Ким қолади, ким кетади? Улар учун катта финаллар бошланяпти...

Ниҳоят, катта машаққат ва уринишлардан кейин Coca-Cola Суперлиганинг ҳам охири кўриниб қолди. Яна тўртта тур ва шундан сўнг, чемпионатимиз финишга етиб келади. Лекин мана шу финишгача қандай йўлни босиб ўтмадик-а?! Карантин, пандемия сабабли узундан-узун танаффуслар, футболчиларнинг ўйин амалиётисиз қолиб кетиши, ҳувиллаган стадионлардаги ўйинлар...шу тариқа, йўлга отланган карвон турли туман саргузаштлар билан манзили томон яқинлашиб келмоқда. Аммо олдинда Ўзбекистон Кубоги баҳслари ҳам бор, лекин буниси энди бошқа масала. Биз эса фақат ички чемпионатимизга эътибор қаратишни хушладик.

Кутилганидек, бу йил ҳам Шота Арвеладзе бошчилигидаги “Пахтакор” чемпионликни ҳеч кимга бермаслиги аниқ ва яна битта ғалабадан сўнг улар муддатидан аввал олтин медални расмийлаштириб қўйишади. Балки шунинг учун чемпионлик пойгасидаги кураш кўпчиликка у қадар қизиқарли туюлмаган бўлса ҳам керак. Лекин ҳар сафаргидек лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётганлар ўртасидаги кураш бир мунча қизиқарлироқ кечиши аниқ. Мана буниси ҳақида истаганча баҳс-мунозара юритиш мумкин. Бизнингча ҳам бу борадаги мавзу сиз ўқувчиларни ҳам бефарқ қолдирмаса керак, айниқса, ўша жамоа ишқибозларини.

“Бухоро”

Турнир жадвалида 12 очко билан анчадан бери охирги ўринни “ўзиники” келиб келган ҳолда ҳеч кимга бергиси келмаяпти, чоғи. Агар вазиятга жиддий қарайдиган бўлсак, Суперлигани тарк этиш учун биринчи рақамли номзод “Бухоро” мисолида кўринаётган бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, мазкур масаланинг нуқтаи назаридан келиб чиқсак, бунинг бироқ деган жойи ҳам бор-да. 22-турда “Бухоро” Тошкентда “Бунёдкор” билан баҳсда охирги сонияларда гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолди ва деярли ғалабага тенг дурангни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Балки ўша бир очко якунда клуб учун жуда катта асқотиши ҳам ҳеч гап эмас. Ўша ўйиндан сўнг, бухороликлар устози Жамшид Саидов фикр билдирар экан, жамоасини Суперлигада қолиши учун назарий жиҳатдан имкониятлари сақланиб қолганлиги ҳақида гапирди. Аслида эса мураббий бу масалада анчагина камтарликни “ёқиб” олгандек туюлди. Негаки, “Бухоро” яқин таъқибчиси “Андижон”дан сезиларли фарқ билан ортда қолаётгани йўқ, жамоаларни бор йўғи бир очко ажратиб турибди холос.

бухоро_5

Энди кейинги тўртта турга қаранг: “Бухоро” 23-турда “Қизилқум”, 24-турда Термизда “Сурхон”, 25-турда “Машъал” ва чемпионатнинг охирги турида АГМК меҳмони бўлади. Рақибларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, “Бухоро”нинг олдида ютишнинг иложиси йўқ, дейдиган тушунчадан узоқ бўлган ўйинлар кутиб турибди. “Андижон”нинг кейинги ўйинларига қарайдиган бўлсак, “Бухоро”никидан фарқли ўлароқ, рақиблар қўрқинчлироқ кўриняпти. Аммо бу тўғрисида сал кейинроқ тўхталамиз. Айтмоқчи бўлганим шуки, “Бухоро”да ҳали Суперлигада жон сақлаш учун имконият етарли ва катта эҳтимол билан ҳаммаси охирги турда ҳал бўладигандек. Бу йўлда эса “Андижон”нинг собиқ мураббийлари – Жамшид Саидов ва Александр Хомяков тандеми “Бухоро”ни қийинчиликларга қарамасдан лигада олиб қолиш учун бор маҳоратларини ишга солишаётгани ҳам ҳақиқат. Лекин молиявий томондан муаммолар кўндаланг турганида ва айниқса, ойлик маошлар борасида қарздорликлар тўпланган маҳалда бу ишни бажариш янада қийин бўлишини тасаввур қилиб кўрса бўлади. Шунга қарамай, “Бухоро”нинг ёш футболчилари майдонда матонат ва жонбозлик кўрсатишяпти, худди “Бунёдкор”га қарши ўйинда бўлгани каби. Бир сўз билан айтганда, клуб ҳали ҳеч нимани йўқотгани йўқ.

“Андижон”

Ана энди “Андижон” масаласи. Очиғи, нима дейишга ҳам ҳайронмиз. Аввало, мавсум бошидан буён жамоани бошқарган мураббийларга эътибор қаратинг: Хомяков-Кумиков-Ҳамидуллаев-кейингиси ким? Мана шундай тажрибали мутахассислар ишлаган бўлса ҳам “Андижон” нимагадир мухлисларини хурсанд қила олмаяпти. Бу билан бўлиб ўтган ишларга яна қайта тўхталмоқчи эмасмиз. Бироқ ўтган турда олти очколик баҳсда Термизда яқин таъқибчиси “Сурхон”га ютқазиб, уларни ўзидан уч очкога ўтказиб юборгани “Андижон” раҳбариятига қаттиқ таъсир қилган шекилли, ўйиндан сўнг шартта Бахтиёр Ҳамидуллаевни ишдан бўшатиб юборишди. Бу очиғи, ҳамма учун кутилмаган янгилик бўлди. Лекин таркибга қаранг? У ерда кимлар ўйнаяпти? Футболчиларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтамизки, “Андижон”да рақобат йўқ, ўйинчилар етишмовчилиги кузатиляпти. Бу эса жиддий муаммо, аслида. Мана шундай ҳолатда Андижон футболининг афсонасига айланган Ҳамидуллаев иккинчи давра бошида ҳисобида ғалабаси бўлмаган клубни қабул қилиб олишга ўзида журъат топа олганди.

Ҳолбуки, ўша пайтда янги раҳбарият бир қатор мутахассислар билан музокаралар ўтказишган, лекин ҳеч бири оғир вазиятда қолган клубни бошқаришга юраги дов бермаганди. Устига-устак трансфер ойнаси ёпилган ва янги ўйинчиларни қўшиш имконияти йўқ эди. Мана шундай паллада Бахтиёрнинг бор масъулиятни бўйнига олиб ишга киришгани катта жасорат эди. Унинг ҳисобида “Андижон” 9 та учрашувда тўрттадан дуранг ва мағлубият қайд этиб, битта ғалабага эришишди. У камтарона таркибдан нималардир қилишга уринди, жамоага ўйин сифатини олиб киришга ҳаракат қилди, гарчи бу иш қийин бўлса ҳам. Ҳар холда клуб яққол аутсайдерга айланиб қолмаганди. Наманган ва Бекободда ғалабага тенг дуранглар қайд этилди. Бундай оғир вазиятда мураббий ва жамоадан бундан ортиғини кутиб ҳам бўлмасди. Чунки вазиятга реал қараш керак. “Андижон” Суперлигада қолишни уддаласа бу худди уддалаб бўлмас вазифадек кўриниши ҳам мумкин. Бироқ “Сурхон”га қарши учрашувдан сўнг, Ҳамидуллаевнинг истеъфога чиқарилгани қанчалик тўғри? Ўзи тўртта тур қолган бўлса, энди ўзингиз ўйланг, бундай мураккаб вазиятда қолган жамоани ва рақобатсиз таркиб билан қайси мураббий ишлаб, олиб қоламан, деб айта олади? Ҳеч ким! Майли, раҳбарият қарорини эълон қилиб бўлди ва бунга ҳурмат билан қараймиз. Лекин қизиқ, энди қолган тўртта учрашувда “Андижон”га ким бош мураббийлик қилади? Узун-қулоқ гапларга қараганда, андижонлик мутахассис Искандер Галиулиннинг номзоди бор эмиш. Аммо бу ҳали тасдиқланмаган хабар. 70 ёшдан ошган мураббий ҳозирда Россиянинг “Нефтехимик” клубида тўп сураётган Вагиз Галиулиннинг дадаси.

андижон3_10

Бизнингча, клубга маҳаллий бирор-бир мураббийдан бошқаси келмаса ҳам керак. Янада қийин томони шундаки, андижонликларни охирги тўртта турда қандай рақиблар кутиб турибди? Юқорида айтганимиздек, ана энди шу масалага тўхталсак бўлаверади. Демак, “Андижон”нинг рақибларини эшитинг: 23-турда “Машъал”ни қабул қилади, 24-турда АГМК меҳмони бўлади, 25-турда “Қўқон-1912” Андижонга сафар қилса, 26-турда “Пахтакор”га қарши баҳс олиб боришади. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а, аслида Суперлигада қолиш учун имконият кимда кўпроқдек туюляпти: “Бухоро”дами ёки “Андижон”да?! Бу билан андижонликлар лигадан тушиб кетиш учун асосий номзод демоқчи эмасмиз, номзодлардан бири бўлиб турибди. Фақат гап шундаки, футболчиларнинг руҳий ҳолатига ҳам кўп нарса боғлиқ. Барибир тан олайлик, “Бухоро”никига қараганда, “Андижон”нинг рақиблари бир мунча мураккаброқ. Ҳамидуллаев сайтимизга берган интервьюсида тўртта рақиб орасида “Машъал”ни ютса Суперлигада қолиши мумкинлигини айтди. Балки шундай бўлиши ҳам мумкин, бироқ буларнинг барчаси ҳозирча ўй-хаёллару, тахминлардан бошқа нарса эмас. Ҳаммаси майдонда ҳал бўлади. Клуб раҳбарияти эса дастлаб янги бош мураббий масаласини ҳал этмоғи керак. Барибир жамоа Ҳамидуллаевнинг ўйин фалсафасига энди киришаётганида янги келадиган мураббий тўртта ўйинда қандай қилиб футболчиларни ўзининг услубига мослаштира оларкин? Аслида-ку, энди бунга вақт ҳам қолмаган. Шунчаки, натижа учун, Андижон ҳалқи учун ўйнаб нимадир қилиш мумкин, лекин осон бўлмаслиги аниқ.

“Сурхон”

“Бухоро” ва “Андижон”дан фарқли ўлароқ, “Сурхон” жамоаси ўзини бироз енгил ҳис қилаётгандир. Барибир 22-турда “Андижон” устидан қозонилган ғалаба якунда кўп масалага ойдинлик киритиши кутиляпти. Айнан ўша ғалабадан сўнг термизликлар 16 очко билан “Андижон”дан уч очкога ўтиб кетди. Кейинги турларда “Сурхон”ни Наманганда “Навбаҳор”, ўзида “Бухоро”, меҳмонда “Металлург” ва яна ўз уйида “Сўғдиёна”га қарши ўйинлар кутмоқда. Ёмон эмас-а, ҳар ҳолда совринли ўринлар учун курашаётган клубларга қарши тўқнаш келишмайди. Балки термизликлар энди катта эҳтимол билан Суперлигада жон сақлаб қолиш вазифасини уддалай олгандир.

сурхон_1

Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам олдиндан аниқ бир ташхис қўйиш қийин. Айниқса, лигада қолиш учун курашаётган клублар ҳақида гап борар экан, бундай вазиятда улар иштирокидаги беллашувларда ҳар нарса содир бўлиши мумкин.

Яна бир гап: Суперлигамизда 14-ўрин эгаси про-лигага равона бўлса, 13-поғонани банд этган клуб про-лигада иккинчи бўлган жамоа билан плей-оффда қатнашади. Хуллас, сарлавҳадаги гап: ким қолади, ким кетади? Улар учун катта финаллар бошланяпти! Ростдан ҳам шундай, Суперлигада қолиш учун курашаётган клублар учун охирги тўртта учрашув ҳаёт-мамот масаласи каби ўта жиддий. Бу борада жамоаларга омад тилаймиз, аммо, барибир кимдир кетади, қизиқ у қайси жамоа бўларкин-а?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
04/11/2020 09:55
Бухоро ва Андижон пролига якин эканда СУРХОН имкон купрок эканда 4 тур кизик булади, совринли уринлар хам кизик