Жаҳон чемпионларини тайёрлаётган мураббий Шоҳжаҳонга қизиқиб қолди (фото, видео)
Ads

Профессионал рингда еттита жанг ўтказиб, барча рақибларини нокаут қилган ўзбекистонлик енгилмас боксчи Шоҳжаҳон Эргашев бугун - 12 декабрь куни ўз таваллуд кунини нишонламоқда. 

SPORTS.uz ахборот портали ижодкорлари боксчини табриклаш мақсадида у билан боғланди. Шоҳжаҳон ўз туғилган кунида ҳам машғулот залида тер тўкаётган экан. Машғулотлар билан бандлигига қарамай, истеъдодли боксчимиз ўзбекистонлик мухлислар учун интервью берди. 

- Албатта, табрик учун раҳмат. Мен айни пайтда муҳим жангга сўнгги тайёргарлик машғулотларини олиб боряпман. 

- Рақиб ва жанг ҳақида батафсил гапириб берсангиз. 

- Бу жанг мен учун  узоқ кутилган рақиб -  угандалик Соломон Богерега қарши бўлади. Аслида у билан октябрда жанг қилишим керак эди. Бироқ, қўлим синиб, тикланишга вақт кетди. Кейин жанг 2 декабрга белгиланган бўлса-да, ушбу муддатдан бир кун олдин бошқа боксчига қарши рингга чиқишга мажбур бўлдим. Мана, ниҳоят бу гал  угандалик чарм қўлқоп устаси билан куч синашаман. 

- Бўлажак жанг қандай аҳамиятга эга? 

- Мен профессионал боксда ўз олдимга юқори мақсадларни қўйганман. Бунгача бўлган жангларимни профессионал боксга кўникиш деб ҳисоблайман. Бу ёғига рақиблар кучли  ва талаб ҳам шунга яраша бўлади. Соломон Богере  ўз вазн тоифасида Уганданинг энг кучли боксчиси ҳисобланади. У  ўта кучли зарбага эга нокаутчи.  Фаолияти давомида Уганда ва Африка чемпионлик камарларини қўлга киритган. Бўлажак жангда ўзимни кўрсатсам, кейинги йилдан янада кучли боксчиларга қарши рингга чиқиш имконига эга бўламан. Мақсадимга етишим учун юқори савияли чарм қўлқоп усталари билан куч синашишим керак. 

- Жангга ким тайёрлаяпти?

- Машғулотларни устозим Сайфулло Пўлатов назоратида олиб боряпман. У киши жуда кўп ёрдам беряпти. Устозимдан миннатдорман. У киши ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёргарлик кўришимда менга кўмаклашяптилар.  

- Машҳур мураббий Абель Санчес эътиборига тушганингизни эшитдик?

- Абель Санчес кўп боксчиларни жаҳон чемпионлигига тайёрлаган машҳур мураббийлигини ҳамма билади. Ўз вақтида жаҳон боксида из қолдирган Владимир Кличко, Терри Нойс, Заур Байсангуров, Самуэль Петер, Карлос Балдомир каби машҳур спортчилар билан ҳамкорлик қилган. Айни пайтда енгилмас боксчи ва нокаутчи, жаҳон чемпиони Геннадий Головкинга устозлик қиляпти. Шунингдек, куни кеча унинг шогирдларидан Мурат Гассиев ҳам жаҳон чемпиони бўлди. 

Менга айтишларича, Абель Санчес жангларимни кўрган ва салоҳиятимни юқори баҳолаган экан. Келаси йили унинг машғулотларида қатнашиш имкониятига ҳам эга бўлишим мумкин. Бунинг учун эса бўлажак жангда яна ўзимни кўрсатишим керак. Олдиндан қатъий фикр айтмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.  

- Навбатдаги жанг қачон ва қаерда бўлади?

- Менежерим  навбатдаги жанг 15 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлишини айтди. Мен жангга пухта тайёрландим. Ўз ғалабам билан мухлисларимни хушнуд этмоқчиман. Шу жангдан кейин қисқа таътилга чиқаман ва Янги йилни ота-онам бағрида кутиб оламан. 

- Шоҳжаҳон, суҳбат учун раҳмат. Туғилган кунингиз билан яна бир бор табриклаб, жангда ғалаба тилаймиз. 

Дарҳақиқат, Шоҳжаҳон Эргашевнинг жанг услуби бугун кўплаб мухлису мутахассисларда ижобий таассурот қолдирмоқда. Жаҳонда етакчилардан ҳисобланган ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси бўлган ҳамюртимиз ҳаваскор боксда катта тажриба орттиргани унга профессионал рингда ҳам қўл келмоқда. Мутахассислар Шоҳжаҳон мустаҳкам ҳимоя, кучли техника, тезкор ва аниқ зарбаси эвазига рақибларини муддатидан олдин егиб келмоқда. 

Шоҳжаҳоннинг мураккаб фаолияти ғалабаларга бой, юзи доим ёруғ бўлишини тилаймиз! 

 SPORTS.uz