Клубларимизга ажратилган бюджет ОЧЛда муваффақият қозониш учун етарлими? - Мутахассисдан жавоб
Қатарда фаолият юритаётган ва ЖЧ-2022 ташкилий қўмита аъзоси Алишер Никимбаев интервьюларининг бирида ўзбек футболидаги энг яхши даврнинг охири 2011 йил, деб айтганди. Чиндан ҳам ўша йили миллий терма жамоа кучли, ички лигамизда рақобат юқори эди. Мутахассис шу давринг тугаши нима билан боғлиқлигини айтди.
- Ўзбек футболидаги энг яхши даврнинг охири 2011 йилда тугади. Бу даврнинг тагуши нима билан боғлиқ?
- 2010 йили “Пахтакор” ва “Бунёдкор” клуби раҳбарларининг фаолиятида ўзгаришлар бўлди, клубларда инқирозлар бошланди, жамоаларда пасайиш кузатилди. Шундан кейин кучли футболчиларимиз хорижга йўл олди, Ривалдо ва Луис Фелипе Сколари кетди. Футболимизнинг савияси пастга туша бошлади. Лекин 2012 йили “Бунёдкор” юлдузларсиз Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига етиб борганди. Кейин ортга қараб кетди.
- “Бунёдкор”нинг 2012 йили легионерларсиз ОЧЛ ярим финалига борганидан келиб чиқиб, пул футболда катта рол ўйнамайди, дейиш мумкинми?
- Қанчадир миқдорда пул керак, лекин пулсиз ҳам натижага эришиш мумкин. Нафақат Ўзбекисттонда, балки хорижда ҳам. Буни “Лестер” мисолида кўрганмиз. Чунки биринчи навбатда мураббий савияси ва футболчиларнинг иштиёқи. Биз нега 2011 йилги Осиё Кубогида ярим финалгача борганмиз? Сабаби футболчиларнинг иштиёқи катта эди. 2010 йили футболимизда бошланган можаро, “Пахтакор” ва “Бунёдкор”даги вазият футболчиларга ўзини кўрсатиши учун қўшимча мотивация берган. Ўша пайт мен федерацияда ишлаганман, терма жамоа билан эмаску, лекин кўрганларимдан хулоса чиқарганман. Қатар-2011дан кейин футболчилар легионерга айланди.
- Ҳозирги кунда ўша пайтдаги катта пуллар йўқ. Яна шундай давр келиши учун нималарга эътибор қаратиш керак?
- Балки фақатгина пул керакмасдир. Фақат бор маблағни тўғри сарфлаш бу - муаммо. Пул осмондан тушмайди. Масалан, Шота Арвеладзе пайтидаги “Пахтакор”да бир миллин евролик футболчи бор эди. Анча олдин Маркович, Миладинович ўйнаган пайтларда бундай суммадаги футболчилар йўқ эди. Аймоқчиманки, баъзи пайтларда пул эмас, уни қандай сарфлаш муҳим. Бунинг ечимини топсак муаммони ҳал қилган бўламиз. Шундан кейин пулсиз катта ўсишга эришамиз.
- Клубларимизга ажратилган бюджет ОЧЛда муваффақият қозониш учун етарлими?
- Ҳа етарли. Мураббийлар ва футболчилар савияси. ОЧЛда катта бюджетсиз ҳам бемалол ўйнаса бўлади. Тўғри, БААнинг “Ал-Жазира”, “Ал-Аҳли”, “Ал-Айн” клубларида баъзи пайтлар смета 100 миллион долларгача борган. Бизда бунақаси бўлмаган. Яқин йилларда шунақа бюджет бўлишига ишонмайман. Ҳамма клубларимизни қўшсак шунча чиқса керак. Лекин ўша пайт “Пахтакор” пули йўқлигида ҳам “Ал-Жазира”ни уйда ва сафарда ютган. Демак, ютса, ўйнаса бўлади. Қопдаги пуллар футбол ўйнамайдику.
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар