"Кореяда футболчи эканимни ҳис қилдим" ёхуд "Сеул" нега ёрдам бермагани, "Локо" қайтармоқчи бўлгани ва янги клуби ҳақида Алибоев ҳақиқатларни айтди

Иқтидорли легионерларимиздан бири Икром Алибоев жароҳатга учрагач, анча вақтга сафдан чиқишга мажбур бўлганини яхши билсангиз керак.

Маълумки, у 2018 йилнинг охирида “Сеул” клуби билан шартнома имзолаган бўлиб, бунга қадар Алибоевнинг ушбу клубдаги фаолияти яхши кечаётганди. Лекин яқинда у клубини ўзгартирди. Бунга сабаб жароҳат!

Эндиликда Икром Жанубий Корея "К2" лигасида “Даэжэон Хана” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Аммо ҳали легионеримиз жароҳатини даволатмоқда. Ўтган вақт давомида Икром Алибоевнинг “Сеул”даги фаолияти, жароҳати ва янги клубга кўчиб ўтгани юзасидан батафсил мулоқот қилишни режалаштириб қўйгандик. Куни кеча легионеримиз sports.uz мухбирининг таклифига розилик билдирди.

Аввало, айтиш жоизки, у “Сеул”да икки йил давомида тўп сурди. Юқорида айтганимиздек, эндиликда жамоасини ўзгартирди. футболчи жамоадан кетишига асосий сабаб нима бўлганини ҳамда у ердан ўзи учун нималар ўргангани хусусида гапирди.  

- “Сеул” клубидан кетишимга асосий сабаб жароҳатим бўлди. Ўтган йилнинг иккинчи қисмини умуман футболсиз ўтказдим. Тўғрисини айтсам, ҳозиргача шу жароҳатимни тиклаш билан машғулман. Икки йил давомида “Сеул”да тўп суриб нима ўргандим? Айтишим мумкинки, жуда кўп нарсаларни. Айниқса, футболчи учун нималар яратилиши кераклиги ҳақида ўргандим. Ўзбекистоннинг 90 фоиз клубларида бундай нарса яратилмаган. Яширмайман, Кореяга келгач, қайсидир маънода футболчи эканимни ҳис қилдим. Яна шуни ҳам тушуниб етдимки, футболчи иложи борича ҳеч қачон жароҳат олмаслиги керак экан, айниқса, легионер учун. Хорижда ўйнаётган ҳолда жароҳатга йўлиқсангиз, жамоангизга керак бўлмай қолар экансиз. Бу ерда легионерлар учун тўртта лимит бор. Аммо касал футболчини исташмайди. Тўғри, жароҳатлардан ҳеч ким суғурталанмаган. Хуллас, легионер сифатида жароҳат олмасликка, кучли бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Шуларни ўргандим. Қолаверса, хорижда тўп суряпсизми, унда албатта жисмоний ҳолатимизни ҳам яхшилашимиз керак экан. Айнан жисмоний жиҳатдан ҳам ўз устимда ишладим. Балки кўринишим бўйича ўсмагандирман, лекин ўйин ва жисмоний тарафдан ўсдим. Кореяга келганимдан кейин кўпроқ югуришни бошладим, - дея фикр билдирди, футболчи.

алибоев_1

Маълумки, Икром яқинда олган жароҳатини Германияга бориб операция қилдириб келди. Аммо унинг сафарга бориб-келиш, операция ва меҳмонхона харажатлари ўз ҳисобидан қоплангани маълум бўлди. Бу борада “Сеул” клуби нега ёрдам қўлини чўзмади? Алибоев қуйидаги ҳақиқатларни айтди:

- Ҳа, бу айни ҳақиқат. Германияга барча харажатлар ўз ёнимдан бўлди. Самолёт чиптаси, меҳмонхонада истиқомат қилиш, операцичга харажат, умуман барчаси ўз ҳисобимдан кетди. Бу масалада “Сеул” менга мутлақо ёрдам бермади. Сабаби шундаки, “Сеул” клубидагилар менга, бундай операцияни Кореяда ҳам қилса бўлади, шунинг учун сенинг Германияга боришингга ёрдам бера олмаймиз, деб айтишди. Аммо мендаги каби операцияни Кореяда қилдирган футболчилар бор экан ва ўшалар билан фикр алмашганимда тўғридан-тўғри Германияга боравер, биз гарчи ўзимизда операция қилдирган бўлсак-да, барибир Германияга боришимизга тўғри келганди, дейишди. Шундан кейин вақт йўқотмаслик учун Германияни танладим. “Сеул” жамоасига ҳеч бўлмаса, меҳмонхона харажатларини кўтаринглар, десам ёрдам бермади. Балки улар менинг клубдан кетишимни хоҳлаб шундай қилишгандир, бу ўзларига ҳавола.

алибоев4_1

Аслида “Сеул” клубининг ҳамюртимизга нисбатан муносабати ўзгариб қолганмиди? Ҳарқалай футболчимизнинг бу жамоага кўп меҳнати сингганди.

- “Сеул”да профессионаллар ишлайди. Нима гаплар бўлса, агентга айтилган. Менга нисбатан клуб, шифокор, маъмур, футболчилар ёки раҳбарият ўзгариб қолган, деган гаплар асоссиз. Ҳаммаси жойида ва профессионалларча ҳал қилинган. Ҳаётда бу клубдагилар менга нисбатан ўзгариб қолишмаган, - деб жавоб берди ҳамюртимиз.

Шундай қилиб, Алибоев “К1”дан “К2” лигасига ўтди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ўйинчи “Даэжэон Хана”га кўчиб ўтиши қандай юз бергани тўғрисида ҳам тўхталди.

- “Даэжэон Хана” клубига қўшилганимга бир ойча бўляпти. Бу клубни танлашимни боиси, тўғрисини айтаман, бошқа вариантим йўқ эди. Ярим йил футболсиз қолган ҳамда операциядан кейин даволанаётган ўйинчига етарлича талаб бўлмайди. Бу ҳеч кимга керак эмас. Ўзбекистонга қайтиб боришим учун эса йўллар ёпилганди. “Заявка” қилиш муддати тугаганди ва Суперлигамизга қайта олмасдим. Кореяда ҳам барча клубларда лимит тўлиб бўлганди. Биргина мана шу клубда легионерлар лимитида осиёлик ўйинчи учун битта бўш жойи қолганди. Улар яқинда осиёлик ўйинчиси билан хайрлашган. Кореядаги агентни ушбу жамоа билан муносабати бор экан. Бу вазиятда “Сеул” ҳам нотўғри иш қилди. Чунки карантиндан чиқишимни кутишди, “заявка” муддати тугашига 10 кун қолганди. Клубдагилар менга сен билан хайрлашмоқчимиз, хоҳласанг “Сеул”да қолиб, ойлик маошларингни олиб юришинг мумкин, шартноманг бор, аммо ўйнамайсан, сени “заявка” қилмаганмиз, дейишди. Натижада, у ердан кетишга мажбур бўлдим. Оқибатда, олдимда турган биттаю-битта вариантни танладим. Янги жамоам мени шу ҳолатимда ҳам олгани учун энди яхшилаб тикланиб олгач, “Даэжэон”нинг кучлилар орасига чиқишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

алибоев1

Ўзбекистондан ўзимнинг қадрдон клубим – “Локомотив” мени яна қайтармоқчи эди. Фақат трансфер ойнаси ёпилгани учун қайта олмасдим. Бошқа давлатлардан таклифлар бўлмади. Яна қайтараман, жароҳатланган футболчини анча-мунча клуб таклиф қилиши қийин, айниқса, легионер ўйинчини.

Футболчимиз янги жамоаси сафида 6-рақам остида тўп суриши маълум бўлди. Уни “Сеул”да асосан 9-рақамда кўрардик. Янги клубида эса бундай эмас.

- 6-рақам бўшлиги учун шуни танлай қолдим. Бунгача “Локомотив”да ҳам, “Сеул”да ҳам 9-рақамда ўйнаб келардим. Лекин янги жамоамда бу рақам банд қилинган экан. Бошқа легионер ўйнаётгани маълум бўлди. Қарасам, 6-рақам бўшлиги учун шуни танладим. Буни ҳеч нима билан боғлай олмайман. Рақам футболчини эмас, балки футболчи рақамни кўтаради. 6-рақамни “Даэжэон Хана”да кўтаришга ҳаракат қиламан, - дея тушунтириш берди Икром.

Яқинда миллий терма жамоамиз Наманганда Ганани ютди, Тошкентда Ироққа ютқазди. Шундан сўнг, танқидлар кўпайди. Қолаверса, Алибоевнинг йўқлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди, деган гаплар ҳам бўлди. Легионеримиз терма жамоа мавзусида шундай деди:

- Албатта, мағлубиятга учраш ҳар доим ёқимсиз. Айниқса, терма жамоа ютқазса танқидлар ортади, бу табиий ҳол. Лекин Ироқ термасини кучсиз жамоалар қаторига киритмаган бўлардим. Кўпчилик у ерда вазият нотинч, термаси кучсиз деб ўйлайди. Таркибига қарасак, кўплаб футболчилари легионер бўлиб тўп суришади. Терма жамоанинг йиғинлари Германия, Швейцария каби мамлакатларда ўтказилади. Ироқда вазият нотинч бўлса ҳам футболга эътибор кучли. Тўғри, бу билан Ироққа ютқазганимизни оқламоқчи эмасман. Лекин танқидлар керагидан ортиқ деб ўйлайман. Бу ўртоқлик ўйини, расмий учрашувларда терма жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани бажаради, Худо хоҳласа.

Менинг йўқлигим билиндими? Бундай гапларга қўшила олмайман. Футбол – бу жамоавий ўйин. Биргина футболчи билан терма жамоа кучайиб кетмайди, албатта у Месси ёки Роналду бўлмаса. Мендан ташқари Одил Аҳмедов, Азиз Ғаниев ва яна бир қанча яхши ўйинчиларимиз ҳам терма жамоамизга ёрдам бера олишмади. Биргина менинг йўқлигим билинди, дейилгани нотўғри.

алибоев2_1

Алибоев Кореяда ўзига яраша ҳурматга эга футболчи. Бунга у ўз меҳнати орқали эришиб келяпти. Шунга яраша унинг дўстлари ҳам ортиб боряпти. Қизиқ, Икромнинг “К2”га кўчиб ўтганини яқинлари ва дўстлари қандай қабул қилишди?

- Кореяда жуда кўп футболчи дўстлар орттирдим. Ўзбекистонлик футболчилар ҳам шу ерда, улар билан доим гаплашиб тураман. Шунингдек, Кореяда бизнес билан шуғулланадиган бир қанча юртдошларимиз ҳам бор. Улар билан ҳам дўстлашдим. Янги клубга ўтганим билан ҳаммаси табриклашди. Чунки ҳолатимни ва қанчалик қийин бўлганини билишарди. Кимнидир биринчи бўлиб табриклади ёки мана буниси энг яқин дўстим деб айта олмайман, ҳаммаси билан илиқ муносабатдаман, - деди легионер.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!