ЖЧ-2018: Бугун бўлиб ўтадиган учрашувлар билан танишинг

Россияда давом этаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Бугун мусобақанинг 10-кунги беллашувлари қаторидан учта ўйин ўрин олган.

Дастлаб бугунги баҳсларни “G” гуруҳи вакиллари бошлаб беришади. Турнирни кўтаринки руҳда бошлаган Бельгия терма жамоаси Тунис билан куч синашади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 17:00да старт олади.

Биринчи турдан сўнг бельгияликлар 3 очко билан гуруҳда етакчилик қилишмоқда. Гуруҳдаги иккинчи тур иккинчи ўйини эртага Англия ва Панама термалари ўртасида бўлиб ўтади.

Куннинг қолган иккита учрашувида эса “F” гуруҳи вакиллари иштирок этади. Илк турда амалдаги жаҳон чемпиони Германия сенсацион тарзда мағлуб қилган Мексика термаси бу сафар Жанубий Корея термасини синовдан ўтказади. Ўйин соат 20:00да старт олади.

Гуруҳнинг иккинчи баҳсида Йоахим Лёв бошчилигидаги Германия термаси Швеция билан куч синашади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:00да бошланади.

Биринчи турдан сўнг Мексика ва Швеция термалари ҳисобида 3 тадан очко мавжуд.