Иван Бубало: "Ҳеч қандай имконият берилмасдан ишдан бўшатишгани мени ҳайрон қолдирди" (1-қисм)
Маълумки, қишда “Бунёдкор” клубига хорватиялик Иван Бубало бош мураббий этиб тайинланганди. Бироқ дастлабки иккита турдаги мағлубиятлардан кейин ушбу мутахассис истеъфога чиқариб юборилган.
Ёдингизда бўлса, илк турда Тошкентда “Қизилқум”га 1:3, иккинчи турда эса сафарда “Андижон”га 5:1 ҳисобида имконият бой берилган. Бубалонинг кетишига ушбу ўйинлардаги мағлубият сабаб сифатида кўрсатилган.
Анчадан бери хорватиялик мутахассис билан боғланиб, Sports.uz учун интервью уюштиришни режалаштириб юргандик. Ниҳоят, бу истагимиз амалга ошди ва Иван Бубалога суҳбатга рози бўлди. Олдиндан айтиш лозимки, суҳбатни икки қисмга бўлган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Суҳбатга рози бўлганингиз учун миннатдормиз. Аввало айтинг-чи,“Бунёдкор” клубидаги фаолиятингиз жуда қисқа давом этди. Мураббийлик ҳаётингизда бу ҳолат биринчисими ёки илгари ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганми?
- Мени Ўзбекистондаги вақтим жуда ҳам қисқа бўлди. Бу футбол оламида ғалати ҳодиса. Иккита турдан кейиноқ мураббий билан хайрлашиш, ҳеч қандай имконият берилмасдан, унинг нималарга қодирлигини синовдан ўтказмасдан туриб ишдан бўшатиш ғалати. 31 ёшимдан бери мураббийлик қилаётган бўлсам, фаолиятимни давом эттираётганимга 15 йил бўлди. Бу каби ҳолатга биринчи марта дуч келяпман. Шу пайтгача менда Ўзбекистондек кам вақтга эга бўлган давлатим йўқ эди. Юз берган ҳолат мени ҳайратга солди. Шу ўринда интервьюга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Мен журналистларнинг саволларига жавоб беришдан доим хурсандман. Сизнинг касбингизни юқори баҳолайман. Шундай ҳисоблайманки, сизлар футбол оламининг муҳим бўлаги ҳисобланасиз.
- Адашмасам, бунгача бирор клубда бош мураббий сифатида ишламагандингиз. “Бунёдкор” таклифи қандай пайдо бўлганди ва бу таклифни қабул қилишингизда нимани ҳисобга олгандингиз?
- Айтиб ўтганимдек, 15 йилдан бери мураббийлик қиламан. Уларнинг 10 йилидан ортиқ вақт давомида бош мураббий бўлиб ишлаганман. Унинг дастлабки икки йили ёшлар жамоалари миқёсида ўтган: U15, U16 жамоаларида мураббийлик қилганман. Ундан кейин 4 мавсум давомида асосий жамоани бошқарганман. 2016-2019 йилларда Босния ва Герцоговинанинг “Зринский мостар” клубида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаганман. Икки карра мамлакат чемпиони бўлганмиз. Европа майдонларида иштирок этганмиз. 2020 йилда Хорватияда фаолият олиб борганман. 2021 ва 2022 йилги мавсумда Босниянинг бошқа бир клубида ҳам меҳнат қилдим. Кейин БААнинг “Ал-Айн” клубида, хусусан U-18 жамоасида фаолият юритдим.
- Сиз ҳақингизда интернетда ҳам маълумот топиш қийин бўлди. Бирданига эса Ўзбекистонга келиб қолгандингиз...
- Менга Ўзбекистондан қўнғироқ жуда кутилмаган ҳолатда пайдо бўлди. Ўзбекистонда икки мавсум ўйнаган хорватиялик бир футболчи орқали менга алоқага чиқишди. У ватанингизда яхши таассурот қолдирган экан. “Бунёдкор” клуби вакиллари унга ёш ва амбицияларга эга мураббий қидираётганлиги ҳақида айтишган. Уларнинг ўзларида ҳам бир қатор номзодлар бўлган. Аммо улар хорватиялик ёш ва келажаги порлоқ мураббийни исташган. У менинг номзодимни уларга тавсия қилган. Ўтган мавсумнинг охирларида Тошкентда бир неча кун бўлдим. Бир қанча суҳбатларда қатнашдик ва учрашувлар ўтказдик. Клуб вакилларига ўз ғояларим ва қарашларим, клубни қийин ҳолатидан олиб чиқиб кетиш борасида ўзимнинг стратегиямни намойиш қилдим. Уйга қайтганимда маълумот олдимки, улар менинг номзодимни танлашибди. Шундан сўнг яна Ўзбекистондан қўнғироқ келди.
- Энди бевосита юртимиздаги фаолиятингизга тўхталсак, “Бунёдкор”да ишлаб қандай камчиликка йўл қўйдим, деб ўйлайсиз?
- Менда бир ойдан камроқ вақт бўлди. “Бунёдкор”нинг барча ўйинларини имкон қадар кўриб чиқишга ҳаракат қилдим. Келгуси мавсумда бизни нима кутаётгани борасида ўз қарашларим бўлиши учун бу ўйинларни кўриб чиқдим. Ўзбек футболида кўрганим шуки, сизларда жуда яхши даражада футбол ўйналар экан. Ўйинчиларингиз техник жиҳатдан жуда истеъдодли. Футболнинг динамикаси, ўзига яраша тез ва ўзгарувчан, майдонлар сифати ҳам жуда яхши. Бу мени ҳайрон қолдирди. Мени яна негатив томондан ҳайрон қолдиргани жамоани кўп ўйинчилар тарк этаётганди. Уларнинг аксарияти асосий етакчи футболчилар эди. Менинг олдимда янги жамоа тузиш вазифаси турганди. 5 та легионер ва 5 та ўзбекистонлик ўйинчи “Бунёдкор”га келиб қўшилганди. Бундан ташқари, қўшимча футболчиларни академиядан олган ҳолда янги жамоа тузишимиз керак эди. Ўтган мавсум ижарада тўп сурган ўйинчилар орқали “Бунёдкор”да рақобатни шакллантиришимиз керак эди. Жамоа сардори Ўлмасалиев ва энг яхши тўпурар Жасур Ҳакимов, ярим ҳимоячи Абдураҳмонов менга номаълум бўлган сабабларга кўра, клубга келгунимча улар жамоани тарк этиб бўлишганди. Жамоани тарк этган муҳим ўйинчилардан атиги бир нечтасини санаб ўтдим, холос. Лекин мен келганимда ўша йигитлар ихтиёримда бўлади ва янги мавсумда уларнинг хизматига таянишим мумкин, деб ўйлагандим. Гарчи 10 та янги ўйинчи ва иқтидорли ёшларни олган бўлсак-да, барибир жамоа бошқатдан қурилиши керак эди. Ҳамма бизнинг иш услубимиздан қониқиш ҳосил қилаётганди, барчага ёқаётганди. Клубдаги бош директор, спорт директори, деярли барча қилаётган ишимиздан қониқиш ҳосил қилаётгандилар. Ўз олдимдаги вазифага тайёр эдим ва унда муваффақиятга эришишимга ишонардим. Агар менга вақт ва ишонч тақдим этишганида спорт ичидаги одам сифатида билишингиз керакки, футболда бир кечанинг ичида ҳамма нарсани ўзгартириб бўлмайди. Бу вақт талаб қиладиган жараён. Бу энг камида 2-3 та трансфер ойналарини ўтказишни талаб қилади. Мана шунда бор имкониятингизни кўрсатиб бера оласиз.
- Ростини айтиш керакки, клубдаги легионерларнинг ҳозирча маҳаллий футболчилардан устун томонларини кўрганимиз йўқ. Масалан, Малтадан ҳам легионер олиб келдингиз. Бу ҳам бошида кўпчиликни ҳайрон қолдирганди. Бу масалада нима дея оласиз? Чунки сиз олиб келган легионерлар ўша дастлабки иккита ўйинда хатоларга йўл қўйишганди ва сизга ҳам панд беришди. Улар сизга ҳам зарба беришгандек бўлди. Мисол учун Тони Йович чемпионатда ҳамон гол ургани йўқ. Сиз ишонганлар сизга ёрдам бера олишмаганини тан оласизми?
- Сизнинг фикрингизга қўшиламан, легионерлар шу пайтгача ўзларидан кутилган натижани кўрсатиб бера олмадилар. Бироқ доим айтганимдек, футболда бироз мослашиш, жамоага киришиб кетиш учун сабр, клубнинг ёрдами, унинг ишончи керак бўлади. Бу каби кўп сонли етакчи футболчиларнинг жамоани тарк этишидан сўнг клуб тезкор равишда янги футболчиларга эхтиёж сезганди. Бу мавсум аввалида “Бунёдкор”га келган барча футболчилар клуб раҳбариятининг рухсати билан таклиф қилинган. Ишонаманки, сиз биласиз, Европада асосий трансферлар ёзги трансферлар ойнаси ҳисобланади. Қишки трансферлар ойнаси пайтида ўз жамоангиз даражасини кўтарадиган яхши футболчиларни топиш қийин. Компенсация тўламасдан туриб уларни қўлга киритиш анча мушкул. Бизда жамоага мос футболчиларни қидириб топиш масаласида кам вақт бор эди. Кўринишдан ўзбекистонлик мухлислар билишмайдики, Малтадан келган Рашо Сербиянинг “Раднички” ва Кипр клубларида тўп сурган. Европа лигаларида иштирок этган клублар. Ушбу футболчи юқори даражадаги жамоаларда ўйнаган, тажрибали футболчи. Мен тавсия ва кафолат берган футболчилардан бири эди. Ҳозирги кунгача ҳам уни ўзини кўрсата олишига ишонаман. Дарвозабон Любич масаласига келадиган бўлсак, уни жамоадан кетишимда асосий сабабчилардан бири сифатида кўраман. Лекин унга қарши ҳеч қандай адоватим йўқ. Халқаро тажрибага эга бўлган яхши дарвозабон. Тан оламанки, унга имконият берилса яхши ўйин кўрсата олади. Тони Йович Босния ва Герцеговина премьер-лигасида ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурарлардан бири бўлган. Мавсум якунида Боснияда йилнинг рамзий жамоасидан ҳам ўрин олган.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар