Испаниянинг нуфузли "Marca" нашри "Сурхон" клуби ҳақида мақола чоп этди
Ўзбекистон Суперлигаси бу мавсум анча қизғин давом этмоқда. Жамоалар бир-бирига муносиб қаршилик кўрсатяпти. Ҳатто жаҳон тан олган нуфузли нашрлар ҳам энди мамлакатимиз футболига эътибор қаратишни бошлади. Жумладан, Испаниянинг машҳур "Marca" нашри Термизнинг "Сурхон" клуби ҳақида алоҳида мақола чоп этди. Унда жамоадаги испанияликлар ҳақида батафсил маълумот келтириб ўтилган. Шунингдек, жамоа бюджети, нега машғулот ва ўйинларни Термизда эмас, Тошкентда ўтказиши, географик жойлашуви ва келажак учун мўлжалланган режалари борасида атрофлича тўхталиб ўтилган. Марҳамат, қуйида мақолани ўзбек тилида мутолаа қилишингиз мумкин.
Испанча "Сурхон": Ипак йўлидаги "тики-така"чи жамоа
Ўзбек клубида ҳозир 10 нафар испан бор. Клубга мамлакатнинг энг яхшилари қаторига киришни мақсад қилган Анхель Лопес бош мураббийлик қилади.
Испанча бренд дунё бўйлаб ўз услубини тарқатишда давом этмоқда. "Тики-така" Ўзбекистонга кириб келди ва энди Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга ёйилиши кўзда тутилган.
"Бу биз испанлар учун ҳали тўлиқ ўрганилмаган ҳудуд. Бу СССР таркибида бўлган 15 республикадан бири бўлган. 1991 йилдан мустақил республикага айланган. Ушбу юрт тинч, ривожланиб бораётган давлатлар қаторида", - дейди мураббий Анхель Лопес.
Айни шу "Сурхон" сабаб "Marca" нашри Испаниядан 6 минг километрдан узоқда бўлган Тошкентга саёҳат уюштирди. Мазкур шаҳар Ўзбекистон пойтахти бўлиб, 2,7 миллион аҳоли истиқомат қилади. Шунингдек, Тошкент азалдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи "кўприк" вазифасини бажариб келган.
"Менга бу ер жуда ёқди. Шунингдек, жуда ажаблантирди ҳам. Тошкент - тоза ва замонавий шаҳар. Ҳаёт тарзи худди Европаники каби. Мадридда нима топиш мумкин бўлса, бу ерда ҳам ҳаммасини топса бўлади", - дейди легионер футболчи Луисми Кезада.
"Сурхон" жамоаси тадбиркор Жаҳонгир Усмонов томонидан бошқарилади. Клубда аллақачон 10 та испаниялик йиғилган. Улардан 6 таси мураббий ва 4 таси футболчи.
Анхель Лопез (Мадрид), Мигель Альварес (Оренсе), Карлос Хименес (Кастельон), Хулен Эснаола (Гипискоа), Жонатан Ломас (Мадрид), Родриго Мартин (Астуриас), Серхио Родригес (Бадахос), Луисми Кезада (Мадрид), Рубен Санчес (Толедо) ва Манель Мартинес (Барселона) каби футболчи ва мураббийлар Тошкентда "кичик Испания"ни ташкил қилган.
"Бу менга тўлиқ ишонилган ва энг кўп ҳурмат қилинган клуб бўлиб қолса керак. Улар мени буюк мураббий билан шартнома имзолагандек ҳис қилишимга имкон яратиб беришди", - дейди мураббий ва айни вақтда клуб спорт директори Анхель Лопес.
Ҳикматлар тоши
Ҳозирги "Сурхон" "армада"си (қадимда испанлар жанговор кемаларини шундай атаган)нинг келиб чиқиши тасодифий лойиҳа эмас. "Клуб раҳбари Жаҳонгир Усмонов испан футболига меҳр қўйган. У "Реал" Мадрид жамғармаси билан бир қанча ғояларини амалга оширишга уриниб кўрган. Энди Усмонов Испаниядан мураббийлар олиб келишга қарор қилди", - деди мураббий Лопес. Экваториал Гвинея терма жамоаси собиқ бош мураббийининг олиб келиниши олдинга ташланган илк қадам бўлди. "Менга ишончли ёрдамчилар керак эди. Янги ғоялар ва умид бериб турадиган шахснинг ёнингда бўлиши инсонга ажойиб мотивация беради", - дейди мураббий бошқа испаниялик мутахассислар етиб келганидан сўнг.
Тадбиркор Усмонов ҳатто жамоага жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис ҳам жалб этган. "Жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассислар одатда мураббийлар штаби билан бирга бошқа давлатга чиқмайди. Бу нормал ҳолат саналмайди. Бироқ Анхель шуни хоҳлади ва ўйлашимча, бу жамоа учун ижобий натижа кўрсатмоқда", - дейди физиотерапевт Родриго Мартин.
"Менинг ишим далда бериш ва тартибни сақлаб туриш. Футболчиларнинг кунини бир режимда ушлаб турилишини таъминлайман. Мураббийлар штабига қўлдан келганча ёрдам бериб туришим лозим. Бу менинг ишим ва бурчим", - дейди, асосан, кун тартиби билан шуғулланадиган Жонатан Ломас.
"Мен бу ерга келишимдан олдин Ҳиндистонда ишладим. Ҳинд диёрида даража ўсиб бораётгани рост. Бироқ профессионаллик етишмайди. Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Мен "Сурхон"да мамлакатдаги энг яхши 3 посбон билан машғулот олиб боряпман", - дейди дарвозабонлар бўйича мутахассис Хулен Эснаола.
Валдебебасдан Тошкентга
"Хато қилиш эҳтимоли жуда кам эди. Сабаби, Осиёдан ташқаридан фақат 4 та легионер билан шартнома имзолаш мумкин. Менга ҳалқаро тоифадаги бир қанча машҳур футболчиларни таклиф қилишганди. Аммо мен ўзим билган профессионал футболчиларни танладим. Манель (Мартинес)да бизга керак бўлган гол уриш қобилияти бор. Рубен (Санчес)да иқтидор ва чап оёқда кучли зарбаси бор. Луисми (Кезада) тезлик ва марказни назорат қилишда кучли бўлса, Серхио (Родригес) ҳимояда дадиллик ва барқарорликни таъминлаб бера олади", - дейди бош мураббий.
Энг эътибор қаратадиган жойи Кезаданинг фаолияти бўлса керак. У Доминикан Республикаси терма жамоасида тўп тепади. Шунингдек, 2017 йил Зидан бошчилигидаги "Реал"да кубок ўйинида майдонга тушишга муваффақ бўлган. Кейин у Испаниянинг турли жамоаларида тўп тепди. "Сурхон"га келишидан аввал эса Луисми маълум муддат клубсиз қолган эди. "Сурхон" жамоаси унга имкон беришга қарор қилди ва шартнома таклиф қилди.
"Кўпдан бери имкон берилишини кутаётган эдим. Анчадан буён клубсиз юрганим рост. Менга энг ёқадигани - футбол ўйнаш ва майдонда боримни бериб ҳаракат қилиш. Яна шундай бахтни тақдим этгани учун "Сурхон"га миннатдорчилик билдираман", - дейди Кезада.
Ўзбекистон чақмоғи
Лойиҳада айрим чекловлар ҳам мавжуд. Клуб бюджети Суперлигада энг паст поғоналарда туради. "Мен етиб келганимда, улар менга шундай дейишди: "Сиз Райо де Ўзбекистондасиз. Чуқур илдиз отиб бораётган, камтарин ва ҳурматга сазовор клубга хуш келибсиз!"
Ҳозирда умидлар катта. Суперлигада қолиб, барқарор жамоага айланишни режалаштирганмиз. Агар муваффақият қозонишда давом этсак, янги инвестор бюджетни оширишга ваъда берган. Менинг мақсадим - "Сурхон"ни мамлакатдаги энг кучли клублардан бирига айлантириш", - дейди Анхель Лопес.
Афғонистон билан чегарадош
"Сурхон"да яна бир муаммоли томон бор. Жамоанинг асоси Термиз шаҳри ҳисобланади. Бу шаҳар Ўзбекистон жанубида, Афғонистон билан чегарада жойлашган. Бу хавфсизлиги бир неча бор айтилган.
Бу мавсум клуб Тошкентда ўйинлар ўтказмоқда ва машғулотлар ҳам пойтахтда ўтмоқда. Ушбу ҳолат худди Альмериянинг Мадридда ўйин ўтказишига ўхшайди. Термиздаги стадионда қайта таъмирлаш ишлари ўтказилмоқда. Ўтган мавсум жамоа уй ўйинларида қўлга киритиш мумкин бўлган 25 очкодан 20 очкони қўлга киритган. Аммо Термиз жуда иссиқлигини ҳам инобатга олиш керак.
Испанияда яратилган услуб
"Сурхон" аста-секин ўз олдига қўйган мақсадларга эришмоқда. "Учар тулпорлар" ўтган мавсум 14 жамоадан иборат лигада қуйи лигага тушиб кетмади. "Бизга етарли голлар етишмади. Агар Манель ва Рубен ўтган мавсум келганида, биз кучли олтиликка кирган бўлардик", - дейди клубдагилар.
"Биз мураббийнинг ғояларини майдонда амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Марказий ҳимоячи сифатида қисқа ва лўнда қилиб айтишим мумкинки, биз Испанияда яратилган услубни "Сурхон"га сингдирмоқчимиз", - дейди Серхио Родригес.
"Ўзбекистоннинг даражаси Осиёда анча юқори ва ҳурматга сазовор. Улар 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубогида кумуш медалларни қўлга киритди. Бизда ёш ва умидли футболчилар ҳам йўқ эмас. Акбаров каби маҳоратли йигитларимиз Шомуродов каби Европа майдонларида тўп тепиши мумкин. Мен бунга ишонаман", - дейди мураббий ёрдамчиси Мигель Альварес.
Шоҳрух Зоиров таржимаси.
Фикрлар