шифокорлари массаж ёки зарурий чораларни кўришади. 7 дан 9 гача машғулот ўтказамиз. Шундан сўнг ухлаймиз.

Ўйин куни кўпроқ ухлаймиз. Энди кўп деганда 10-11 гача эмас. Кейин машғулот ўтказиб нонушта қиламиз. Сўнгра рақиб ўйинлари туширилган видеоларни кўриб чиқамиз. 2 саот рақиб ўйинларини ўрганиб чиққанимиздан сўнг дам оламиз. Шундан сўнг беллашувга ҳамма хонада ўзини тайёрлайди.

Энг узоқ масофа қанчани ташкил қилади ва у ерга нимада борилади?

- Энг узоқ масофа 5 соат. У ерга клубнинг ўз автобусида борилади.

Триана аҳолиси асосан қайси спорт турига қизиқади?

- Испанияни барча шаҳарларида аҳоли асосан фақат футболга қизиқади. Ҳатто у ерда 3 ёшлик болаларни клуби бор. Улар иштирок этадиган 4 та лига мавжуд. Бу Андулусия, Каталония ва мадридда бор.

Испанияда ҳужумчиларга нималар алоҳида ўргатилади?

- Испанияда ҳужумни тугатиш талаб этилади. Бош билан яхши ўйнай олсангиз улар учун катта плюс. Чунки Испанияда бўйи баланд ҳимоячилар кам. Шунинг учун ўйинда ҳаводаги имкониятдан фойдаланиш керак. Машғулотларда барча чизиқда ўйнайдиган футболчилар алоҳида шуғулланишади.       

Сиз бир кунда неча соат шуғулланасиз?

- Минимум 5 саот. Баъзида 7-8 соат ҳам машғулотларда бўламан.

Жароҳат олган пайтингизда операция бўлгансиз. Шунда ҳаражатларни клуб кўтардими?

- Албатта. Чунки клуб либосида жароҳат олсангиз барча ҳаражатларни жамоа тўлаб беради. Қолаверса, бонус ҳам берилади. Чунки жамоа шани учун курашганингизга.

Олий лигани кузатасизми?

- Биъзида. Лекин деярли кузатмайман. Ким чемпион бўлганини эшитиб қоламан.

Ўзбекистонга келганингизда чемпионатнинг бирор бир ўйинига тушганмисиз ёки телевизор орқали томоша қиласизми?

- Бир икки марта “Пахтакор”ни ўйинига кирганман. Асосан Тошкентга келганимда ТВ орқали томоша қилардим.

Учрашувлар сизда қандай тассурот қолдирган?

- Бизни лигадан кейин бу чемпионатни кўрганимда озгина секинроқ эканлигини кўрдим.

Олий лигамизни Испаниянинг қайси лигасига ўхшатиш мумкин?

- 4 ёки 5 лигага ўхшатиш мумкин. Бизни лига жуда кучли. Тўртинчи лигадаги аксарият жамоалар “Локомотив” ёки “Бунёдкор”ни ютиб қўя олади. Агар Ўзбекистонни бирор бир кучли клби борса биринчи йили чемпион бўла олмайди. Чунки клубларимизни кўп учрашувларини кузатганимда ўйин асосан бир тайм бўлади. Иккинчи бўлимга кучи етмай қолади. Жисмоний жиҳатдан оқсайди. Испанияда 90 дақиқадан сўнг яна шунча ўйнай олади. Ўзимни оладиган бўлсам, менинг жисмоний ҳолатим ҳам оддий ҳисобланади. Уларнинг жисмоний ҳолати жуда кучли.

Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини кузатиб борасизми?

- Ҳа кузатаман.

Сиз Тошкентдалигингизда миллий терма жамоамизни ўйинларини кўриш имконияти кўп бўлган. Айтингчи, ҳозирги таркиб термани олдингиси билан фарқи борми?

- Бор, албатта. Ҳозир терма жамоамизда тезкор футболчилар сони ортган. Лекин шунча вақт мобайнида Ўзбекистон олдинга бир қадам ташлаган бўлса, бошқа термалар 2-3 карра кучайиб кетган.

Ўзбекистон терма жамоасида сизга ёққан футболчи ким?

- Ҳозирча Сардор Рашидов. Тўғри у қанотда тўп тепади. Аммо майдонда нима қилиш кераклигини яхши биландиган футболчилардан. Тезкор ва дарвоза томон зарба бера олади. Терма жамоамизда рақиб дарвозасига зарба берадиган футболчилар жуда кам.

Испанияда гол ура олмаса ҳам камида 7 марта рақиб посбонини тахликага сола олади.

“Триана”нинг ўйин услуби қандай?

- Биз асосан пасларга эътибор берамиз. Қарши ҳужумларга асосланган ўйин намойиш этамиз.

Жамоадан қайси машхур футболчи чиққан?

- Ҳозир жаҳон даражасидаги ўйинчи чиқмаган.

Ўзбекистонга бир йилда нечи марта класиз?

- Бир йилда 1-2 марта келиб тураман.

Оила аъзоларингиз футболга қизиқишадими?

- Қизиқишади. Лекин жуда унчалик даражада эмас.

Қаттиқ жароҳат олганингизда оила аъзоларингиз футболни йиғиштирасан деган пайтлари ҳам бўлганми?

- Ҳа бундай ҳолат бўлган. Биринчи жароҳатимдан кейин Испания операция қилинган. Шунда уйдагилар футболни тугатасан дейишган. Мен агар футбол билан шуғулланмайдиган бўлсам жарроҳлик столига ётмасдим деб айтганман. Инсон нимагадир эришиши учун қийинчиликларни енгиб ўтиши керак.

Қайси клубга мухлислик қиласиз?

- Биринчи “Триана”. Кейин “Реал”.

Қайси ҳужумчига ҳавас қиласиз?

- Жаҳон бўйича оладиган бўлсак, Златан Ибрагимовичга ҳавас қиламан. Бу футболчининг ўз ҳарактери бор. У ҳақида кўп ўқиганман, видеоларини томоша қиламан. Ибра менинг кумирим. Унинг ҳаракатларини қилишга уринаман. Қолаверса. Златан менинг стилимдаги ҳужумчи.

Германияда футбол бор кунлари аҳолига ишдан эртароқ кетишга руҳсат берилади. Бу борада Трианада ҳам мухлисларга шароитлар яратиб берилганми?

- Нафақат Трианада, балки бутун Испанияда ҳам футбол бор кунлари одамларга ишидан эртароқ жавоб берилади.

Қайси тилларни биласиз?

- 4 та тилни биламан. Ўзбек, рус, инглиз ва испан тилини. Шунинг учун Испанияда яшаш муаммо эмас. 

Хожиакбар вақтингизни аямасдан бизнинг таклифимизга рози бўлганингиз учун раҳмат. Ўз орзуларингиз сари ташлаётган қадамингиз дадил бўлишини тилаб қоламиз. 

- Сизларга ҳам раҳмат. SPORTS.uz ижодкорларига ҳам омад тилаб қоламан. 

 

Бекзод ИСАЕВ сухбатлашди