Жаҳонгир Меҳмонов - сардорлик боғичидан айрилиши, Канчельскиснинг кетиши, Журжевичнинг келиши...
Ads

Мавсумни барқарор ўтказиши ҳамда совриндорлар қаторидан жой олиши кутилган “Навбаҳор” жамоаси айни пайда кетма-кет очколарни йўқотган ҳолда ўз олдига қўйилган мақсадидан тобора узоқлашиб кетмоқда. Айниқса, мураббий алмашганидан кейинги натижалар салбий тус олмоқда. Бундан эса наманганлик мухлислар қаттиқ ранжишмоқда. Шунингдек, жамоа етакчиси ва сардори бўлиб ўйнаб келган ҳимоячи Жаҳонгир Меҳмонов охирги учрашувларда майдонга тушмаяпти. Бунинг устига яқинда ундан сардорлик боғичи ҳам олиб қўйилди ва россиялик Игорь Голбанга топширилди. Кўриниб турибдики, жамоада нимадир бўлган ва қандайдир ўзгаришлар киритилди. Лекин ҳозирча “Навбаҳор”нинг натижалари ижобийликдан дарак бермаяпти. Наманган футболи тарбияланувчиси Жаҳонгир Меҳмонов эса бир неча йилдан бери “Навбаҳор” учун тўп суриб келмоқда. Мухлислар эса ушбу ўйинчини ҳурмат қилишади. Лекин доим ҳаммаси бир текисда кетавермайди. Клубнинг ҳозирги муваффақиятсиз ўйинлари, юз берган ўзгаришлар ҳақида эса “Навбаҳор”да ўз ўрнига эга бўлган Меҳмонов билан очиқ тарзда мулоқот ўтказдик. Қолаверса, унинг сардорлик боғичидан нима учун маҳрум бўлганини билиш ҳам биз учун қизиқ эди. Шу боис ушбу ўйинчи билан мулоқотимиз анча жонли тарзда кечди.

“Навбаҳор” кучсизланиб қолди”

“Навбаҳор” ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган клуб. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, футболда ғалаба билан мағлубият доим ёнма-ён юради. Бироқ охирги пайтларда “Навбаҳор” клуби руҳий ўрага тушиб қолди ва бундан чиқиб кета олмаяпти. Бу борада эса жамоа етакчиси – Жаҳонгир Меҳмоновнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Тўғрисини айтадиган бўлсам, биз биринчи даврага қараганда бироз кучсизланиб қолдик, - деб гап бошлади, Меҳмонов. - Чунки бизда селекция ишлари яхши бўлмади. “Навбаҳор”ни кучайтирадиган ўйинчи олингани йўқ. Селекцияда ёшларга кўпроқ эътибор берилди. Натижада про-лигада ўйнаган ва ҳаттоки, про-лигада тўп сурмаган йигитлар ҳам жамоамизда бор. Фақат улар наманганлик бўлгани учун кўпроқ эътибор қаратилди. Улар ҳали Суперлига даражасида ўйнашмаган. Айтмоқчиманки, жамоамизга келган ўйинчиларга бу даражага етишиши учун ҳали вақт керак. Хуллас, кетганларнинг ўрнини кўпроқ ёшлар билан тўлдирдик. Шунинг ҳисобига олдимизга қўйилган мақсадларга эриша олмаяпмиз. Таркибни янада кучайтиришнинг ўрнига ёшларга кўпроқ эътибор қаратиб қўйдик. Мағлубиятларни ҳам шу сабаб туфайли деб ўйлайман.

“Канчельскисга ишлаш учун кўп вақт берилмади”

Клубда янги мураббий иш бошлади. Аммо ҳар қандай мураббийнинг иш услубига мослашишда ҳам маълум вақт талаб этилади. Албатта, ҳозирги мураббий Деян Журжевич ҳам “Навбаҳор”ни ғалабалар сари етаклаб боришга ҳаракат қиляпти. Бироқ унинг жамоани ўзи истаган даражада қура олишида қийинчиликлар бўлаётгани кўриниб турибди. Меҳмонов эса янги мураббийнинг тактикаларига мослашиш қанчалик қийинчилик туғдираётгани ҳақида гапирди.

- Мураббий жамоамизга яқиндагина келди. У ҳақида ҳозир бирор нима айтишим қийин. Биз Журжевич бошчилигида техник ва тактик футболга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Ҳар қандай мураббий келиб, жамоани бирданига ўзгартириб юбора олмайди. Масалан, Андрей Канчельскисга ҳам ишлаш учун кўп вақт беришгани йўқ. Натижа бўлмагач, уни ишдан олиб ташлашди. Ўрнига эса Деян Журжевични олиб келишди. Лекин кўриниб турибдики, унга ҳам вақт керак. Аслида эса ҳар бир мураббийга ўзининг ўйин услубини мослаштириб олиши учун вақт талаб этилади. Кимдир келиб туриб, бир-икки ойда ҳеч нимани ўзгартириб юбора олмайди. Шуни айтишим керакки, етакчи жамоа бўлиши учун битта мураббий билан камида икки йил бирга ишлашимиз лозим. Шунингдек, футболчилар ҳам камида икки йил бир жамоада тўп суришлари керак. Шундан кейингина “Пахтакор” ва “Локомотив” сингари кучли жамоага айланишимиз мумкин, дея муносабат билдирди, Жаҳонгир.

меҳмонов4

“Жисмоний томондан анча тикланиб олгандик”

Меҳмонов Канчельскисга ишлаш учун кўп вақт берилмагани ҳақида тўғри гапирди. Кўпчилик учун ушбу мутахассиснинг истеъфога чиқарилиши кутилмаган янгилик бўлганди. Унинг ишдан кетиши эса шошма-шошарлик туфайли юз бергани ҳақида айтилмоқда. Балки у ишини давом эттираётганида “Навбаҳор” ҳозиргидек руҳий ўрага тушиб қолмаган бўлармиди? Ҳар ҳолда ўз майдонидаги ўйинларда ютаётганини мухлислар кўришаётган бўлармиди? Ушбу масала бўйича ҳам футболчининг фикрларини эшитдик.

- Жамоа мағлубиятга учраса, нафақат мухлислар, балки мутахассислар ҳам мураббий алмаштиришда шошилишди, дея гапиришади. Керак бўлса, ҳатто ўзимиз ҳам шунақа деб ўйлаймиз. Лекин Канчельскис пайтида ҳам шундай мағлубиятлар бўлаётганда, ҳаммада бошқача фикрлар пайдо бўлган бўларди. Бу – футбол. Футболда ким ютади, ким ютқазади, ҳеч ким билмайди. Ахир кучли жамоа ҳам охирги ўриндаги клубга ютқазиб қўйиши мумкин. “Локомотив” кучли клуб. Аммо улар ҳам “Сурхон” ва “Сўғдиёна” каби жамоаларга ютқазиб қўйишди. Шу боис бу масалада бир нарса дейишим қийин. Лекин, албатта, Андрей Канчелськис яхши мутахассис ва унга вақт керак эди. Унинг даврида биз жисмоний томондан анча тикланиб олгандик.

“Журжевич бошқачароқ услубни қўллаяпти”

Меҳмоновнинг фикрларига қўшимча қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Канчельскис даврида “Навбаҳор” ижросида ҳақиқий футболни кўраётгандик. Ҳужумкор, мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этилаётгани сабабли ишқибозларда ишонч уйғонганди. Лекин мураббий кетгач, жамоанинг ўйини бузилди. Кўриниб турибдики, бу ўзгариш футболчиларга ҳам таъсир қилгандек...

- Албатта, биз битта мураббийга энди мослашиб бораётгандик, - дея мавзуни давом эттирди футболчи. – Боя айтганимдек, битта мураббий келиб, ҳеч қачон ҳамма нарсани ўзгартириб юбора олмайди. Биласизми, Канчельскис хоҳлаётган футболни биз энди-энди тушуниб, уни ўзимизда мослаштириб бораётгандик. Эътибор берган бўлсангиз, ҳужумкор футбол кўрсатаётгандик. Биласиз, ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша ўйин услуби бор. Журжевич эса бошқачароқ ўйин услубини қўллаяпти. Энди эса бизга янги мураббий хоҳлаган ўйинни кўрсата олишимиз учун яна вақт керак бўляпти. Чемпионат қизғин давом этаётган пайтда бундай ўзгаришларга қўл уриш аслида нотўғри деб ўйлайман. Кўряпсиз-ку, яна вақт ўтиб кетяпти. Ҳозир мураббийнинг ўйин услубини синайдиган машғулот жараёни эмас.

меҳмонов2222

“Футболчилар ўртасидаги муҳит аъло даражада”

“Навбаҳор” гарчи ўз олдига жиддий мақсад қўйган бўлса-да, чемпионат ўртасида янги мураббийни олиб келди ва Жаҳонгир айтиб ўтганидек, энди унинг услубига мослашиб олиш учун ҳам вақт керак бўляпти. Лекин шу билан бирга клуб қимматли вақтларни ҳам йўқотяпти ва бунинг ортидан ўйинларни бой бермоқда. Кўриниб турибдики, ҳозирча мураббий алмаштирилиши фақат “Навбаҳор”нинг зиёнига ишламоқда. Қизиқ, бундай жараёнда жамоадаги муҳит қандай? Бунга футболчи шундай деди:

- Албатта, мен ҳам фикрингизга қўшиламан. Агар жамоа ютқазса ҳар тарафлама айб қидирилади. Бундай ҳолат нафақат “Навбаҳор”да, балки ҳар қандай жамоада бор. Агар ютаверсангиз ҳеч ким ўша жамоадан ҳеч нимани қидирмайди. Бу бор гап. Муҳит ҳақида гапирадиган бўлсам, бошқа ҳеч кимни қўшмасдан фақат футболчиларнинг ўзини эътиборга олсам, бизда муҳит яхши. Футболчилар бир-бирини ҳурмат қилади ва қўллаб-қувватлашади. Ўз ўрнида бир нарсани таъкидлаб ўтишим керакки, бунгача жамоамизда Дилшод Жабборов ўйнаб кетди ва жамоамиз сардори эди. Ундан кўп нарса ўргандик. Айниқса, жамоани қандай бирлаштириш керак, қандай ҳамжиҳат бўлиш ҳақида ундан кўп нарсаларни ўрганганмиз. Шу боис “Навбаҳор”да ўйинчиларнинг ўзаро муносабати, эътибори жойида. Бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Жамоамизга қўшилган янги йигитлар ҳам аста-секин қўшилиб кетишяпти.

“МЮ”нинг ўйинларини кўрсатиб, услубларини ўргатаётганди”

Шунингдек, Жаҳонгир Меҳмоновдан Канчельскис билан Журжевичнинг бир-биридан фарқ қиладиган томонлари ҳақида ҳам сўраганимизда қуйидагича жавоб берди.

- Ҳозир иккаласи ҳақида бирор нима дейишим қийин. Масалан, Журжевич ҳақида ҳали кўп ишлаганимиз йўқ. Айниқса, мен ҳозирча янги мураббий бошчилигида доим ҳам ўйнамаяпман. Мана, бу турни ҳам ўтказиб юбордим. Боя айтганимдек, сербиялик мутахассис техник ва тактик футболга кўп эътибор беради. Канчельскис пайтида эса жисмоний тайёргарликка катта эътибор бериларди ва биз ўша пайтда асосан ҳужумкор футбол кўрсатардик. Қайсидир маънода биз инглизча футбол услубини қўллаётгандик. Чунки Канчельскис биз билан ишлаш жараёнида турли хил виедороликлар ва “Манчестер Юнайтед”нинг ўйинларини кўрсатарди. Бу орқали бизга қандай қилиб тезкор ўйнаш кераклигини, қандай қилиб ҳужумкорликка ўтишни ўргатарди ва биз ҳам унинг нимани хоҳлаётганини энди-энди тушуниб келаётгандик. Мураббий “Манчестер Юнайтед”да ишланган ва қўлланган услубларни бизга ҳам ишлатаётганди.

“Сардорлик боғичи? Буни раҳбарлар хоҳлашди”

Яқинда клубда йиғилиш бўлди ва унга кўра сардорлик боғичи Жаҳонгир Меҳмоновдан олиб қўйилиб, россиялик легионер Игорь Голбанга берилди. Бу ҳолат ҳам бироз кутилмаган ҳолат бўлди. Шу боис Меҳмоновдан бу масала бўйича изоҳ сўрадик.

- Бу нарсага изоҳ бера олмайман. Буни раҳбарият ҳал қилган. Балки бунинг ўзига яраша сабаблари бордир. Балки ўз майдонимиздаги мағлубиятлар ва сафардаги дурангдан кейин жамоада ниманидир ўзгартириш керак бўлиб қолгандир. Очиғи, сабабини билмайман. Бундай бўлишини раҳбарият хоҳлади ва мен уларнинг раъйига қарши чиқмайман.

меҳмонов ж_1

“Мен учун энг кучли нарса – ота-онамнинг дуоси”

Шу билан бирга эшитишимизга қараганда, “Навбаҳор”нинг ўз уйида “Қизилқум”га ютқазганидан кейин бунинг асосий айбдорларидан бири сифатида Меҳмонов кўрсатиб ўтилган ва шу боис ундан сардорлик боғичи олиб қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Бунинг қанчалик ҳақиқатга мослигини билиш учун яна футболчига юзландик.

- Боя айтганимдек, ютқазилгандан кейин ҳар томонлама айб қидирилади. Балки қаердадир биз ҳам хато қилгандирмиз. Беайб Парваргидор. Лекин қўйилган айбловлар ва гап-сўзлар нотўғри. Авваламбор, Худонинг олдида юзим ёруғ. Ҳеч қачон жамоамга ёмонлик тилаб майдонга тушмаганман ва бундай бўлмайди ҳам. Менга ота-онам бундай тарбия беришмаган. Мен оддий оиланинг фарзандиман. Ҳаммасига ўзим қийналиб эришганман. Ҳеч ким қўлимдан етакламаган. Ҳаттоки, дадам ҳам қўлимдан ушлаб стадионга олиб чиқиб, футболчи бўласан демаган. Ҳа, футболчи бўлишимни хоҳлаган, лекин қўлингдан келса ўйнаса, бўлмаса ўзинг биласан деганди. Айтмоқчиманки, ота-онамнинг ва Парвардигорнинг олдида юзим ёруғ. Мени билган одам билади, билмагани эса билмайди. Қолганларга тушунтиришим шарт эмас. Мен учун энг кучли нарса – бу ота-онамнинг дуоси. Мен уларнинг дуолари орқали шу даражага эришдим. Боя айтганимдек, ҳеч ким менга ёрдам бермаган. Менга қўйилган айбловлар эса мутлақо ноўрин. Тўғриси, бундай айбловлар менинг кўнглимга сиғмади. Бунгача менда жароҳатлар бор эди ва ўша жароҳатларим билан ўйнаб юргандим. Шу баҳона жароҳатларимни даволатяпман.

“Ҳамма бирдам бўладиган бўлса, “Навбаҳор”ни биров “синдира” олмайди”

Эътибор берсангиз, Меҳмонов ўзига айбловлар қўйилганини ва буни рад этганини айтмоқда. Қизиқ, унга қандай айбловлар қўйилган бўлиши мумкин.  Бунга унинг ўзи шундай деди:

- Юқорида айтдим, бизга кучайтириш ўрнига, қуйи лигалардан ёш ўйинчиларни олиб келишди. Тўғри, бунда футболчиларнинг айби йўқ, чунки уларни таклиф қилишди. Лекин менинг фикримча, улар билан Суперлигада муносиб ўйин кўрсатиш қийин. Олдинги ўйинчилар билан ўйнаганимизда кимнинг қаерга очилишини ва нима қилишини билардик. Бир-биримизни яхши тушунарлик. Ҳали Суперлигада тўп сурмаган футболчилар эса бу ерга келгач, қаерга очилишни, тўпни қаерда қабул қилиб олиш ёки қаерга узатишни яхши билмасликлари мумкин. Чунки улар ҳали Суперлига ҳавосини ўзига сингдиришмаган. Шунинг ҳисобига бизга қийин бўлди. Бунгача жамоа сардори бўлганим учун мен кўп нарсага жавобгар бўламан, балки шунинг эвазига мени айбдор деб айтишгандир. Лекин мана, АГМКга қарши учрашувда ҳам иштирок этмадим. Афсуски, жамоамиз яна мағлубиятга учради. Тўғриси, ўйин давомида имкониятларимиз кўп бўляпти. Яккама-яккага чиқишди, пенальтидан ҳам фойдалана олмаяпмиз. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мана, менсиз ҳам жамоа мағлубиятга учради. Қизиқ, энди кимни айбдор қилишади? Лекин футболда ҳеч қачон битта ўйинчи айбдор бўлмайди. Футбол жамоавий ўйин. Майдонда 11 нафар ўйинчи ўйнайди. Ҳаттоки, стадион қоровули ҳам чин дилдан жамоанинг ютишини хоҳлаши керак. Ҳамма бир хилда бўлиб, бир оила бўлиши даркор. Ҳамма бирдам бўладиган бўлса, “Навбаҳор”ни биров “синдира” олмайди.

“Балки поезд кетиб бўлгандир, аммо охиригача курашамиз”

Мақсади жиддий бўлган “Навбаҳор”да кейинчалик воқеалар ривожи ўзгариб кетди. Жамоа учун поезд кетиб бўлди, деган фикрларга Меҳмонов қандай қарайди?

- Вазиятга реал қараш керак, бизга қийин. Қолаверса, олдимизда оғир учрашувлар кутиб турибди. Балки поезд кетиб бўлгандир. Лекин ҳеч қачон бошни эгиб, қўлни силтаб тушириш керак эмас. Биз курашишда давом этишимиз керак. Мақсадингизга эришиш ҳар қанча қийин бўлмасин инсон курашишдан тўхтаб қолмаслиги лозим. Шунинг учун бўлмай қолди-ку, дея ҳаммасини ташлаб қўймаймиз ва охиригача ҳаракат қиламиз.

FB_IMG_1565971775059

“Остон Ўруновнинг кетишини истамагандик, аммо буни ўзи хоҳлади”

Шунингдек, “Навбаҳор”да ўз ўрнига эга бўлган Остон Ўруновнинг “Локомотив”га ўтиб кетиши ҳам наманганликлар учун йўқотишга айлангани бор гап. Балки жамоага унинг ўйинлари етишмаётгандир. Бу масалада собиқ сардор ўз фикрларини айтди.

- Футболчи иқтидорли бўлса, уни ҳар бир жамоа ўз сафида кўришни хоҳлайди. Остон Ўрунов ҳам истеъдодли бўлгани учун ёш бўлишига қарамасдан “Навбаҳор”да яхши ўйнаб, мухлисларининг ишончини қозонди. Лекин мавсум бошида бироз унинг ўйинлари “ўхшамади”, руҳий томондан ҳам қийналди. Шунинг учун жамоани алмаштиришга қарор қилди. Лекин у билан алоқадамиз. Кейинги йили “Навбаҳор”га қайтиш истаги бор, чунки у “Навбаҳор”ни яхши кўради ва ҳозиргача бу жамоанинг мухлиси. Фақат бу йил Остоннинг ўзи ҳам муҳитни ўзгартириб кўришга қарор қилди. Албатта, биз ҳам уни руҳлантиришга ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик, кетишини истамагандик.

“Канчельскис янги жамоасига мен билан Азим Аҳмедовни таклиф қилишини айтди”

Шунингдек, ундан Андрей Канчельскис билан гаплашиб турибсизми, деганимда ҳа, дея яна қуйидагиларни қўшимча қилди.

- Албатта, кетишидан олдин ҳам анча суҳбатлашдик. Агар бошқа жамоа оладиган бўлсам, сен билан Азим Аҳмедовни таклиф қиламан дея кулишиб, гаплашиб ўтирдик. Футболчи ҳар бир мураббийдан кўп нарса ўрганиши мумкин. Айниқса, Канчельскиснинг одамгарчилиги жуда ёққанди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
izzat.karimov
17/08/2019 12:18
Базида уйлаб қоламан Навбаҳорни салкам 40 йилик мухлистиман доим бировлар ҳоҳламайди чемпион бўлишини или юқори мансабдорлар или футбол раҳбарлари. Навбаҳорга ҳартомонлама қаршилик қилиб келинган олдинги сиёсатда ҳалқ кўп жамо Навбаҳор 6 ўриндан юқорига чиқарилмасин ҳалқ озроқ тўплансин дийишган. Ҳозир Навбаҳор давлат бужетига яҳшигина пул тушим қилияпти кучайтирилсин ҳалқни пулини кўпроқ банкларга киритилсин дейилса. Футбол раҳбарлигига ички ишлар ҳодимидан раҳбар келди Навбаҳорга нимадир бўлди эскича уйлайдиган раҳбарлар футбол тепасига келганда. Яна пасайтиришни уйлаб қолдими Навбаҳорни. Наманганда футбол раҳбарлиега яҳши номзодхам ёқ футболни яҳши кўриш бошқа уни бошқариш бошқа. Хоким Навбаҳорни бошқарадиган яҳши номзод Канчельскис Жамо бошлиғи қилиб қуйиш кере. Бош мурабий Журжич бўлган тақтирдахам Навбаҳорда ишлаяпкан қолган раҳбарларга жавоб бериб юборсин Бобоевахам.
&
Ramzis ll
17/08/2019 13:02
Juda ham to'g'ri fikr.
Абдусамат Жураев
17/08/2019 13:50
Канчелский кетишига карор килганларга минг рахмат сабр килиш керак эди озгина сабр керак эди мана бабани така сокол укаси нима киляпти
Ruslan Ruslanovich
17/08/2019 23:07
Канчельскисни кайтарила илтимоооос
&
Фан
17/08/2019 16:02
Пешкадам Пахтакор жамоасидан нари борса 9-10 очко фарк учун кучли ва иктидорли мураббий Канчелискис ишдан олинди, Журжевич олиб келинди.
Хозир орадаги фарк етиб булмас даражага я'ни 22 очкога етди лекин бу холат хеч кимни ташвишга солмаяпти.
Бундан шундай хулоса чикариш мумкинки, демак Навбахорга умуман Узбек футболига тугри суз, чурткесар, бетгачопар, пахта куйишни билмидигон, хакикатчи, дангалчи булган кучли мураббий керак эмас экан.
Бизга куймижоз, мулойимсупурги, хуп булади, пахта, рахбарларбоп(кучсиз булса хам)мураббийлар керак экан.
Хозирги Жоржевич айнан УФА боп мураббийдир.
Уйлашимча у хали Узбек футболида яна узок йиллар фаолият юритиб футболимиз ривожига(рахбарлар тинчлигига)уз хиссасини кушади.
&
Ahadhon
17/08/2019 16:36
Fikringiz.100.tug'ri.